Регистрация    Войти
Авторизация
» » Яна Зоминда, яна Ўриклида... ЁШ ИЖОДКОРЛАР АНЖУМАНИ ИШ БОШЛАДИ

Яна Зоминда, яна Ўриклида... ЁШ ИЖОДКОРЛАР АНЖУМАНИ ИШ БОШЛАДИ

Категория: Янгиликлар
 
 

Бугун Зоминнинг Ўриклисойида ёш ижодкорларнинг семинар-кенгаши ўз ишини бошлади. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мазкур анжуманга ўша йиллари вилоятимизда биринчи раҳбар бўлиб ишлаган Республикамиз Президенти Шавкат Мирзиёев асос солган эди. Ушбу семинар узоқ йиллар иқтидорли ёш ижодкорларни кашф қилиш, уларни руҳлантириш, рағбат-лантиришга хизмат қилди.

Зомин анжуманларида Примқул Қодиров, Жуманиёз Жабборов, Абдулла Орипов, Иброҳим Раҳим, Муҳаммад Юсуф каби ўнлаб забардаст адабиёт дарғалари ёш шоир ва ёзувчиларга оқ фотиҳа берган. Уйғун Рўзиев, Хосият Рустамова, Нодир Жонузоқ, Гулжамол Асқарова, Бобур Бобомурод, Шод-монқул Салом каби истеъдод соҳиблари айнан Зоминнинг Ўриклисида назм ва наср дунёсига юзландилар.

—Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йилнинг 27 апрелида Жиззах вилоятига ташрифи давомида Зомин анжуманини тиклаш бўйича билдирган таклифи ижод аҳли томонидан катта мамнуният билан қарши олинди, —дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг масъул котиби Муҳиддин Абдусамадов. —Зомин анжумани ҳозирги ўзбек адабиётининг том маънодаги анъанасига айланган. Қолаверса, бу жойда кўплаб улуғ устозларнинг излари, ўчмайдиган сўзлари қолган. Жорий йилда Зомин анжуманида республикамизнинг барча ҳудудларидан 60 нафар ёш ижодкорларнинг иштироки кутилаяпти. Уларга элимизнинг таниқли адабиётшунослари, шоир ва ёзувчилари шеърият, наср, драматургия, болалар адабиёти, адабий танқид, бадиий таржима, бадиий публицистика йўналишларида сабоқ беришади. Анжуман давомида ижоди юқори баҳоланган ёшларнинг асарлари жамланиб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва "Ижод" фонди томонидан "Биринчи китобим" лойиҳаси доирасида 10 минг нусхада чоп этилади. Айтиш жоизки, ўтган йили ана шу лойиҳа бўйича 19 нафар ёш ижодкорнинг китоби нашр қилинди.

Ушбу тадбир давомида ижодкорлар Зоминнинг гўзал табиати, ҳудуддаги маданий-маиший иншоотлар билан танишиш имконига эга бўладилар.

Зомин анжумани 7 июль куни кечга қадар давом этади.

 

Алижон АБДУСАТТОРОВ.

Суратда:«Жиззах ҳақиқати» газетасининг архивидан олинган юқоридаги сурат бугунги анжуман иштирокчиларида ажиб таассурот ва хотиротлар уйғотса, ажабмас...


скачать dle 10.6фильмы бесплатно
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.