Регистрация Войти
Вход на сайт
Качественные бесплатные шаблоны dle скачать с сайта
Реклама
» » САЛОМДА ҲИКМАТ КЎП

САЛОМДА ҲИКМАТ КЎП

24-11-2020, 15:43
Автор: User
Просмотров: 61
Комментариев: 0
Версия для печати

   Исломда саломлашиш энг улуғ амаллардан ҳисобланади. Мухбиримиз саломлашиш одоби, фазилатлари хусусида вилоят бош имом-хатибининг ўринбосари Ботирхон Рўзиев билан суҳбатлашди.

—Салом бериш қандай амал, унинг фазилати нималардан иборат?

—Салом бериш иймоннинг камоли, Исломнинг шиори, пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, улуғларнинг одатидир. У инсон маънавиятининг кўзгуси, тинчлик элчиси, меҳр-муҳаббат гаровидир. Салом алоқаларни мустаҳкамловчи арқон, яхшиликлар дебочаси, дўстлик аломати.

"Салом" калимаси арабча сўз бўлиб, саломатлик, тинчлик-омонлик маъноларини англатади. Салом бериш суннат, унга алик олишлик вожиб саналади.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: "Ра-сулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мусулмоннинг мусулмондаги ҳақлари олтитадир", —дедилар. "Уни учратганингда, салом бер. Қачон у сени чақирса, ижобат қил. Қачон насиҳат сўраса, насиҳат қил. Қачон акса уриб, Аллоҳга ҳамд айтса, ташмит эт. Қачон бемор бўлса, бориб кўр. Қачон вафот этса, жанозасига ҳозир бўл", — дедилар.

Салом бериш Ислом амалларининг энг яхшиларидандир. Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади: "Бир киши: "Эй Аллоҳнинг Расули, Исломнинг қайси хислати яхши?"—деди. "Таом беришинг ва таниган-танимаган кишингга салом беришинг", —дедилар.

—Саломлашишда ёшлар нималарга риоя қилишлари керак?

—Салом айнан "Ассалому алайкум" шаклида айтилиши лозим. Бу саломнинг энг қисқа кўриниши. Истаган киши унга"ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ"ни қўшиши мумкин. Саломнинг одобларидан бири очиқ юзлик билан салом беришдир.

Афсуски, ҳали ҳам ёшлар ўртасида салом беришга эътиборсизлик бор. "Қалейсан, яхшимисиз, тузиймисиз", —деб мулоқотга киришиш, "салом, саломат,ссомалеким" каби бузуқ шаклда салом бераётганлар ҳам бор. Шунингдек, алик олишда ҳам иборани тўлиқ айтадиган одам кам топилади. "Ва алайким, алай-ким, валей, баракалла" каби сўзлар билан ёки бошни қимирлатиш, қўлни кўта-риш каби ишораларга ҳам алик олинаверади. Булар шунчаки фойдасиз сўзлардир. "Хайрли тонг, хайрли кеч, пири-вет, марҳабо, хуш келибсиз" каби иборалар ҳам саломлашиш ўрнига ўтмайди.

—Айрим ҳолларда "Нега салом бермайсан", —деб гина қилувчилар учрайди. Аслида ким-кимга салом бериши керак?

—Салом бериш эҳтиром ва эъзозлаш рамзи. Шунинг учун ҳам кичик каттага, пиёда ўтирганга, озчилик кўпчиликка, уловда ўтирган турганга биринчи бўлиб салом беради. Ўғил онага, жиян холага, аммага, ука опага салом беради. Қиз отага, амакига, тоғага салом беради. Эр-хотиннинг бир-бирига салом бериши ҳам суннат. Аммо бир-бирларига маҳрам бўлмаган эркак, аёлларнинг саломлашишига келсак, бу ҳам аслида жоиз, шарти — ўртада фитна келиб чиқиш хавфи бўлмаслиги керак.

Шунингдек, ғайридинларга "Ҳидоятга эришганларга салом", алик олишда "ва алайкум" яъни, "Сизларга ҳам", дейишнинг ўзи кифоя. Баъзан ёши катталар ёш болаларга салом берадилар. Бу билан уларга одоб, таълим берадилар, ўзларини кибр, манманлик сифатларидан сақлайдилар.

Кар-соқовлар билан саломлашишда ва алик олишда салом калимасини айтиш баробарида уни англатувчи ишорани ҳам қилиш керак. Гунг киши учун салом ва алик олишда ишоранинг ўзи кифоя.

—Алик олмаганга ҳам салом бери-ладими?

—Кўпчилик саломига алик олмайдиган кишига салом беришни истамайдилар. Бу нотўғри. Саломига алик олмаган кишидан хафа бўлишнинг ҳам, уни ёмон кўришнинг ҳам ҳожати йўқ. Салом берган киши ҳеч қачон ютқазмайди. Аксинча, алик олмаган киши гуноҳкор бўлади.

Баъзан бир кунда уч-тўрт бор учрашганда ҳам эринмасдан салом берадиган кишилар учрайди. Уларга нисбатан "Сер-салом" ҳам деб лақаб қўйиб олишади. Бу яхши эмас. Одамларнинг энг бахили салом беришга бахиллик қилган кишилардир. Яна узоқдан туриб ёки машинада рўпара келган пайт саломни айтиш билан бирга, бош ёки қўл билан ишора қилса ҳам бўлади.

—Ғойибона салом берса бўладими?

—Бировдан салом айтиб юбориш, мактуб орқали салом йўллаш мумкин ва унга алик олиш ҳам вожибдир. Аммо саломнинг жавобини салом айтган кишига қайта етказиш шарт эмас. Интернет, телефон каби замонавий воситалар орқали мулоқотда бевосита гаплашиш ёки хабар етказиш имконияти бор. Бундай шароитда бемалол саломлашиш мумкин. Ойнаи жаҳон ва радио орқали бериладиган кўрсатув ва эшиттиришларнинг аввалида бошловчи салом беради, бу яхши одат. Агар жонли эфир бўлса, алик олиш вожиб бўлади.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анхумо эрталабдан бозорга чиқиб, айланиб келар ва: "Биз фақат салом учун эрталабдан кўчага чиқамиз ва учраган кишига салом берамиз", —дердилар. Демак, саломда одоб, илм, савоб, барака, хуллас, ҳикмат кўп.

Зоир ЭРГАШЕВ суҳбатлашди.

скачать dle 12.0
Рейтинг статьи:
  
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.