Регистрация    Войти
Авторизация

ТАЛАБАЛИККА ОЗ ҚОЛДИ

Категория: Янгиликлар

   15 июндан 15 июлгача давом этувчи олий ўқув юртларига қабул мавсуми вилоятимиздаги ҳар икки институтда қизғин кечмоқда. Мухбиримиз Жиззах давлат педагогика институти ва Жиззах политехника институтлари қабул комиссияси фаолияти билан танишиб, олий таълим даргоҳларига абитуриентлар қабул қилиш билан боғлиқ бу йилги ўзгариш ва янгиликлар билан қизиқди. 

  - Муассасамиз ҳар йили ҳужжат топширувчи абитуриентлар сонига кўра республика ОЎЮлари ўртасида биринчи учталикка киради, - дейди Жиззах давлат педагогика институтининг 2017-2018 ўқув йили учун қабул комиссияси масъул котиби Баҳриддин ЎРОЛОВ.- Ушбу ўқув йилида институтга 1820 нафар бакалавр, 24 нафар магистр қабул қилиш режалаштирилган.

Қабул мавсуми давомида абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш учун салқин хоналар, ота-оналар учун махсус кутиш жойлари, ксерокопия ва фотография хизмати, салқин ичимликлар ва канцелярия моллари савдоси ташкил этилди. Институт ташқарисидан бошлаб қабул комиссиясигача йўлкўрсаткич белгилар, ҳар бир кафедра стендлари ўрнатилди. Асосий эътибор ҳужжат топширишга келган абитуриентлар ва ота-оналарга қулайликлар яратишга қаратилган.

  - Табиийки, ҳаммани 68 балл билан ўқишга ўтиш масаласи қизиқтирмоқда...

   - Бу ҳақда маълумот беришга бироз эрта. Боиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 майдаги "2017 - 2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси хулосаларига кўра қўшимча қабул амалга оширилади. Вазирлар Маҳкамаси томонидан махсус Низом ишлаб чиқилиб, қўшимча қабул ва тўлов-шартнома суммаси миқдори Низом талабларига кўра амалга оширилади. Яъни қўшимча қабул қилинувчи талабалар сони ва тўлов-шартнома миқдорини белгилаш институт эҳтиёжи ва имкониятидан келиб чиққан ҳолда Давлат комиссияси хулосаларига биноан белгиланади.

***

- Институт жамоаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 майда қабул қилган "2017-2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида” ги Қарори ижросини юқори савияда таъминлаш мақсадида алоҳида тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. - дейди Жиззах политехника институтининг 2017-2018 ўқув йили учун қабул комиссияси масъул котиби Аззам БЕРДИҚУЛОВ. – Янги ўқув йилида ер усти транспорт тизимлари бўйича касб таълими, бино ва иншоотлар қурилиши бўйича касб таълими, озиқ-овқат технологияси (маҳсулот турлари бўйича) ва архитектура бўйича янги таълим йўналишлари очилади.

Бу йил институтимизга 1105 нафар бакалавр, 18 нафар магистр қабул квотаси белгиланган. Абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилиш учун салқин ва қулай жойлар, кутиш бурчаклари ҳамда барча турдаги хизматлар йўлга қўйилган. Ҳафтанинг ҳар кунида абитуриентлар учун махсус фанлардан консультациялар жадвали тузилиб, институтнинг тажрибали профессор-ўқитувчилари машғулотларга жалб этилди.

- Ҳарбий хизматни ўтаган йигитлар учун тест синови натижаларини ҳисоблашда ҳам бу йил ўзгаришлар мавжуд экан.

- Ҳа, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги 186-сонли қарори таҳририда "Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган, ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тавсияномаларига эга бўлган барча фуқароларга республиканинг барча олий таълим муассасалари бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синови натижалари бўйича ўзлари тўплаган баллнинг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёз берилади”, деб кўрсатилган. Демак, эндиликда собиқ "армиячилар” илгаригидек абитуриент тўплаши мумкин бўлган максимал баллнинг 30 фоизи эмас, тест давомида ўзлари тўплаган жами баллнинг 50 фоизи миқдорида қўшимча баллга эга бўлишади.

Муқаддас САПАРОВА суҳбатлашди.

2017/2018 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабулни амалга ошириш жорий этилмоқда. Бунда:

олий таълим муассасаларига тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабулни амалга ошириш учун квота миқдори таълим муассасасининг мавжуд имкониятлари ва таълим йўналишларидан келиб чиқиб Давлат комиссияси томонидан белгиланиши;

қўшимча қабул бўйича тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси абитуриентлар тўплаган балларга қараб Давлат комиссияси томонидан дифференциялашган тартибда белгиланиши;

тўлов-контракт пулининг оширилган ставкаси бўйича қўшимча қабул ўтиш баллини тўплай олмаган абитуриентларга тўплаган баллига мувофиқ (68 баллдан кам бўлмаган) кетма-кетлик тартиби қатъий сақланган ҳолда, уларнинг оширилган контракт пулини тўлай олиш имкониятидан келиб чиқиб амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

(Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2017-2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги Қарорига шарҳдан).

 

скачать dle 10.6фильмы бесплатно
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.