Регистрация Войти
Вход на сайт
Качественные бесплатные шаблоны dle скачать с сайта
Реклама

УЙҒОНИШ

29-01-2020, 09:09
Автор: User
Просмотров: 34
Комментариев: 0
Версия для печати

   Яна жанжал бошланди. Эр аёлини бор важоҳати билан, дуч келган жойига уриб, тепкилади. Калтаклаб ҳам хумори босилмагач, оёғи остидаги сим билан бўға бошлади. Нафаси бўғзига тиқилган ожизанинг сўнгги умиди, кимдир кўриб қолса-ю, омон қолса... Аёл типирчилай-типирчилай жон таслим қилаётганида қулоқлари остида ёқимли овоз жаранглади:

   — Аяжон! Аяжоним!!! Яна ёмон туш кўряпсизми? Уйғонақолинг! Уйғонинг, қўрқиб кетяпман...

   Меҳрибон ва ташвишли чақириқдан уйғониб кетган Гулноза бир пиёла сув ичгач, ўзига келди. Қизалоғини ухлатаётиб, бир нуқтага тушкун тикилди. Қанийди, кўрганлари аччиқ ўтмиши эмас, ёмон туш бўлса. Ўша машъум кунлар бир-бир кўз ўнгидан ўта бошлади.

   Қишлоқнинг бообрў хонадонида бахтли кунларимни давом эттираман, деб ўйлаган Гулноза куёв бўлмишнинг оиладаги тўқликка шўхлик қабилидаги маишатпараст ҳаракатларига бирин-кетин гувоҳ бўла бошлади. Келинининг норизо холидан хабардор қайнона, "Майли, сиқилманг, ҳадемай фарзандлик бўлсаларинг, эси кириб қолади", деб уни юпатар эди. Фарзанд ҳам дунёга келди. Куёв ўзгармади. Оиланинг катталари маслаҳатлашиб, бир ишнинг бошини тутса, масъулиятни ҳис қилар, деган ниятда пул жамғариб, машина олиб беришди. Афсуски бу ҳам нобакор ўғилнинг қинғир ишлари кўламини кенгайтиришга хизмат қилди. Отарчиларни тўйдан-тўйга олиб юриб, раққосалар этагидан тутадиган одат чиқарди. Бу орада Гулноза яна фарзандлик бўлди. Энди у оиласини сақлаб қолишга янада кўпроқ уринарди.

   Эримнинг кўнглини тополмаяпман-ми? Ўзимга сезилмайдиган хатоларим бормикан, деган хаёллар билан қўлидан келганича ўзига қарар, тотли таомлар тайёрлар, ширин сўзлар айтарди. Балки ўғил фарзанд кўрса, менга ҳам, қизларига ҳам меҳр қўйиб қолар, деган умидда яна фарзандлик бўлиш ҳаракатини қилди. Вақт ўтиб, яна қиз туғилди. Аммо муаммо фарзандларининг қиз ёки ўғил бўлишида эмаслигини, аслида улар отани асло қизиқтирмаганини Гулноза кеч тушунди.

   Эри енгилтак аёлга ўралашиб, аввал ҳафталаб, сўнг ойлаб уйга келмайдиган одат чиқарди. Шунданми, ҳар замон уйга келса ҳам қилдан қийиқ ахтариб, жуфти ҳалолини жеркиб берар, арзимас баҳона билан аёвсиз урарди.

   Гулдек яноғида қолган чандиқлар, симнинг захридан безиллаган бўйнидаги нозик томирлар, жисмиданда юз чандон кўпроқ оғриқлардан қақшаётган кўнгли унга бир зум ҳаловат бермасди. Нега шу аҳволга тушдим? Қайси гуноҳим учун эрим мен билан ажрашди? Уч қизимга отасиз катта бўлиши сабабини қандай тушунтираман? Бу каби саволларнинг охири йўқ. Бир неча ойлар ўтган бўлсада, бу оғир вазиятдан чиқа олмай азобда.

