Регистрация Войти
Вход на сайт
Качественные бесплатные шаблоны dle скачать с сайта
Реклама
» » БАХТЛИ БЎЛМОҚ ШАРТ

БАХТЛИ БЎЛМОҚ ШАРТ

22-11-2019, 10:15
Автор: User
Просмотров: 40
Комментариев: 0
Версия для печати


     Дўстим, сенга ушбу мактубни шифохонадан йўллаяпман. Албатта, ҳар ким ўзининг ожиз томонларини бошқалардан яширади. Бу ерга келганимни ҳеч кимга айтмаган эдим. Лекин сенга айтадиган гапларим йиғилиб қолганлиги учун хаёлан мурожаат этаяпман.

     Кеча мени кўриш учун замонавий бойлардан бири келиб қолди. Савлатидан от ҳуркади: эгнида бизнинг пулга чаққанда, камида ўн миллион сўм турадиган чарм палъто, бармоғида бриллиант узук. Бўйнида хипча илон йўғонлигидаги занжир. Оғзида эса: замондан нолиш, қимматчиликдан ёзғириш, имконият тақчиллигидан камситилган кимсанинг ўксиниши, бизга, матбуот ходимларига ошкораликни очиқ айтмаслигимизга нисбатан дўқ, пўписа. Биз пахта қўйишга устаси фаранг эмишмиз. Маддоҳликда, кўтар – кўтар қилишда бизга тенг келадигани йўқ эмиш. Биз, кўзимиз кўр, қулоғимиз кар бўлиб, қарсакбоз матбуотнинг роботига айланиб қолган эмишмиз...

     Албатта, бу замонавий бойга гап уқтириш, мендай хаста одам тугул, тўртта асаби заранг одамнинг ақли ҳуши дош беролмайди. Лекин, шундай бўлсада ўз эътирозларимни, хаёлан, инсоф юзасидан бирма – бир мушоҳада қила бошладим.

    Мен билан бир хонада ётган шеригим, “бой” ўртиғимиз кетгач, кўзларимга жовдираб қараб, йиғлаб юборди:

    - Биласизми, мен нафас ололмайман. Менга бор йўғи бир қултум нафас керак. Бошқа ҳеч нарса керак эмас. Кун бўйи нафас ололмай зўриқиб – бўғриқиб юраман, кечаси уйқу йўқ, ҳар тун ухлаганда ҳаёт билан хайрлашиб ухлайман, мабодо уйқу аралаш, нафас ололмай ўлиб қолсам, рози – ризоликсиз кетмай деб...

Одамлар нега шукур қилмайди экан-а?

    Мен хонадошимга сабру – бардош тилаб, албатта соғайиб кетасиз дея юпатмоқчи бўламан. Аммо, ўзимни юпатиш учун, хаёлан яна сенга мурожаат қила бошлайман: “Мен Вашингтонда бўлганимда, ҳақиқий миллионерларни кўрганман. Улар оммавий кутибхоналарда, югуриш майдонларида, эл қатори оддий ва кўримсиз бўлиб юришади. Қиёфаларидан улар бизнинг мактаб ўқитувчиларини эслатади. Уларнинг миллионер эканликларини фақат чек дафтарчаларидан билиш мумкин. Улар сиз билан эски танишингиздек гаплашади. Юртингиз ҳақида сўрайди, билимингизни текширади, ҳаётингиз билан қизиқади. Интеллектуал лаёқатингизни ўсмоқчилайди. Вашингтонда 2 млн.дан ортиқ аҳоли яшайди. Оилаларнинг 90 – 95 фоизининг шахсий кутубхонаси бор. (Бизда эса кутубхонаси бор хонадонлар бор йўғи уч фойизни ташкил этса керак). Яъни Америкада кутубхонаси йўқ оила, хонадоннинг ўзи камдан кам. Бизнинг назаримиздаги бойлик, уларда кутубхона қиёфасида кўринса керак.

