DataLife Engine > Маданият > УМИДЛИ ДУНЁ

УМИДЛИ ДУНЁ


22-06-2020, 09:33. Разместил: User

   Муҳаббат Аброрни севмаса ҳам у билан турмуш қурди. Оилавий ҳаётининг илк дамлари яхши хотираларга бой бўлди. Бироқ орадан уч ой ўтар-ўтмас нотинчлик бошланди. Қайнонаси ёқтирмай келин қилганини юзига очиқ айтар, қайнопаси ҳам турли киноялар билан турткилашни бошлади. Бу келинчакнинг кўнглига оғир ботсада, ҳомиладорлик, бўлажак оналик ҳисси уни турмушдаги минғир-синғирларга эътибор бермасликка ундади.

   Куз охирлаб, ҳаво совий бошлади. Куёвнинг ота-онаси ва синглиси қишки уйга кўчиб кетишди. Куёв-келин мустақил яшай бошлади.Аброр ҳар куни ишга кетади, Муҳаббат эса ёлғиз қолади. Ёшлар рўзғор тутишга тажрибасизлик қилишгани учунми доим озиқ-овқатдан узилиш бўлиб турди. Ҳомиласи билан бир неча бор оч қолиб кетган Муҳаббат жуда қийналди. Етишмовчиликнинг оқибати келишмовчиликларга уланди. Тез-тез жанжаллашадиган бўлишди."Фарзандим туғилгач, ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Мен оғирроқ бўлишга одатланишим керак", деб ўз-ўзига тасалли бериб юрди.

   Қишнинг охирларида Муҳаббатнинг туғилган кунини ўзаро нишонлашди. Муҳаббат ва Аброр шу куни бахтли ва қувончли кунлари олдинда эканлиги ҳақида суҳбат қуришди. Туғилажак фарзандига исм, бола хонасини қандай безашлари ҳақида ният қилишди. Бу онлар икки ёшга бир неча кун яхши кайфият бахш этди.

   Баҳорнинг илк кунларида Муҳаббат хотин-қизлар байрами билан табриклаш мақсадида қайнонасиникига борди. Совғаларни бергач, бироз суҳбатлашиб ўтирди. Кетар чоғида улар билан хайрлашар экан, қайнотасининг кўзларидаги маҳзунлик келиннинг кўнглини ғаш қилди. Уйга қайтиб бу ҳақида турмуш ўртоғига ҳам айтди. Аброр унинг гапларига эътибор бермади. Бир неча кундирки фақат телефон билан овора бўлишни одат қилиб олган. Муҳаббат яна ўз хаёллари билан ёлғиз қолди. Эртасига Аброр кўчадан нохуш хабар билан қайтди. Отасининг юрак хуружидан вафот этганлигини айтиб, дарҳол етиб боришга тайёргарлик кўриш зарурлигини уқтирди.

   Жанозадан бир кун ўтиб, Муҳаббат беҳол бўлиб ичкарига кирди. Қувватлагичда турган эрининг телефонига кетма-кет келган хабар хаёлини бўлди. Аброрнинг Муҳаббатга нисбатанўзгариб қолгани, дам олиш кунларида ҳам ишлаши кераклигини айтиб, бир хонага қамалиб олиб телефондан бўшамаслигини ўйлади. Балки ҳозиргидек имкон бошқа бўлмас, деган ўй билан телефонни қўлига олиб, янги хабарларни бирма-бир ўқий бошлади.

   "Узр, боя қўнғироғингизга жавоб бера олмадим".

   "Яна бир бор таъзиямни қабул қилинг".

   "Оғир вазиятда эканлигингизни биламан, бироқ ҳозир айтмасам, кейин кеч бўлади".

   "Яна ўша совчилар келиб ўтириб олган".

   "Гаплашиб олмасак бўлмайди".

   Муҳаббатнинг дардига дард қўшилди. Кўз ўнги қоронғулашди.

   Ким бу? Нима демоқчи? Ё Тангрим, наҳот шубҳаларим рост бўлса..? — деган саволлар билан базўр кунни кеч қилди. Тунда турмуш ўртоғи унинг ғамгин кўзларини пайқамади ҳам. Аксинча бояги хабарлар уни баттар ранжитди чоғи, бир оғиз ҳам гаплашмади. Муҳаббат туни билан ухлай олмади. Ўйлай-ўйлай ҳеч нарсани билмагандек юришга ва вақт ҳукмига ташлаб қўйишга қарор қилди.