   Ҳозир ҳам руҳи танасига сиғмаётгандек, сиқилиб, ҳовлига чиқди. Ҳар кунгидек пиллапояда ўтириб, тунги сирли осмонга тикилдида, яна бошини эгди.

   — Аҳволинг яхшими? — деди йўлакда қараб турган бобоси.

   — Яхши, бобожон. Бироз тоза ҳаво олгани чиққандим, — деди Гулноза.

   — Ярим кечада топган баҳонанг тоза ҳаво бўптими?

   У бобосининг бир сўзлиги боис ҳеч вақт очиқ гаплаша олмаган. Баъзан ич-этини кемираётган саволларни айтгиси келадию, ботинолмайди.

— Айтмасанг ҳам биламан, — деди нуроний унинг яна иккиланаётганини сезгандек. — Турли саволлар тинчлик бермаяпти, десанг янглишасан. Ҳаловат топишинг мумкин бўлган вақтда ўзингни заҳарлашда давом этаяпсан.

   Гулноза йиғлаб юборди. Кўнглидан, "Нега мени ҳеч ким аямайди?" деган ўкинч ўтди.

   — Ҳатто ўзинг-ўзингга шафқат қилмаяпсан-ку! — деди бобо яна унинг кўнглини ўқиётгандек. — Ота-онангдан нажот кутма. Улар сендан ўн чандон зиёд эзилаяпти. Хафа бўлсанг ҳам айтаман. Эрингнинг хурмача қилиқлари ҳам кўзингни очмабди.

   — Бошимдан нелар ўтганини билмайсиз!

   — Ўрлигингни йиғиштир! Ҳозир қанчалик оғир бўлса ҳам тўғрисини айта-сан. Томоғингдан нафас ўтмай қолганида нимани ўйлаган эдинг?

   Гулноза жим бўлди. Бобосининг такрор қистовидан сўнг:

   — Кўз олдим қоронғулашаётган онларда англадимки, мен оила деб ҳисоблаган муҳит ҳам, бардошимни титратган хўрликлар ҳам жонимни азоблашга арзимас эканлигини ўйладим.

   — Шундай экан, нега ҳамон давом этаяпсан? Иродасизлик ҳам киши бўйнидаги кўринмас сиртмоқдир. Ундан бош тортиб, қутулиб бўлмайди...

   — Мени ундайлар билан таққосламанг.

  — Она қизим, ўшалар билан ўртангда сен ўйлаганчалик катта фарқ йўқ. Тушкунлик қобиғига ўралиб олиб, борлиқ гўзалликлари ва қувончларидан ўзини маҳрум қилиб, омонат жонини минг бўлакка бўлиб, азобда яшаш ҳам ўз жонига қасд этишдир. Бундайлар ўз яқинларини унсиз қийнайди. Ёдингда тут. Ҳаёт муқаддас инъом. Маънисиз хулосалар таъсирида яшаш тирикликка хиёнатдир. Қалбингни уйғот...

   Орага сукунат тушди. Бобо бомдод номозга тараддуд кўришини айтиб, набирасини холи қолдирди. Шу тобда Гулноза ойлар мобайнида ўзини азобларга маҳкум этган ҳам, виждонини саволларга тутиб, тинчлик бермаган ҳам ўзи эканлигини тушунди. Оила аталмиш мўътабар даргоҳдан бирга нафас олиш ҳар ким билан ҳам бўлавермаслигини англади. Бундай давом этиш мумкинмаслигини, энди ўзи ва фарзандларининг ёрқин келажаги ҳақида қайғуриши кераклигини ўйлаб ҳушёр тортди.

   Шунда бомдод дуоларига йўғрилиб ёришаётган янги тонгнинг тафтини Гулноза руҳан ҳис эта бошлади. Бобоси айтган уйғониш шу бўлса керак, деб ўйлади...

Гулчеҳра ХИДИРОВА.
скачать dle 12.0
Рейтинг статьи:
  
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.