     Албатта, моддий бойлик аввало катта меҳнат эвазига келади. Америкада, корхонадаги битта мутахассис ўз соҳасини шу қадар яхши эгаллайдики, унинг ўрнига шундай тажрибали одамни топиш амри маҳол. Йўқса, Америкада ишдан бўшатиш шу қадар осонки, ташкилот раҳбари интизомни сабабсиз бузган ходимини чақириб, ҳеч қандай изоҳсиз, қўлига паттасини тутиши мумкин.

    Мен, Вашингтонда юрганимда бир қанча ўзбек талабалари билан ҳамсуҳбат бўлдим. Касбим тақозоси билан, улардан интервъю олишга уриндим. Лекин, айрим талабалар тихирлик қилишди. Эмишки, бизда шахсга сиғиниш давом этмоқда, монархия ҳукмрон, ижтимоий – иқтисодий ислоҳотлар қотирилган, демократия йўқ. Мени, бу ёшларнинг нонкўрлиги ҳайрон қолдирди. Ахир, уларнинг ҳар бирини ўқитиш учун ҳукуматимиз ўз жамғармасидан 200.000 доллардан пул ажратган эди.

     Бу пулга бутун бошли мактаб ёки шифохона қуриш мумкин эди. 200.000 доллар бутун бошли бир жамоанинг бир йиллик даромади-ку! Қолаверса, ўша талаба Америкага келиб ўқиётганлигининг ўзи, демократия белгиси эмасми? Мен, талабаларга ҳеч бўлмаганда, эфир орқали ота – оналарингизга, ёру – биродарларингизга соғинчли салом айтинглар, десам ҳам унамади. Биз шаҳар айланиб юрган эдик. Йўлимиздан бир тиланчи чиқиб қолди. (Вашингтонда!). Мен тиланчига бир доллар пул узатдим. Тиланчи, уч бора таъзим қилиб, раҳмат айтди. Мен, талабаларга: одобни ҳеч бўлмаганда, мана шу тиланчидан ўрганинглар, халқимиз сизлар учун шунча маблағ сарфлаган экан, бошларинг бир умр таъзим ва ташаккурда бўлиши керак. Ватанимиз равнақи учун жон фидо қилсаларинг арзийди. Ўз ота – оналарингга салом айтишни эп билмасаларинг, кўзларинг кўр бўлади, - дедим. Талабаларнинг баъзилари қайсарлик қилди, баъзи тушунганлари Капитолий майдонида юрагидаги гапларини айтди. Мен уларни тасвирга тушириб, эфирга бериб юбордим. Уларнинг “демократик” гапларига ҳеч ким тўсқинлик қилгани йўқ. Шу ерда битта савол туғилади. Нега Американинг биринчи президенти Жорж Вашингтоннинг номи АҚШ пойтахтига қўйилганлигини ҳеч ким шахсга сиғиниш демайди-ю, хусусийлаштириш мислсиз шиддат билан амалга оширилаётган Мустақил Ўзбекистонда шахсга сиғиниш иборасини қўллашларига нима дейсиз?!

      Ҳозир “Ўзбекистон ҳаво йўллари” самолётлари бир йилда 3 млн. 600.000 одамни чет элга олиб – бориб, олиб келади. Шунча одам дунёни кўради. Уларнинг онги – тафаккури дунё тараққиёти билан танишади, ўрганади, ислоҳ қилади. Ҳозир Ўзбекистон бутун дунё телеканалларини кўрмоқда. Ўзбекистонда 60 дан ортиқ давлатларнинг элчихоналари, ваколатхоналари ишлаб турибди. Интернет тармоқлари, телефон тармоқлари, уяли телефонлар бутун дунё билан Ўзбекистонни чамбарчас боғлаб турибди. Сиёсий, ижтимоий – иқтисодий ислоҳатлар беқиёс равишда ўсиб бормоқда. Шахсга сиғиниш ҳақида қанақа гап бўлиши мумкин?

