Регистрация Войти
Вход на сайт
Качественные бесплатные шаблоны dle скачать с сайта
Реклама
» » ВАТАН ТИЛИН СУЙГАН САПУРА

ВАТАН ТИЛИН СУЙГАН САПУРА

3-12-2020, 09:40
Автор: User
Просмотров: 155
Комментариев: 0
Версия для печати

Бахмал туманининг Сангзор қишлоқ фуқаролар йиғинида зиёли, донишманд, Каримбой ота номи билан ҳурмат қозонган элпарвар инсон яшаб ўтган. Унга кўпчиликнинг ихлоси баланд бўлганлиги сабабли ҳатто қўшни қишлоқлардан ҳам чақалоқларга исм қўйдириш учун атайин олиб келишар эди. 1968 йилнинг 19 февраль куни Бахмалнинг машҳур боғлари-ю, мағрур тоғларини қалин қор қоплаган кечада Каримбой ота хонадонида ҳам чақалоқ дунёга келди. Набирасини қўлига олган отахон: "Қор улуғ неъмат, элнинг ризқу насибасидир. Шундай хосиятли ва баракатли дамларда туғилган қизалоқнинг толейи баланд, қалби қордек беғубор, ўзи эса кишилар хулқини тузатадиган фариштадек инсон бўлишини ният қилиб, исмини Сапура қўямиз", деган экан.

Сапура зиёли хонадоннинг тарбиясидан баҳраманд бўлиб, беш ёшиданоқ саводи чиқди. Бир ўғил, олти қиз вояга етаётган оиланинг тўртинчи фарзанди бўлган қизалоқ ака-опаларига эргашиб, мактабга борар экан, муаллимларнинг: "Сен мактабга келмагин, ҳали ёшинг етмайди", — дейишига қарамай, бир кун ҳам қолдирмай дарсларга кириб бораверди. Чунки унинг зеҳни етти ёшли болалардан ҳам ўткирроқ эди. Онаси ҳар куни янги шеър, қўшиқ ва топишмоқлар ёдлатар, отаси жажжи қўлларидан ушлаб, чиройли ёзув ҳамда мутолаага ўргатарди. Шу тариқа у 1975 йилда Бахмал туманидаги 25-ўрта таълим мактабининг 1-синфига қабул қилинди.

—Менинг илмга бўлган меҳрим, ҳурматимнинг баландлигида ота-онамнинг меҳнати беқиёс, — дейди Сапура Неъматова. — Онам Ҳалима Каримова уй бекаси бўлишига қарамай, етти нафар фарзандининг ширин ташвишлари-ю, уй юмушларидан ортиб, бадиий китоблар ўқишга вақт ажратарди. Ўқиган ҳикматларига амал қилар, бизни ҳам шундай ибратларга ундарди.

Отам Мустафоқул Каримов Жиззах давлат педагогика институтида филология фанлари номзоди, доцент сифатида ёшларга сабоқ берарди. Бизнинг дарс вазифаларимиз ва қизиқишларимизга жуда эътиборли эди. Мана шундай юксакназар меҳрибонларимиз сабабли оиладаги етти нафар фарзанд ўқимишли, касби-корли бўлиб, жамиятда ўз ўрнимизни топганмиз.

Ўрта мактабдаги устозларимдан Худойберди Эгамбердиев, Ислом Каримов каби она тили ва адабиёт фани ўқитувчиларимнинг ўгитлари мен учун жуда қадрли. Улар менга кўрсатган таълимнинг илк шуласи ёруғлигида илмуурфон оламининг нурафшон йўлларига қадам қўйдим.

1985-1990 ўқув йилларида Сапура ЖДПИнинг ўзбек тили ва адабиёти факультетида Усмонжон Қосимов, Олимжон Жўраев каби тажрибали устозлардан сабоқ олди. Институтнинг фаол талабалари қаторида бўлиб, ижодий мақолаларини чоп эттиришга эришди. Ўқишни муваффақиятли тамомлагач, илк фаолиятини ўзи ўқиган мактабда, ўзбек тили ва адабиёт фани ўқитувчиси сифатида бошлади. Педагогик эътиборини иқтидорли ўқувчиларни маънавий рағбатлантириш орқали бошқа ўқувчиларда қизиқиш уйғотишга қаратди.

