Регистрация Войти
Вход на сайт
Качественные бесплатные шаблоны dle скачать с сайта
Реклама
» » СОВУҚ ЎТГАНДА ҚУЛОҚҚА ДАРС КИРАДИМИ?

СОВУҚ ЎТГАНДА ҚУЛОҚҚА ДАРС КИРАДИМИ?

30-11-2020, 15:20
Автор: User
Просмотров: 164
Комментариев: 0
Версия для печати

Қиш мавсуми учун ғимир-ғимирлар аллақачон бошланиб кетган. Фориш туманида мавсум учун қандай тайёргарлик кўрилганлигини билиш мақсадида туман халқ таълими бўлимига қарашли 2-мактабнинг ҳолати билан танишдик.

Ушбу ўрта умумтаълим мактаби туманнинг "Осмонсой" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган бўлиб, 1937 йилда қурилган. У ерда 1955 йилда қурилган бинонинг ярмиси ҳам турибди. Ўртадаги қисми 2013 йили, кейингиси 2018 йилда қурилган. Мана шу икки блокли бино табиий газ билан иситишга мўлжалланган эди. Бироқ табиий газ босими кам бўлгандан кейин тармоқдан узилган ва кўмирга мослаштирилган. Бинода 5 та қозонхона борлигини кўрдик. Ўтган йилда иккитаси таъмирдан чиқарилган. Бу йил яна иккитаси соз ҳолатга келтирилган. Лекин иккинчи блок умуман исимайди.

—Мактабимиз 260 ўринли, 258 нафар ўқувчи бор, уларга 39 ўқитувчи таълим-тарбия беради, — дейди мактаб директори Инобат Юлдашева. — 12 та синф хоналари бор, икки сменада ишлаймиз. Ўтган йилда 2 та қозонхона учун 7 миллион сўм маблағ ажратилиб, кўмирга мослаштирилди. 70 тонна кўмир ажратилган, лекин сифатсиз эди, яхши исимади. Бу ерларга қиш қаттиқ келади. Барибир совуқлик қиляпти. Агар газ бўлганида бемалол иситса бўларди. Бу йил қозонхоналарнинг яна иккитаси ўзгартирилди. Исита оладими йўқми, энди маълум бўлади. Бундан ташқари ҳам муаммоларимиз кўп. Фаоллар зали йўқ, видео-проектор зарур. Бизнинг мактабимиз ҳомийлар томонидан таъмирланди, шу сабабли кўп нарсалар келмади, балки шунинг учун видеопроекторлар етиб келмагандир. Мактаб майдонидан йиғилган хашакнинг пули мактаб жамғармасига қўйилади. Иккинчи қисмда катта залимиз бор, саҳна қилиб қўйганмиз, байрамлар ўша ерда ўтади. Энг катта муаммолардан бири бу спорт залимизнинг йўқлиги. Спорт анжомлари ҳам мавжуд эмас. Баҳор, ёзда жисмоний тарбия дарслари мактаб ҳовлисидаги стадионда ўтилади, қишда эса синф хоналарига олиб кириб ўтиришга мажбурмиз. Шунингдек, ўқувчилар учун ошхона ҳам зарур.

Ўқув даргоҳи моддий-техник базаси ҳам ҳаминқадар. Фақат компьютер хонасидагина кондиционер бор. Бу ерда 15 та компьютер жамланмаси бор. Лаборатория хонаси йўқ. Жиҳозлари аввал бошида келтирилганидан буён бошқа олиб келинмаган. Яқинда эски китобларни чиқаришибди. Кутубхонада 1000 дан ортиқ бадиий, услубий китоблар бор. Кутубхона етакчининг хонасида жойлашган. Сабаби, хоналар етишмайди. Ўқитувчилар хонаси, директор ўринбосари, етакчи ва психологларнинг хонаси йўқ.

—Дарсга қалин кийимларда кирамиз, —дейди опа. —Болаларга қараб юрагим ачишиб кетади. Одамнинг баданидан совуқ ўтса, мияга ҳеч нима кирмайди. Ҳар икки блокнинг иссиқлик тизими алоҳида. У блокда ўтириб буйрагимни ишдан чиқардим, энди бунисига кўчиб ўтдик.

—Иккинчи блокда ҳозир ҳам дарслар ўтилади, — дейдиота-оналар билан ишлаш комиссиясининг раҳбари Зуҳра Маҳмудова. —Фаоллар залида ота-оналар мажлиси ўтказамиз. Лекин у ер ҳам таги мармар бўлганлиги туфайли қақшаб ётибди. Оёғидан совуқ ўтиб турганда, биров гапингизни тинглармиди? Шу ерда ўқувчиларга йиғилиш ўтказилади, улардан ҳам совуқ ўтиб кетади.

Мактабда ичимлик суви муаммоси ҳам бор. Бу атрофда сув минораси қурилмаган. Аҳолининг қудуғидан сув ташилади. Мактабдан олисроқда сой оқади, кўп ҳолларда шу ердан олиб келинади. Қачон бу масалалар мутасаддилар эътиборига тушади? Айтингчи, жондан совуқ ўтиб турганда қулоққа дарс кирадими?!.

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.
скачать dle 12.0
Рейтинг статьи:
  
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.