Регистрация    Войти
Авторизация

БИТИРУВЧИЛАРГА ОҚ ЙЎЛ!

Категория: Янгиликлар
 

Жиззах политехника институтининг анжуманлар зали юз-кўзида ҳаяжон ва қувонч балқиб турган йигит-қизлар, уларнинг оила аъзолари ва ўқитувчилар билан гавжум. Олий таълим даргоҳи 2017 йилги битирувчилари - бакалавр ва магистр кадрларни катта ҳаёт сари йўлламоқда. Бу йил 998 нафар бакалавр, 18 нафар магистр халқ хўжалигининг турли тармоқларида фаолият кўрсатиш учун мустақил ҳаётга қадам қўймоқдалар.

Тантанали маросимни институтнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Нормурод Алимов кириш сўзи билан очиб, 21 та таълим йўналишини тамомлаётган битирувчиларга оқ йўл тилади. Институт ректори Алишер Усмонқулов ҳам яқиндагина Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи сафига жипслашган ёшларни юртимиз равнақи учун бор билим ва иқтидорини ишга солиб, меҳнат қилишга чорлади. Тадбирда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Жиззах вилоят кенгаши раиси Азиз Эгамбердиев иштирок этди.

- Автомобиль ва автомобиль хўжалиги йўналишини тамомладим, - дейди магистратура битирувчиси Жамшид Тоғаев. – Бакалавриатни ҳам шу институтда ўқидим. Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманиданман. Эндиликда Қарши муҳандислик иқтисодиёт институтида йўлланма асосида меҳнат фаолиятимни бошлайман. Таҳсил давомида кўплаб илмий-ижодий ютуқларга эришдим, турли халқаро конференцияларда илмий мақола ва тезисларим билан қатнашдим. "Ер усти транспорт воситаларининг тизимлари, конструктив хусусиятлари” мавзусидаги магистрлик диссертациямни ёзиш жараёнида "Жиззахавтойўллойиҳа” ташкилоти билан ҳамкорликда ишлаб, оғир юк автомобилларининг узатмалар қутисини такомиллаштириш устида изландик. Келгусида шу мавзудаги тадқиқотимни давом эттириб, докторантурада таҳсил олмоқчиман. Устозларим ва олийгоҳимдан чексиз миннатдорман!

- Институтимизни бу йил бинолар ва муҳандислик иншоотлари инжиниринги, саноат технологиялари ва автотранспорт факультетларида таҳсил олган мутахассислар битириб чиқмоқда. – дейди институтнинг кафедра мудири, доцент Оқбўта Адилов.- Ўқув йили тугаши арафасида институтимизда меҳнат ярмаркаси ташкил этилди ва битирувчиларимизнинг қарийб 80 фоизи иш ўринлари билан таъминланди.

Тантанали маросим сўнгида магистрлар институт ҳовлисида эсдалик учун суратга тушдилар.

Муқаддас САПАРОВА.


скачать dle 10.6фильмы бесплатно
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.