—Сапура муаллимнинг ҳаракатлари билан қишлоғимиздаги мактаб ўқувчилари билимлар беллашувида 1, 2, 3-ўринларни эгаллай бошлади,— дейди Хосият опа. —Менинг қизим Муҳайё Холмўминова ҳам 2019 йилда "Ўзбек тилим — ифтихорим" мавзусида ўтказилган иншолар танловининг республика босқичида учинчи ўрин соҳиби бўлди. Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг фахрий ёрлиғи ва қимматбаҳо совғаси билан тақдирланди. Бироқ қизимнинг бу натижага эришишида, турли кўрик-танловларда қатнаштириш учун қаҳратон қишнинг қоронғу тунларига қадар ёнида бўлган шу муаллимнинг жонкуярлиги сабаб бўлганлигини асло унутмайман. Қани эди, ҳамма ўқитувчилар ҳам мана шундай ёниб ишласа...

—Мен тумандаги 25-умумтаълим мактабида инглиз тили фанидан дарс бераман, — дейди Дилмурод Исмоилов. — Сапура устознинг менга ҳам кўп меҳнатлари синган. Дарсларни шунчалик қизиқарли ва самимий ўтар эдиларки, ҳамон ўша соатларни соғинаман ва ўзим ҳам мавзуларни худди устозимдек эсда қоларли ташкил этишга ҳаракат қиламан.

—Ҳар бир раҳбарнинг юзини жамоадаги Сапура каби иштиёқли кадрлар ёруғ этади, десам муболаға бўлмайди, — дейди 25-ўрта мактабнинг директори Салоҳиддин Исаев. — Мактабимизда асосан қирғиз миллатига мансуб ўқувчилар таҳсил олишига қарамай, уларда ўзбек тилига бўлган қизиқиш ва ҳурматнинг шаклланишида Сапуранинг хизмати катта бўлди. Дарслардан ташқари доимо қизиқарли ва ижодий тадбирлар ташкил қилди. Ўз устида тинмай ишлади. Республика ва вилоят оммавий ахборот воситаларида 15 дан ортиқ мақолалари чоп этилди. Илмий мақолалари билан конференцияларнинг фаол иштирокчиси бўлди. Шу сабабли 2016 йилда "Халқ таълими аълочиси" унвонига муносиб кўрилди.

Дарвоқе, истеъдодли педагог бир даргоҳда эришган ютуқлари билан чекланиб қолмади. У отасининг мукаррам изидан юришни мақсад қилди. Жорий йилнинг сентябрь ойидан Жиззах давлат педагогика институтида ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Суҳбат чоғида устознинг ўзбек тилида чиройли сўзлаши, ҳуснихати, ўқувчиларининг шу тилда ҳатто ижод қилишига гувоҳ бўлар эканман, қаҳрамонимизнинг чинакам ибрат соҳибаси эканлигидан қувондим. Оилада уч ўғил, бир қизнинг бахтиёр онаси, бир неча педагог ва журналистларнинг устози, ёшларга намуна бўлишда давом этмоқда.

—Айни дамда Сапура "Узлуксиз таълим тизимида Алишер Навоий асарларини ўқитиш методикаси" мавзусида илмий иш олиб бормоқда, — дейди илмий раҳбари, филология фанлари номзоди, доцент Марғуба Абдуллаева. — Унда ҳар бир инсонга ўрнак бўлгулик фазилатлар бор. Улуғ мақсадлилиги, сўнмас шижоати бир томону, камтарлиги алоҳида камолотдир. "Тафаккур зиёси" илмий услубий журналида чоп этилган, филология фанлари номзоди Усмонжон Қосимов билан ҳаммуаллифлик-даги "Адабий анъана ва наваторлик қирралари", "Жаҳон шеъриятининг ёрқин саҳифалари", "Жавондаги хазина" сарлавҳали мақолалари таҳсинга лойиқ.

Жорий йил "Ўқитувчи ва мураббийлар куни" арафасида Сапура Неъматова "Содиқ хизматлари учун" медали билан мукофотланди. Устоз сўзи сўнгида келажакда юртимизда таълим соҳасининг ривожи, ўзбек тилини ўқитувчи педагог кадрлар салоҳиятини оширилиши йўлида самарали меҳнат қилишда давом этишини айтди. Бунинг учун илмий қўлланмалар чоп этишни мақсад қилганлигини билдирди. Зеро ўз касбини суйган устоз халқ орасида доим ардоқлидир.

Гулчеҳра ХИДИРОВА.

скачать dle 12.0
Рейтинг статьи:
  
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.