DataLife Engine > Маданият > ЎН ЕТТИ ЁШИДА РАҲБАР

ЎН ЕТТИ ЁШИДА РАҲБАР


5-11-2018, 14:28. Разместил: User Албатта, бугун вазирликлар даражасида ҳам ёш раҳбар кадрларнинг фаолият олиб бораётганидан хабардорсиз. Шу маънода “Жаннатмакон Жиззахим” миллий ҳунармандчилик маркази раҳбари, Жиззах транспорт ва алоқа коллежининг 3-босқич ўқувчиси Шаҳноза Тўрақулованинг фаолияти ҳам ҳавас қиларли. У 17 ёшидаёқ миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш ва тадбиркорлик бўйича ўз қобилиятини намоён эта олди.
- Бу йилги “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг Жиззах шаҳар босқичида бежирим миллий қўғирчоқлар, нафис ва ҳашаматли тақинчоқлар, оммалашиб бораётган заррин сарпо қутилар орасида қимтинибгина турган ҳунарманд қизни фахрий ёрлиқ билан мукофотладик, - дейди ЎзЛиДеП вилоят кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари Шоира Ҳасанова. – Мазкур кўрик-танлов уни кашф этди. Шаҳноза ҳақиқатда қўли гул ҳунарманд, бой фантазия ва маҳоратга эга иқтидор эгаси. У партиямиз сафига қабул қилингач, ўзининг бизнесдаги бошқарув маҳоратини ҳам намоён қила бошлади. Партиянинг “Дурдона” лойиҳаси асосида ўзи истиқомат қилувчи Оққўрғонлик маҳалласида “ЎзЛиДеП кутубхонаси” ва оилавий тадбиркорлик марказини ташкил этди.
Марказнинг тантанали очилиш маросими шу йилнинг июль ойида бўлиб ўтди. Аввало кутубхона ҳақида. Маҳалла ёшлари, уй бекаларининг қизиқишини ошираётган мазкур кутубхонада ўзбек ва жаҳон адабиётининг 3000 та ажойиб намуналари жамланган. Китобларнинг 200 таси партиянинг вилоят кенгаши томонидан харид қилинган бўлса, 800 дона бадиий адабиёт, зиёли оила фарзанди эмасми,ўз уйидан чиқди. Қолган 2000 та адабиёт, шунингдек, мутолаа зали учун жавон ва стол-стуллар, кондиционер, стол лампалари Шаҳнозанинг ўз тадбиркорлик маблағлари ҳисобидан харид қилинди.
“Жаннатмакон Жиззахим”да ёшлар миллий қўғирчоқлар ясаш, бисер тикиш, тақинчоқлар, сунъий гул, сарпо қутилари ясаш, шахмат-шашка ўрганиш билан машғул бўлишади. Сарпо қутилари ижараси ҳам қўшимча даромад манбаидир.
- Шаҳноза 6 ёшидаёқ бувисидан қуроқчилик сирларини ўрганган, мустақил тика оларди, - дейди онаси Шоира Давидова. – Кичиклигидаёқ мунчоқдан тасбеҳлар ясар, уни рағбатлантириш мақсадида оила аъзоларимиз билан маҳсулотларини сотиб олардик. Кейинчалик ўзи қизиққан ҳунармандчилик турларини чуқур ўрганишига шароит яратдик. Мана бугун қизим ёш тадбиркор сифатида ўз бизнесини йўлга қўймоқда.
Шаҳноза Тўрақулова ЎзЛиДеП Марказий кенгаши ташаббуси билан уч йилдан буён ўтказиб келинаётган “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг бу йилги республика босқичида “Йилнинг энг фаол ёш аёл тадбиркори” номинацияси соҳиби бўлди. Мазкур тадбир доирасида у ясаган миллий қўғирчоқларга Хитой Халқ Республикасидан ташриф буюрган ишбилармон хонимлар катта қизиқиш билдиришиб, савдо шартномаси тузишни таклиф этишди.
- Халқаро шартномалар тузишим учун ҳали бир йил бор экан, - дейди ёш тадбиркор. – Келгуси йилдан бошлаб мустақил тадбиркор сифатида бизнесимни кенгайтириш ниятидаман. Жумладан, вилоятимизнинг чекка қишлоқларида ҳам ҳунармандчилик ўқув марказларини ташкил этиш, тенгдошларимга ҳунар сирларини ўргатишни хоҳлайман. Айни дамда маҳалламизнинг 3400 нафардан ошиқ аҳолиси кутубхонамиз аъзоси. Марказимизда 6 та доимий, 6 та мавсумий иш ўрни яратилди. Муҳими, миллий ҳунармандчилик йўналишларини сақлаб, уни ривожлантириш йўлида ҳаракат қилаяпмиз. Бу минг йиллик ўтмишимиз, кўҳна қадриятларимиз ва жонажон тарихимиз билан боғлиқ соҳа. Унинг жозибаси, сеҳри, ўзбекона қадр-қимматини асраб-авайлаш қадриятларимизнинг қадр топиши демакдир.
                                                                                                       Муқаддас САПАРОВА.скачать dle 12.0
Вернуться назад