Регистрация    Войти
Авторизация

РАҚС – САНЪАТНИНГ БИР БЎЛАГИ, ЛЕКИН...

Категория: Мақолалар

Ҳар бир вилоят, ҳаттоки туманларнинг тўйлари ўзига яраша урф-одатлар билан ўтади. Наманганда тўй маросимлари етти кун давом этиб, унда меҳмонлар ҳолдан тойгунча ўйнаб-кулишса, Бухорода келиннинг якка ўзи давра тўрида ўтиради. Жиззах тўйлари ҳақида гап кетганда, ҳамма унинг ўзига хос жиҳати – турнақатор эркакларнинг раққосага пул қистиришини тилга олар экан. Бугун мана шу одатга маънавий кўзгу орқали сер соламиз.

Ушбу мавзуни матбуотда кенг муҳокама қилиш таклифи билан чиққан ЎзХДП Фориш туман кенгаши ташаббуси билан туман жамоатчилик вакиллари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Эслатиб ўтамиз, маънавиятимизда оғриқли нуқта бўлиб қолаётган ушбу муаммо фақатгина Фориш эмас, бутун вилоятимиз миқёсида кузатилмоқда.

Илҳом Юлимов, ЎзХДП Фориш туман кенгаши раиси: - Шу йилнинг март ойида "Жиззах ҳақиқати” газетасида туманимизда дафн маросимларида ортиқча урф-одатлар ва сарф-харажатларни камайтиришга бағишланган "Азадорга ёрдам қилайлик” сарлавҳали мақола чоп этилган эди. Мақола туман аҳолиси томонидан ижобий кутиб олинди, ундаги фикрлар қўллаб-қувватланди. Имом-хатиблар томонидан дафн маросимларини ислом аҳкомлари қоидаси бўйича ўтказиш тўғрисидаги тушунтириш-тарғибот ишлари ҳам ўз натижасини берди. Эндиликда дафн маросимларини ихчам, тартибли ва шаръий асосларда ўтказишга эришилмоқда. Жума кунлари кўнгил сўраб келувчиларни кутиш, мато алмашиш каби одатлар ўз-ўзидан барҳам топди, маросимлар камчиқим, тартибли ўтказилмоқда. Демак, матбуот ва кенг жамоатчилик назоратидан унумли фойдаланган ҳолда жамиятнинг моддий ва маънан юксалишига тўғаноқ бўлаётган иллатларга ўз муносабатимизни билдиришда давом этишимиз керак. Бугун тўй маросимларида учраётган камчиликлар орасида аёллик шаънини топташгача олиб бораётган хунук ҳолат – тўйларда раққосалар хизматидан фойдаланиш мавзусини муҳокама этсак. Ўйлаймизки, бу ижтимоий-маънавий муаммо кенг жамотчиликнинг фаоллиги билан барҳам топади.

Олтинбек Нишонов, туман ҳокимлигининг ёшлар сиёсати, маънавий ва маърифий ишлар бўлими бош мутахассиси: - Ўтган Рамазон ойида туманимизда ифторликларни камтарона ўтказиш, ушбу тадбирга рўзадорларнигина таклиф қилиш, шунингдек, кам таъминланган, етим-есирларнинг бошини силаш каби хайрли амаллар кенг тарғиб қилинди. Мана, яна тўйлар мавсуми бошланди. Раққосаларнинг ҳеч бири ўз туманидан етишиб чиқиб, ўша ерда рақсга тушмайди. Ҳаммалари Ўзбекистоннинг турли бурчакларидан келиб, мавсумий иш сифатида тўйларда хизмат қиладиган хотин-қизлар. Аввало эгнидаги либосига қараб кўзингни қаерга олиб қочишни билмайсан, рақс санъатидан бир соат ҳам дарс олмагани аниқ. Тўй яримлаб, охирлаган пайтлари раққосалар билан содир бўладиган кўплаб нохуш ҳолатларга гувоҳ бўлганмиз. Афсуски, улар ҳам кимнингдир қизи, опаси ё синглиси. Аёл зотини бундай хорлагунча раққосалар хизматидан воз кечиб қўйсак бўлмайдими?

