DataLife Engine > Маданият > КИТОБ ВА ГАЗЕТА ЎҚИГАН КИШИ ҚАРИМАЙДИ

КИТОБ ВА ГАЗЕТА ЎҚИГАН КИШИ ҚАРИМАЙДИ


7-11-2018, 11:39. Разместил: User Жиззах шаҳридаги Алишер Навоий номли маҳалладаги Мустақиллик кўчасидан ўтиб қолгудек бўлсангиз, беихтиёр 46-хонадон дарвозасига илинган “Бу ерда III даражали «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони билан тақдирланган фуқаро Абдулла Қаршибоев истиқомат қилади” деган ёзувга кўзингиз тушади. Доимо бу хонадонга келиб кетувчиларнинг аксарияти ноёб китоблар ихлосмандлари. Зеро, энг ноёб китобларни, бундан 50 йил муқаддам чоп этилган газеталардаги сара мақолаларни фақатгинаАбдулла Қаршибоев(суратда)нинг шахсий кутубхонасидан топиш мумкин.
Хонага киришимиз билан китоб тўла жавонларга рўбарў келдик. Ўлмас меросимиз, бебаҳо бойлигимиз бўлган бу хазинанинг эгаси нуроний отахон, меҳнат фахрийси, бор умрини, куч ва ғайратини, билим ва маҳоратиниЖиззах чўллариниўзлаштиришга бахшида этган инсон Абдулла Қаршибоев.
—Қўлимга илк бора бадиий китоб олганимда 5-синф ўқувчиси эдим,—дейди Абдулла ота Қаршибоев. —Шунда ўқитувчимиз Ахрор Жавлонов менга Даниэл Дефонинг “Рабинзон Крузо” китобини берган эди. Китобни синчковлик билан ўқиб чиқдим. Унинг ҳар бир сатрини ўқияпман-у, гуёки Рабинзон билан бирга яшаётгандекман. Асардан катта таассурот олдим. Уни синфдошларимга гапириб бердим. ​Мактабда ўқиб юрган кезларимда ҳам, университет талабаси эканлигимда ҳам қўлимга пул тушса, китоб сотиб олар эдим. Бу ҳислат ҳали ҳамон менитарк этгани йўқ.
Абдулла Қаршибоевни бугунги кунда нафақат Жиззах воҳасида, балки республикамизнинг турли бурчакларида ҳам ташкилотчи раҳбар, меҳрибон устоз сифатида кўпчилик яхши танийди. 60 йилдан бери турли лавозимларда фаолият кўрсатиб келаётган отахон юзлаб шогирдларга устозлик қилди. Отахон бир умр ҳалол ризқ топди. Ҳалолликни 9 нафар фарзанди-ю, невара-эвараларига ҳам сингдира олди.
—Кутубхонамда 5 мингдан зиёд китоб бор,—дейди отахон. —1947 йилдан бери китоб ўқиб, китоб йиғаман. Жавонимдаги ҳар бир асарни чуқур мулоҳаза билан мутолаа қилишга ўрганганман. Яқинда Достоевскийнинг “Телба”, грузия ёзувчиси Думбадзенинг “Кукарача” асарларини қайта ўқиб тугатдим. Шу йил бошидан бери 15 та бадиий асарни мутолаа қилишга эришдим. Ўтган йилда 25 та китоб ўқиган эдим. Бўш вақтда эрмак учун эмас, китоб ўқиш учун алоҳида вақт ажратган кишигина мутолаа мазасини тотади. Касалингизни унутасиз. Чарчоқ сезмайсиз. Яхши ухлайсиз. Энг муҳими, китоб ўқиган киши қаримайди.
​Абдулла отанинг ибратли ҳаёт йўлида китоб унга доимий ҳамроҳ бўлди. Матбуот нашрлари эса дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисалардан хабардор қилди. У китоб ўқиб тирикчилик машаққатларни енгишни, газета мутолаа қилиб ишда ҳам, ҳаётда ҳам муваффақиятларга эришиш йўлларини ўрганди.
—Китобхонлик маданиятини ошириш, китоб мутолаасини янада кучайтириш бугунги кунда ҳукуматимиз эътиборидаги масалага айланганлиги қалбимга бир олам қувонч солди,—дейди Абдулла Қаршибоев. —Президентимизнинг бу борадаги қарори бу соҳадаги ишларимизни янада жонлантириш имконини берди. Ушбу қарор ижросини таъминлаш борасида ўтказилаётган тадбирларни кузатар эканман, мамлакатимизда ​200 тадан 600 тагача бадиий китоб ўқиган ёшлар борлигини эшитиб, чин дилдан қувонганлигим айни ҳақиқат.
