Регистрация Войти
Вход на сайт
Качественные бесплатные шаблоны dle скачать с сайта
Реклама
» » ЭНДИ СИРА ИЧМАЙМАН

ЭНДИ СИРА ИЧМАЙМАН

23-01-2020, 14:47
Автор: User
Просмотров: 32
Комментариев: 0
Версия для печати

Воқеа

   Янги йилга саноқли соатлар қолди. Кечга меҳмонлар келишини эшитиб, тайёргарлик ишларини бошлагандик.

Шу пайт кўчада ўйнаб юрган қизим гап топиб келди.

   — Дада, ойи, боғча опамиз Қорбобо кийимини кийиб қариндошларининг уйларига кирармиш. Синглиси Қорқиз бўлармиш. Ўтган йили икки-уч жойга бориб ҳаммани роса кулдиришган экан.

   — Э, бу гапларни мен ҳам эшитганман. Шаҳарда аёллар Қорбобо бўлиб юришармиш. Аёл боши билан Қорбобо бўладими, қизиқ. Эркак Қорбоболар роса кўпайган. Бу йил даданг ҳам Қорбобо бўлиб олади, кўрасизлар, — деди кесатиб.

   — Эркак учун байрам баҳонада.

   Маликаи дилоромнинг ранги бир зумда ўзгарди. Ҳар куни Қорбобо бўлиб келаётганингиз камми дегандек кўз остидан менга хўмрайиб қараб қўйди.

   Тўғри, эшитишимча, ўтган йили қишлоқда Қорбоболар кўпайиб кетган эди. Янги йил кечаси Қорбобо кийимини кийган кишилар ўзига яқин танишлариникига бориб табриклаб, совғалар бермоқчи бўлишарканда, роса бўккунча ичишаркан.

   Беш-ўн жўралар тушликдаёқ байрамни бошлаб юбордик. Ҳалиги "шайтон суви" фақат "аппетит"га дея икки юз граммдан бўлди, холос.

   Тушдан сўнг икки дона "подарка" олдик. Ҳаммамиз Янги йилни уйда байрам қиламиз, дея хайрлашдик. Мен ҳам уйга равона бўлдим. Ортимдан кимдир чақирди. Ўгирилиб қарасам, ошналарим Шерзодбек билан Иминбой "кел" деб ишора қилишди. Ёнларига бордим.

   — Совғангдан бизга ҳам ташлаб кет, Қорбобо — деб ҳазиллашишди.

   — Сизларга бошқа совғам бор, — дедим улар билан қўл олиб кўришарканман.

   Учаламиз узун-қисқа бўлиб маҳалла ошхонасининг алоҳида хонасига жойлашдик.

   — Битта тозасидан, жиз, чой… — дейишимиз билан улфатлардан бири "официантка"га буюрди.

   — Чой керакмас, кайфни кесади. Уч шиша пиво, шўр балиқ ёки семичка.

   Бир зумда дастурхон тўлди. Едик, ичдик, меҳр-оқибат, дўстлик ҳақида гаплашдик. Барчамиз ширакайф бўлдик. Яна учта пиво билан "юз-юз"дан сўнг турмоқчи эдик, калламга бир фикр келиб қолди.

   — Дав-ро-н, мен Қорбобо бўлмоқчиман.Сенда Қорбобонинг кийими бор экан, — деган эдим у бўйнимдан қучиб. — Дўстим, Қорбобо кийими экан-ку. Жонимни сўра... Сен учун бервораман. Хоҳласанг, Қорқизни чақираман. Қорбобо кийими уйда. Олавер…!

   Уч улфат Давронникига бордик. Мен Қорбобонинг тўнини, қалпоғини кийдим. Соқолини ёпиштириб, қўлимга ҳассасини олгандим, бинойидек Қорбобо бўлдим-қолдим. Ҳассани дўққиллатиб совғалар билан қўшни кўчадаги улфатларимникига йўл олдим. Мақсад аниқ, "юзта-юзта" уриш. Янги йил. Табриклаб қўйиш керак. Кўп юрмасимдан ёнимдан икки нафар Қорбобо елдек учиб ўтди. Кўчалар ўзгариб кетган. Ақлинг шошади. Ана, кўк дарвоза, излаганим худди шу. Эшикни очдиму чақирмадим, "сюрприз" бўлсин, дедимда. Ҳовлида ҳеч ким йўқ. Остона хатлаб ичкарига қадам қўйганимни биламан. Бирдан катта ит пайдо бўлди. Тўнимдан тишлаб қолса бўладими? Кет десам, ириллайди. Тўннинг бир парчасини итга қолдириб, кўчага отилдим.

   Шу пайт кимдир ортимдан келиб, зарб билан ҳассамни қўлимдан юлқиб, елкаму бошим аралаш ура кетди.

   — Мана сенга Қорбобо бўлиш, мана сенга би-ровни уйига кириш, мана сенга бировни хотинига кўз олайтириш, мана, мана!

   — Сизникига кир-ма-ма-ган-ман-ман, айбим й-ў-ў-қ, мен бошқа Қорбобоман, — гандираклаб йиқилдим.

Турай десам, туролмайман. Танам ва бошим аралаш тушган калтак зарбидан зўрма-зўр нафас олиб, ингрардим. Қовурғаларим қақшарди. ҳушимни йўқотдим.

   — Қорбоболардан бугун юзтасини кўрдим, "афирис"лар, — деган узунюлуқ сўзлар қулоғимга кирарди.

Кўзимни очиб қарасам, шифохонадаман. Тепамда турган навбатчи ҳамшира жилмайиб деди:

   — Хайрият, кўзингизни очдингиз. Тонг отаяпти. Янги йилингиз қутлуғ бўлсин, акажон. Ҳозир келинойимни чақираман.

   Ҳамшира чиқиб кетди.

   Хонага кирган хотинимнинг кўз ёшидан аранг ўзимни тийиб турдим. Танамнинг оғриғидан йиғлашга ҳам мадорим йўқ. Аранг куч топиб: — Янги йилда энди сира ичмайман, Қорбобо ҳам бўлмайман, — деб ўзимга-ўзим сўз бердим.

Лазиз МАМАТҚУЛОВ.

скачать dle 12.0
Рейтинг статьи:
  
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.