Регистрация    Войти
Авторизация

Мангуликка дахлдор сиймо

Категория: Янгиликлар
 

Жиззах заминида яна шодиёна. Одамларнинг юз-кўзларида, ўзаро суҳбатларида элимиз суйган, жиззахликлар фахрланиб, ҳамюртимиз деб тилга оладиган инсоннинг руҳи шод бўлаётгани, тарихий ҳақиқатнинг қарор топаётганидан мамнунлик балқимоқда. Мустамлака давлатчилик шароитида ҳам Ўзбекистонни моҳирлик билан бошқариб, республикани иқтисодий-маданий жиҳатдан юқори ўринларга олиб чиқа олган давлат арбоби, эрксевар ижодкор Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган республика миқёсидаги биринчи анжуман унинг ўзи туғилган ва ҳозирда номи берилган туманда иш бошлади.

Даставвал Шароф Рашидов тумани ҳокимияти олдидаги хиёбонда бу улуғ инсоннинг бюсти очилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўт-ди. Унда вилоят ҳокими Улуғбек Узаков сўзга чиқиб, Шароф Рашидовнинг Ўзбекистон тарихидаги ўрни, унинг Ватанимиз ва халқимиз манфаатлари йўлидаги бемисл хизматлари ҳеч қачон унутилмаслигини таъкидлади. Шундан сўнг вилоят ҳокими У.Узаков ва Шароф Рашидовнинг тўнғич фарзанди, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Полимерлар кимёси ва физикаси институти директори, академик Сайёра Рашидова республика илмий ва адабий жамоатчилиги вакиллари иштирокида Шароф Рашидовнинг бюстини очдилар.

Бюст очилиши тантанасидан сўнг туман ҳокимлигининг мажлислар залида "Халқимизнинг оташқалб фарзанди" номли маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ЖДПИ доценти Дилором Хожиметова, Ўзбекистон Қаҳрамони Марат Зокиров, "Эрк истар кўнгил" китобининг муаллифи, ЎзРФА тарих институти илмий ходими Шуҳрат Эргашев, "Нуроний" жамғармаси вилоят бўлими раҳбари Норқул Нушаров ва бошқалар сўзга чиқишди. Маърузаларда Шароф Рашидов билан учрашувлардан хотиралар, унинг амалга оширган бунёдкорлик ишлари ёдга олинди. Ёшлар ижросидаги куй-қўшиқ ва рақслар тадбирга ўзгача файз бағишлади.

— Мен Шароф Рашидов билан Марказқўмда тўрт йил бирга ишлаш бахтига мушарраф бўлганман,— дейди тадбир меҳмони Саидакбар Ризаев. —У ишга қабул қилинаётган ҳар бир ходим билан шахсан суҳбатлашар, раҳбар мансаб эгаси эмас, аввало ватанпарвар, инсонпарвар бўлиши лозимлигини уқтирарди. Мен у киши билан илк суҳбатдаёқ нечоғли буюк, ақл-заковатда тенгсиз, маънавий бой, самимий инсон билан юзма-юз турганимни ҳис қилганман. Унинг ҳар йиғилишлари катта тарбия дарси бўлар эди. У архитектор билан архитектор, қурувчи билан қурувчи, деҳқон билан деҳқон бўлиб суҳбатлаша олар эди. Бу юксак билим ва ақл соҳиби бўлишидан ташқари ватанига муҳаббати ўта кучлилиги маҳсули эди. Биргина Тошкент метрополитени қурилиши учун собиқ шўро раҳбарларига 18 марта қайта-қайта мурожаат қилганига гувоҳман. 1966 йилги Тошкент зилзиласи чоғида Леонид Брежневни шаҳар қандай аҳволда эканлигини кўриши учун шахсан келишига эришган, пойтахт кўринишини бутунлай янгилаш, қайта тиклаш мақсадида зилзиладан унча зарар кўрмаган биноларни ҳам буздириб ташлашга буйруқ берган эди. Натижада Тошкент шаҳри ҳар жиҳатдан обод ва гўзал манзилга айланиб, "Шарқ машъали" деган номга сазовор бўлди.

Мен бу инсон ҳақидаги тарихий фактларни тўплаб, 1992 йилда "Шароф Рашидов. Штрихи к портрету" номли эсдаликлар китобини 10 минг нусхада чоп эттирдим. Китоб қўлма-қўл бўлиб кетди. Мана, орадан 25 йил ўтиб, бу китобим биронта ҳарфи ҳам ўзгармаган ҳолда қайтадан чоп этилди. Авлодларимиз юртимиз мустақиллигига замин тайёрлаган бу улуғ инсон фаолиятидан намуна олиб, ундан фахрланишлари керак.

Куннинг иккинчи ярмида Жиззах политехника институтида "Ўзбекистон тарихи ва Шароф Рашидов" мавзусида республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди. Унда республика маънавият-тарғибот маркази директори Гулчеҳра Маткаримова, Ўзбекистон тарихи Давлат музейи директори Жаннат Исмоилова, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти илмий ходими Шуҳрат Эргашев, фалсафа фанлари доктори, профессор Сайёра Тўйчиева ҳамда "Халқ сўзи" газетаси бош муҳаррири ўринбосари Шуҳрат Жабборовлар иштирок этишди. Маърузаларда Ўзбекистонга Шароф Рашидов раҳбарлик қилган йилларда эришилган ютуқлар — қўриқ ерларнинг ўзлаштирилиши, сув омборлари қурилиши, аҳолини табиий газ ва электр энергияси билан таъминлаш, маданият, адабиёт, илм-фан, иқтисодиёт соҳасидаги муваффақиятлар ҳамда унинг ўзбек адабиётига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида сўз айтилди. Анжуманда таъкидландики, Ш.Рашидов таваллудининг 100 йиллиги юбилейи олдидан республика миқёсидаги тадбир йил давомида бўлиб ўтадиган — Шароф Рашидов ёдгорлик мажмуаси ва мемориал уй-музейи очилиши, сайланма ва хотира китоблари чоп этилиши, саҳна-лаштириладиган асарлари тақдимоти, фотокўргазма, шунингдек, давра суҳбатлари ва унинг фаолиятига бағишланган иншолар танловларига йўл очади.

Муқаддас САПАРОВА.

Б.ҚУДРАТОВ олган сурат.


скачать dle 10.6фильмы бесплатно
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.