   Вазият ошкор бўлгунича икки ой ўтди. Аброр бир куни уйга маст ҳолатдакелди. Унга ҳеч қачон кўнгли бўлмаганлигини айтиб, уни ҳақорат қилди. Ҳатто бошқа бир аёлни яхши кўришини, унга уйланмоқчилигини айтиб, минғирлай-минғирлай ухлаб қолди. Муҳаббат эрталаб эри гапларидан тонишини умид қилиб тонг оттирди. Афсуски ундай бўлмади. Аброр унга тинчгина ажрашишлари кераклигини, уни ҳаётидан чиқиб кетишини таъкидлайверди.

   "Энди нима бўлади? Ота-онамга нима дейман? Туғилмаган боламнинг айби нима?". Бу каби саволлар гирдобида ёлғиз қолган келин ўзини йўқотди. Кутилмаган руҳий зарбадан ҳолдан тойган бўлажак она кўчада йиқилди ва касалхонага тушди. Ота-онаси қизининг оиласини тиклашга роса ҳаракат қилишди. Аммо барчаси бесамар кетди. Шу тариқа Муҳаббат отасининг уйига қайтди. Туну кун эрини кутди...

   Вақти соати етиб, Муҳаббат ўғиллик бўлди. Исмини Умид қўйишди. Умиджон бир ойлик бўлганида, суддан қоғоз келди ва ёш оилақонуний ажрашди. Ота-онасининг кўз ўнгида кундан-кун сўниб бораётган Муҳаббат тирикликнинг зилдек юкини базўр кўтариб юрди. Яқинлари унга ўзини тутиш, ўғли учун ҳам кучли бўлиши лозимлигини уқтирдилар. Шу орада ишга ҳам кирди.

   Жамоага янги келган ёш, чиройли, эрдан чиққан аёл кимларнидир қизиқтириб қўйди. Ўзларича суриштирган, кузатган бўлишди. Айниқса баъзи эркакларнинг синовчан хушомадлари, кинояли гап-сўзи, сохта эътибори унинг нафсониятига тегар, эзилган юрагини баттар эзарди. Тунлари Умидини бағрига босиб унсиз йиғларди. Шу тариқа аёл иродаси унинг чарос кўзларига яна нур, ғурур бағишлади.

   Орадан йиллар ўтди. Тақдир тақозоси билан фарзанди беш ёшга тўлгач, Муҳаббат турмушга чиқди. Бу сафар ўзи синаб кўнгил қўйган ва уни ардоқлайдиган инсонга. Турмуш ўртоғи Муҳаббатнинг ўғлини ўз ўғлидек кўрди. Кўп ўтмай бахтли оилага яна бир меҳмон қўшилди. Қизалоққа Севинч исмини қўйишди. Муҳаббат севги аталмиш муқаддас туйғунинг қудратигаишонди.

   Бир куни болаларни олиб шаҳардаги янги хиёбонга боришди. Бироз айланишгач, музқаймоқ олиб, қатор ўриндиқлардан бирига ўтиришди. Муҳаббат дастрўмолчани қизалоғининг ёққасига тақаётиб, беихтиёр қарши ўриндиқда ўтирган эркакка кўзи тушди. Таниш чеҳра уни диққат билан кузатаётганидан адашмаганлигини тушунди. Ҳа, абгор ҳолатда қолганини яшира олмас даражада ўтирган одам Аброр эди. Унинг сўлғин ранги, тартибсиз уст-боши уйланмаганлигини билдирарди. Аброр жойида аранг ўтирарди.

   — Дада! Дадажон! Қаранг, анави холанинг олдига борайлик. Ўйинчоқлар кўп экан. Менга машина олиб беринг. Синглимга қўғирчоқ олайлик... — дея дадасининг қўлини тортаётган Умиджон уларнидўконча томон ундади.

Аброр улар кетган йўлакчага узоқ вақтгача термулиб қолди. Афсусларга тўла кўзларида ёш қалқиди...

Дилноза НИЗОМОВА.

скачать dle 12.0
Вернуться назад