DataLife Engine > Маданият > РАҲБАРДАН НИМА ҚОЛАДИ?

РАҲБАРДАН НИМА ҚОЛАДИ?


28-07-2020, 10:29. Разместил: User

   1974 йилнинг ёзи эди. Мирзачўл туманидаги Сегизбоев номли хўжаликда партия қўмитаси котиби бўлиб ишлаётган пайтим. Тўсатдан туман касалхонасидан телефон бўлиб, Келдибой амакимнинг операциядан кейин оғир аҳволда эканини хабар беришди.

   У пайтларда одамлар чўлни ўзлаштириш учун келиб, ертўла ва чайлаларда яшашар, ҳафталаб иссиқ овқат емаслик оддий ҳол эди. Амаким янги очилган Арнасой туманининг 15-А хўжалигида бригадир эди. Дўстлик, Мирзачўл ва Арнасой туманларига хизмат кўрсатадиган биттагина касалхона бўларди. Жарроҳлар менга унинг кўричак бўлганини, операция вақтида ўн икки бармоқли ичагида ўсма борлиги аниқлангани, беморнинг узоғи билан бир ҳафталик умри қолганини айтишди.

   Кутишдан ёмони йўқ. Мен нуфузли доктор излаб, Тошкентга йўл олдим. Рости, кимга, қаерга боришни билмайман. Таваккал қилиб, ТошМИга кирдим. Ҳовлида уч киши ниманидир муҳокама қилишарди. Улар орасидан бир киши нима мақсадда келганимни сўради. Воқеани гапириб берганимда, мени хонасига олиб кириб, ўзини танитди.

Доктор Шеек билан қош қорайганда амакимнинг олдига етиб келдик. У беморни узоқ текшириб, кўричак бўлмаган, қайтадан текшириш керак, деган хулосани айтди.

   Аммо беморни бу аҳволда Тошкентга машинада олиб кетиб бўлмасди. Вертолёт топиш илинжида яна Тошкентга отландим. Ўйлаб-ўйлаб бир танишимнинг маслаҳати билан “Ўзбекбирлашув” раиси бўлиб ишловчи Мадаминжон Ҳасановни излаб топдим. У ҳам мен пойтахтда учратган кўпчилик “катта одам”лар сингари содда, самимий экан. Арзимни тинглагач, иккимиз Ўзбекистон Министрлар Совети биноси олдига келдик. Шу ерда Соғлиқни сақлаш вазири раҳбари Чичерин Николай Васильевич билан учрашдик.

   Унинг хонаси салобатли, 15 талар чамаси телефон турар, бири қўйиб, бири жирингларди. Николай Васильевич Доктор Шеек ва онкология бўйича мутахассислар билан гаплашиб, консилиум ўтказишни топширди. Ўзларида ортиқча вертолёт йўқлиги боис Бишкекдан вертолёт чақиртирди.

   Амаким 3 соатдан сўнг Тошкентдаги онкология шифохонасида эди. Яна операцияга олишди. 7 соат давом этган жарроҳликдан сўнг Доктор Шеек унинг аппендицит ҳам, рак ҳам бўлмаганини айтганида қулоқларимга ишонмадим. Аслида амаким бечоранинг ичи қотган, ҳуқна қилинса бас экан. Кўричак топа олмаган шифокорлар ёриқни тикиш пайтида ўн икки бармоқли ичагига скальпель текизиб қўгани сабабли бутун танани замбруғ босиб кетган экан.

   Афсуски, шифокорларнинг шунча саъй-ҳаракатига қарамай, амаким бир ойдан сўнг 35 ёшида вафот этди. Уни яна вертолётда уйига олиб келиб қўйишди. Оиласи, бола-чақаси учун бу воқеа бир умрлик армон бўлиб қолди.

   Хотира сандиғини титишдан мақсад не? Ҳаёт экан, одамнинг одамга иши тушади. Ўз ишига совуққон, лоқай одамлар билиб-билмай оилаларнинг бахтига зомин бўладилар. Шундай ходим бўлишдан Худо асрасин. Аксинча ҳар бир соҳа мутахассиси, айниқса раҳбарнинг виждонли ва соғлом мулоҳазали бўлиши халқ учун битмас-туганмас саодатдир. Шундай кадрлар айниқса ҳозир, пандемия кунларида юртимизга жуда зарур. Президентимиз ҳар бир йиғилишда раҳбарлар зиммасига катта масъулият юклаётгани бежиз эмас. Ижтимоий ҳимояга муҳтож одамларга ҳамиша ҳам моддий ёрдам асқотавермайди. Уларга яхши йўл-йўриқ, қаддини тиклаши учун имконият бера олиш ҳаммасидан муҳимдир. Мана, мен ҳам қарийб 50 йил илгариучратган бағрикенг, виждонли инсонларни ҳамон унутмайман. Хотираларда эзгу сифатлар билан қолишраҳбарнинг иш фаолиятига энг муносиб баҳо, десам адашмайман.


Ҳаким НОМОЗОВ,

меҳнат фахрийси, Мирзачўл тумани.
скачать dle 12.0
Вернуться назад