Регистрация    Войти
Авторизация

САМАНДАР — ОСИЁ ЧЕМПИОНИ

Категория: Янгиликлар
 

2016 йилда Рио Де Жанейрода бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларида эришилган натижалар дунё аҳлига ўзбек спортининг, хусусан, бокснинг изчил ривожланаётганлигини намоён этди. Бошқа халқаро мусобақаларда ҳам кетма-кет қўлга киритилган ютуқлар спортчиларимизнинг ғалабаси тасодиф эмаслигини, ўзбек бокси том маънода юқори босқичга кўтарилганлигини исботлади. Жорий йилнинг 1-7 июль кунлари Таиланднинг Бангкок шаҳрида ёшлар ўртасида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида ҳамюртларимизга яна омад кулиб боқди. Ўн нафар чарм қўлқоп усталаримиздан тўққиз нафари ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.

Чемпионлар орасида Ғаллаорол тумани марказида яшовчи 17 ёшли Самандар Холмуродовнинг борлиги вилоятимиз аҳлига катта қувонч бағишлади. Шу ўринда Самандар Холмуродов ҳақида икки оғиз маълумот. Самандарнинг отаси дурадгор, онаси уй бекаси. Акаси пайвандловчи уста, опаси енгил саноат корхонасида ишчи. 11 ёшли укаси эса шаҳмат сирларини ўзлаштираяпти. Ана шундай оддий оиланинг фарзанди бундай юксак натижага мустаҳкам иродаси, устозларининг талабларини оғишмай бажариш ҳамда 8 йил давомида бокс билан мунтазам шуғулланиш орқали эришди. Чапақай, айни вақтдаги вазн тоифаси — 49 килограмм.

Бангкогда ўтган мусобақада у ироқлик ва индонезиялик боксчиларни иккинчи раундда нокаутга учратди. Хитойлик чарм қўлқоп устасини 4-1 ҳисобида мағлуб қилди. Мусобақадаги сўнгги рақиби ҳиндистонлик жаҳон чемпиони Сачинни ҳам 5-0 ҳисобда мағлубият аламини торишга мажбур қилди.

Ғолиблар юртимизда тантанали равишда кутиб олинди. Чемпионнинг уйи эса тўйхонага айланиб кетди. Турли давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда спорт ишқибозлари Самандар ва унинг яқинларини ғалаба билан қутлашди. Жумладан, вилоят ва туман ҳокимлиги, вилоят спорт бошқармаси вакиллари чемпионни ғалаба билан табриклаб, ўз совғаларини топширишди.

— Вилоятимиз ҳокими Улуғбек Узаков уйимизга келиб, ота-онамни, мени табриклагани, раҳмат айтгани катта қувонч бағишлади, — дейди Осиё чемпиони. — Бугунгача вилоят ареналарида 15 та, республика миқёсида 3 та ҳамда 5 та халқаро мусобақада ғолиблик шоҳсупасига кўтарилдим. Жумладан, "Баркамол авлод — 2017” спорт мусобақасининг республика босқичида олтин медаль соҳиби бўлдим. Орзуим — 2018 йилда Аргентинада ёшлар ўртасида бўлиб ўтадиган Жаҳон Олимпиадасида, 2020 йилда Японияда уюштириладиган Жаҳон Олимпиадасида юртимиз байроғини кўтариш. Айтганча, Бангкогда қўлга киритган ғалабам менга мамлакатимиздаги нуфузли олий ўқув юртларидан бирида ўқиш имконини яратди. Республикамизда спортни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва ёшлар учун яратилаётган имкониятлар учун Президентимиздан чексиз миннатдормиз.

Алижон АБДУСАТТОРОВ.


 

скачать dle 10.6фильмы бесплатно
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.