—Ҳар қандай кишининг онгу-тафаккури дунёқарашининг бойишидаматбуотнинг ўрни беқиёс,—дейди Абдулла ота. —Бу менинг кўп йиллик кузатишларим, фаолиятим ​давомидаги тўплаган тажрибаларим асосидагификр ва мулоҳазаларим ҳосиласи. “Жиззах ҳақиқати”-“Джизакская правда” газеталари менинг 44 йиллик ҳамроҳим. ​Бугунҳар иккала газета менинг кундалик ҳаётий эҳтиёжимга айланган. Усиз бир кунимни тасаввур эта олмайман.Газетани доимий ҳамкорим, сирдошим десам муболаға бўлмайди. Чунки, вилоятимиз ҳаётида содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишларининг барчасиданмени газетахабардор этиб туради.
​Халқимизнинг маънавиятини юксалтириш, ёш авлодни ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга садоқат руҳида тарбиялашда матбуотнинг, китобнинг ўрни беқиёс. Буни яхши билган Абдулла отақаерда бўлмасин, тўй-маъракадами, кўча-кўйдами ​суҳбатдошларини мутолаа қилишга даъват этади. Ўқиган китоблари ҳақида завқ-шавқ билан сўзлайди. Жаҳон саҳнида рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни эҳтирос билан гапириб беради. Шундан бўлса керак, отахоннинг фарзандлари ҳам, набиралари ҳам китобнинг, матбуотнинг қадр-қимматини яхши билишади.
—Отажоним доимо китоб ўқинглар дея уқтирадилар,—дейди Абдулла Қаршибоевнинг набираси Феруза. —Ўқиган китобларингдан олган таассуротларингни қисқача мазмунини ​дафтар тутиб ёзиб борсанг, ундан ҳам яхши бўлади. Китоб ўқиган одам дунёни билади, дейдилар.Ўқиган китобимни отажонимга қайтарар эканман, у киши албатта асар мазмунини, унинг қаҳрамонлари ҳақида сўзлаб беришимни сўрайдилар. Сўнгра ўзлари яна ўқишим учун китоб тавсия қиладилар.
Кўпчиликкаибрат бўлиш осон эмас. Абдулла отанинг Бозоргул она билан ўтказган узоқ ва мазмунли умр йўлига, қурган оилаларигаҳавас билан қарайдиганлар оз эмас.Бугун келинлари-ю, фарзандлари эъзоз-эҳтиромида умр кечираётган, қўша қариётганнуронийларнинг бахти, қани эди, ҳар бир оилага ​ҳам насиб этса.
—Бобонгиз ўқиган китобларининг мазмун моҳиятини биринчи бўлиб менга айтиб берадилар,—дейди Бозоргул она. —Энди ана шу китобни ўзинг ўқиб чиқ, дея ҳоли-жонимга қўймас эдилар. Авваллари ўғил-қизларни, кейинчалик набираларни, эндиликда бутун маҳаллани китоб ўқишга даъват этадилар. Хонадонимизга келаётган меҳмонларнинг аксарияти ноёб китобларнинг ишқибозлари.Улар билан эринмай суҳбатлашадилар. Асар муаллифи-ю, қаҳрамонлари ҳақида гапириб берадилар.
—Оёқларим юриб турибди, қулоқларим эшитиб турибди, кўзларим кўриб турибди. Юрагим уриб турибди, ана шунинг ўзи катта бахт,—дейди Абдулла ота. —Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Президентимиз раҳнамолигида китобга бўлган эътибор кундан кунга ортиб бораяпти. Бу бежиз эмас. Чунки,китоб инсон тафаккурини чархлайди, дунёқарашини кенгайтиради. Билимини оширади. Китоб ўқиган киши ҳаётда жуда фаол бўлади. Сўз бойлиги ортади. Тинглаш қобилияти, ижодкорлиги ривожланади.
                                                                                                            Бекпўлат ТОҒАЕВ.

скачать dle 12.0
Вернуться назад