Регистрация Войти
Вход на сайт
Качественные бесплатные шаблоны dle скачать с сайта
Реклама

ҚУМСАШ

18-06-2020, 14:22
Автор: User
Просмотров: 77
Комментариев: 0
Версия для печати

   

   Кечагидек ёдимда бари...

   Тўрт хона, бир айвондан иборат уй. Чоғроққина, озода ва шинамгина ҳовли. Ҳовли тўрида оғилхона ва сомонхона. Оралиқда олма, ўрик, анор, анжир, шотут каби мевали дарахтлар. Ҳовли олдидаги гулзорда ранг-баранг гуллар, айниқса, атиргул ва райҳоннинг ифори таралиб туради. Яна бир парчасида помидор, бодринг, булғор қалампири, бақлажон экилган. Уйимизнинг кўча томорқасида ҳам 13 туп аччиқ гилос, 3 туп шотут бор эди. Дарвозахонага доим сувлар сепилган бўларди. Оппоқ дастурхон солинган стол устида доим турадиган гулдондаги гуллар, боғимизда етиштирилган мевалар билан тўлдирилган идишлар келган кишининг ҳавасини келтирарди. Ҳа, бу ўша — отам Оқбўта, онам Несибали Умаровларнинг саккиз нафар қизи ва бир ўғлонини дунёга келтириб, оқ ювиб, оқ тараб вояга етказган қутлуғ хонадони.

   Отамнинг шахсий кутубхонаси кенг ва ёруғ эди. Унда ўзбек ва жаҳон бадиий адабиётининг дурдона асарлари ўрин олган. Ҳар гал янги китоб олиб келсалар, дастлаб ўзлари ўқиб, энг қизиқ жойларидан бизга ҳам парча айтиб берардилар. Кейин алмашиб ўқиб чиқардик. Энди ўйласам, китоб мутолаасига бизни шу тариқа қизиқтирган эканлар.

   Отам ўз соҳасида раҳбар лавозимида сидқидилдан меҳнат қиларди. Шу сабабми, ҳафталаб кўришмас эдик. Уйғонишимиздан аввал ишга кетарди, келгунича ухлаб қолардик. Меҳр-эътибори ҳам, қаттиққўл ва талабчанлиги ҳам ўз ўрнида эди. Дарсларимизга жиддий қизиқарди. Ҳар ҳафтанинг шанба куни кечки овқатдан сўнг кундалигимизни текширишга албатта қунт қиларди. Ҳаммамиз шу вақтни кутардик. Чунки, кимнинг "5" баҳоси кўп бўлса, ўша совға билан сийланар эди. Мактабимизда ўтказиладиган ота-оналар йиғилишига қандай бўлмасин боришга ҳаракат қиларди. Ўқитувчилар томонидан биз ҳақимизда билдирилган ижобий фикрларни эшитиш отамга завқ бағишларди. Оғайнилари, қариндош амакиларимиз меҳмон бўлиб келишганида, бизга шеърлар ва эртаклар айттириб, зукколигимиздан қувонарди. "Ёлғончи чўпон", "Балиқчи ва олтин балиқ", "Мақтанчоқ қурбақа", "Зумрад ва Қиммат", "Уч оғаини ботирлар" каби шеърлар ва эртакларни қайта-қайта айтаверганимдан, ҳали ҳанузгача сатрлари ёдимда.

   Ёзги таътилни оромгоҳсиз тасаввур этолмасдик. У пайтларда йўлланмалар 24 кунлик бўларди. Кўпчилик бўлганимиз учун ҳар босқичга иккитадан бўлиб кетардик. Зоминнинг салқин ва сўлим гўшаларидаги оромгоҳда ташкил этиладиган ҳар бир кўнгилочар тадбирларда фаол эдик.

   Оилада саккиз нафар қизнинг энг кичиги мен эдим. Онамнинг айтишича, болалигимда ўғил болалар билан ўйнаб катта бўлган эканман. Доим уст-бошимни алмаштиришганда,"узун кўйлак киймайман, қачон аскар кийимини олиб берасиз, катта бўлсам аскар бўламан", деб хархаша қилар эканман. Отам мени ҳайрат билан кузатиб, "Шу қизинг бошқачада, кейинги фарзандимиз ўғил бўлади, шекилли...", дер эканлар. Кутилганидек, мен тўрт ёшга тўлгач, тўққизинчи бўлиб укам дунёга келган.

   Укам билан ёшда фарқ қилсакда, ўртоқдек катта бўлганмиз. Маҳалламиздаги ўғил болалар билан бирга футбол ўйнар, каналга чўмилгани борар, ланка тепар, ковул терар, ариларни инини бузиб қочардик. Хуллас, барча устабузармонликни укам билан бирга бажарардик.

   Оилавий йиғинларда болалигимиз ҳақида гап кетганда, ёз фаслида мени куни билан томдан тушмай юрганларимни гапиришади. Ўрик дарахтидан йиқилиб елкам сингани, узум оламан, деб қўлим тилиниб кетгани, нарвон чўққисига чиқиб, пастга қулаб тушганимни кулиб-кулиб эслашади. Бу воқеаларнинг барчаси ўз даврида ваҳимали бўлган. Бир неча бор касалхонадан тез ёрдам чақирилганида, оиламизнинг тинчи бузилган. Онажоним отамдан эшитган даккиларнинг сабабчиси кўпинча мен бўлганман.

   Бир куни 1-синф ўқувчиси эканлигимда, мактабдан чиқиб, ҳеч кимга айтмасдан, яқиндагина узатилган опамникига кетиб қолганман. Мени роса қидиришган. Отам шу куни ишдан эртароқ келган, роса тўпалон бўлган. Кун кеч бўлганида, уйга ўзим кириб келганман. Ўшанда отам мени хивич (узумнинг хўл новдаси) билан урганлар. Ҳалигача ўша хивичнинг "таъми" ёдимда қолган... Шу тариқа сўроқсиз қадам босмайдиган бўлдим.

   Мана, ёшим қирқни қоралаб, умримнинг ярмини яшаб қўйиб-ман. Шукурки, фарзандларим ҳам катта бўлиб қолишди. Улар ўқишдан ёки ишдан озгина кеч қолса, телефонини кўтармаса, жоним ҳалқумимга тиқилиб қо-лади, дунё кўзимга қоронғу бўлиб кетади...

   "Она кўнгли болада — бола кўнгли далада", деб бежизга айтишмаган экан. Ота-онамиз бизни нечоғлиқ жонсарак ва жон-фидо бўлиб улғайтирганини ҳам тушуниб қолдим. Шундай мукаррам зотларнинг ҳалол луқмаси, меҳрга тўла тарбияси, ўз ўрнида қаттиққўл ва ҳушёрлиги сабаб ҳар биримиз жамиятда ўз ўрнимизга, оила ва бахтга эришдик.

Ота-оналаримиз биздан рози бўлишсин!

Иқболой УМАРОВА.

Жиззах шаҳри.

скачать dle 12.0
Рейтинг статьи:
  
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.