Ҳамрохон Эшонқулов, Ўзбекистон мусулмонлар идораси туман вакиллиги бош имом-хатиби: - Бугунги кунда туманимизда ношаръий никоҳларнинг камайганидан хурсанд бўлиш керак. Бундан биринчи мақсад норасмий имомлар фаолиятига чек қўйишдир. Қўшхотинлилик, болаларнинг етим бўлишига йўл очаётган бундай домлалар ишини чеклаш учун давлат рўйхатидан ўтиб, қонуний фаолият юритаётган имом-хатиблар рўйхати шакллантирилди. Бугунги кунда аҳоли ўртасида нафақат диний ва тўй маросимларини тартибга олиш, балки барча масалаларда кенг жамоатчилик қаторида тушунтириш-тарғибот ишлари мана шу имом-хатиблар билимига таянган ҳолда олиб борилмоқда. Норасмий домлаларнинг фаолияти белгиланган тартибда жаримага тортилаяпти.

Кўплаб иллатлар, муаммолар сабабчиси бўлган ичкиликбозликка қарши кураш ҳақида кўп гапирамизу, тўйларда ароқ бамисоли дарё бўлиб оқмаса ҳисобмас. Муборак ҳадиси шарифларда ҳам айтиладики, дили ва тили бир бўлмаган одам мунофиқдир. Мунофиқлик эса иймонсизлик белгиси. Демак, ёш авлодга ароқнинг зарари ҳақида нечоғли ваъз ўқимайлик, агар тўйларда турли тартибсизлик, харажатларга сабаб бўлаётган ичкилик тортишни тартибга олмас эканмиз, маст эркакларнинг раққосаларга суйкалиши, бунга гувоҳ бўлган турмуш ўртоғи ва болалари, таниш-билишларнинг таънасидан қутулмаймиз. Бу каби тўйларни тартибли ўтказишга оид масалалар жума намози хутбаларида ҳам кенг панд-насиҳат қилинмоқда.

Йўлдош Кенгашев, "Маҳалла” жамоат фонди туман бўлими раиси: - Албатта, бу масаланинг ижобий ечим топиши бевосита ўзини ўзи бошқариш идораларининг назоратига боғлиқ. Бу борада МФЙ раислари, маҳалла маслаҳатчилари учун "Маҳалла” хайрия жамғармаси республика бошқаруви томонидан тавсия тарзида ишлаб чиқилган қўлланма асқотмоқда. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг "Тўй, маросим ва маъракаларни меъёрида ўтказиш ҳақида”ги фатвоси ва "Маҳаллаларда тўй-ҳашам ва маросимларини ўтказиш ҳамда унда дабдабабозлик, исрофгарчиликка йўл қўймаслик юзасидан фуқаролар йиғинлари фаолияти учун Йўриқнома” талабларини тўлалигича амалга ошириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, туманимизда кичик тўйлар қисқарди, ўтадиган тўй-маъракалардан МФЙ аъзолари хабардор қилиниб, маҳалла рухсатисиз 100 кишини тўпламаслик лозимлиги тушунтирилмоқда. Умумий тартиб-қоидаларга бўйсунмайдиган фуқароларга ҳам жамоатчилик назорати билан таъсир кўрсатиш мумкин. Шунга эришиш керакки, МФЙ идораси ўз ҳудудида тўла таъсир кучига эга бўлсин.

Баҳодир Ҳайдаров, хонанда: - Раққосалар фаолиятини тартибга солиш ҳақида гапиришдан олдин тўйларни тартибга олсак ўринли бўларди. Дабдабабозлик, кимўзар майдонига айланди тўйлар. Раққоса аслида санъатнинг бир бўлаги, санъаткорнинг қаноти. Аммо улардан фақат рақс эмас, бошқа нарсалар ҳам талаб қилинаяпти. Раққоса пул йиғиш қутисига ўхшайди. Афсуски, шу боис у хонандани, санъаткорни тиланчига айлантириб қўйди. Санъаткор тўйга шартнома билан борсин, тўй эгаси шунча пул сарфлаб, ўтказаётган тўйига санъаткор учун ҳам харажат бандини киритсин. Шунда бемаза раққосалар хизматига ҳожат қолмайди. Аслида ўзини ҳурмат қилган раққосалар давра марказида ёки хонанданинг олдидагина рақсга тушиши керак. Аммо тўйларимизнинг бошланиш қисмида раққоса узун этагини ҳимариб, иккита сокин қўшиққа майин рақс тушади-да, кейинги қўшиқларда шайтоннамо рақсларини, қилиқларини бошлайди. Тўй қизиган сари давра бурчакларига, фақат эркаклар олдига бориб, муқом қилади. Унга шундоқ ҳам "поездча” бўлиб пул қистиришади, ундан ташқари якка ҳолда ҳар бир эркак меҳмондан пул йиғиб чиқишга интилишади. Бу жараёнда ароқ ичиш ва бошқа таклифларга бош эгишга мажбур. Айрим раққосалар кафтига қалин қилиб телефон рақамини ёзиб олишади. Тўйда бундай ҳолатларни кўриб улғаяётган ёш авлод биз катталардан нимани ўрганади? Раққоса тўйда нима учун хизмат қилади аслида? Уларнинг хизмати керакми? Буни хонандаларнинг раққоса излаб берадиган саволларидан ҳам билиш мумкин: "Ёшми, қарими? Чиройлими, хунукми?”. Ҳеч қайси отарчи "Яхши рақс тушадими, санъатдан хабари борми?” деб сўрамайди.

Тўй аввало қариндош-уруғ, ёр-биродарларнинг ўйнаб-кулиб кетадиган тадбири. Рақс тушадиган мард истаганча топилади. Агар раққоса хизматига эҳтиёж сезилса, яхшиси шоу-балет гуруҳларига буюртма берган маъқул. Тўй ҳам тартибли, ҳам чиройли ўтарди шунда.

Нормамат Ҳазратов, меҳнат фахрийси: - Бу масала бир-икки одамнинг фикри билан ҳал бўлмайди. Барча жамаот ташкилотлари ва ички ишлар, солиқ идоралари бир мушт бўлиб тугилсагина, самара бўлиши мумкин. Аслида бугун одамлар ҳаётга енгил қарашга ўрганишди. Ўтган асрнинг 60-йилларида сойдан сув ташиб ичардик, одамлар ҳашар йўли билан водопровод қургани эсимда. Ҳозир уйда ҳамма қулайликлар бор. Аммо тоқат, ҳафсала, мияни ишлатишга вақт йўқ.

Аёллар юзидан шарм-ҳаё бироз кўтарилгандек. Уларнинг мол бозорда ҳам, тахта бозорда юришларига ҳам кўникдик. Тирикчилик, дедик. Аммо раққосаларга муносабат тубдан ўзгарди. "Маҳаллада дув-дув гап” фильмида Мукаррама Турғунбоева созандалар олдида рақсга тушган лавҳа бор. Ҳозирчи? Ҳар бир эркакнинг олдига бориб қийшанглаган раққоса ё арзимаган пул олади ё сўкиш эшитади. Кўпчилигининг санъатдан бехабарлигини айтдик, аммо аксарининг тақдири ҳам ўхшаш. Кўпроқ ҳаётда адашган, енгил пул топиш йўлига ўтган хотин-қизлар "раққоса”ликни даъво қилишмоқда.

Кўҳнабозор қишлоғида тўй-маъракаларни тартибли ўтказишда яхши тажриба бор: маҳалланинг ёш йигитлари ҳар бир тўй тадбирида меҳмонларга хизмат кўрсатиш бўйича тарбиялаб борилади. Бу қишлоққа бориб қолсангиз, тартибли ва шовқин-суронсиз тўйларидан кўнглингиз яйрайди. Бундан кўпчилик тўйхона эгалари ибрат олса арзийди. Айрим тўйхоналар яқинида яшовчи аҳоли 24:00гача ҳам ухлолмай қийналади.

Давра суҳбати давомида тўйларни ўтказиш билан боғлиқ мавжуд қонунчилик меъёрларини ҳаётга жорий этишга эришиш учун кенг жамоатчилик назоратини йўлга қўйишга келишиб олинди. Шунингдек, ЎзХДП Фориш туман кенгаши томонидан халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги сессиясига олиб чиқилиши режалаштирилган тўй-маъракаларни тартибли ва ихчам ўтказишда туман фаоллари ва жамоатчилик ташкилотларининг ролини ошириш масаласи ҳам кенг муҳокама этилди.

 

Муқаддас САПАРОВА ёзиб олди.

скачать dle 10.6фильмы бесплатно
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.