     Ўзбекистонга 70 йил мобайнида қанча автомашиналар келтирилган бўлса, кейинги ўн йил ичида ундан кўпроқ автомашиналарга эга бўлдик. Бугунги кунда беш юз турдан ортиқ радио ва телевидение студияси, давлат ва нодавлат, хусусий ва шахсий орган сифатида фаолият юргизмоқда. Биз нега кўпинча бу фактларга эътибор бермаймиз. Чунки, бизда Ватанимизга муҳаббат тушунчаси тўлиқ шаклланмаган. Америкалик ўз хонадони пештоқига Америка байроғини осиб қўйган. Унга ҳеч ким шундай қил деб топшириқ бермаган. У ўз Ватанини жонидан севади. Шунинг учун уйига бу байроқни осиб қўйган. Ва қалбида, тафаккурида ҳамиша ўз Ватани манфаати учун курашиш, ўз Ватанини олқишлаш иштиёқи яшайди.

    Ўз Ватанини севиш дунёдаги жамики инсон учун, ўз ҳаётини севишдай гап. Дарҳақиқат, бахтли бўлмоқнинг биринчи шарти – Ватанни севмоқдир.

    Биз Мисрда бўлганимизда, гуруҳимизга бир араб йигити раҳбарлик қилди. Миср туризмдан бир йилда 17 миллиард доллар фойда кўради. Лекин, Миср Исроил билан доимий уруш таҳликасида яшагани, шунингдек, терроризм ва бошқа хавф – хатарлар туристларни чўчитиб қўймаслиги учун мисрликлар туристларни иложи борича тинчликда, осойишталикда сақлашга ҳаракат қилади. Бир куни автобусда Порт Саидга кетаётганимизда, чегара яқинида отишувлар бўлиб қолди. Шунда, араб йигити бизни чалғитиш учун худди ҳеч нарса бўлмаётгандек, қизиқарли ҳангомаларни шу қадар мароқ билан гапириб кетди-ки, ҳайратдан: “Э, артист бўлиб кет-э”, - деб юбордим. Ҳақиқатдан кўпчилик ташқарида нима бўлаётганлигини сезмай қолди. Ватан манфаатини ҳимоя қилишини қаранг! Агар бирор адашган ўқ унга текканда, у кулиб жон берарди, назаримда. Мисрда битта дарахт ўтқазиш учун уч йил тагига тинимсиз равишда сув қуйиб туришингиз керак. Бизда, эрмакка кўчат ўтқазсангиз, эсингиздан чиқиб кетса ҳам ўзи униб чиқаверади. Агар араб саҳроларидаги тўфонда қолиб кетсангиз, ўзингиз тугул туянгизни ҳам тополмайсиз. Лекин, мисрлик билан гаплашсангиз, дунё тарақиётининг бешиги ҳам Миср, дунёнинг энг гўзал ўлкаси ҳам Миср, энг сифатли мол ишлаб чиқарувчи ҳам Миср, дейди.

     Шу туфайли бўлса керак, Мисрга четдан деярли мол олиб келинмайди.

    Ҳиндистонда мабодо доллар ишлатсангиз, қамаш даражасигача олиб боради. Фақат ҳинд рупийси ишлатилади. Сотувдаги маҳсулотларнинг саксон, тўқсон фоизи Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлардир. Деҳлидан кўра Тошкентда “Мерседес”, “БМВ”, “Жип”, “Максима”лар кўпроқдай, назаримда. Ҳиндистонда 100 миллионга яқин умуман рўйхатдан ўтмаган фуқаро истиқомат қилади. 300 миллионга яқин аҳоли мутлақо саводсиз. Лекин, ҳинд киноларида кўрганимиздек, севгиларига қанчалик фидойи бўлсалар, ҳиндлар ўз Ватанларига садоқатда бундан ўн карра фидойироқдирлар. Буни ҳиндларнинг ўз урф – одатларига, маданиятларига бўлган муносабатларида кўриш мумкин.

    Шунингдек, ўз урф – одатларини, ўз тарихий, маданий бойликларини, ўз Ватанларининг шон – шавкатини кўз қорачиғидек асрашни голландларда ҳам яққол кўриш мумкин.

    Маълумки, XVI – XVII асрларда голландлар денгиз йўлларига чиқишгач, денгиздаги куч – қавватлари орқали, Америка, Африка, Осиёда жуда катта мустамлакачилик сиёсатини олиб борганлар ва дунёнинг энг қудратли давлатларидан бирига айланган эдилар. Ҳозирга кунда, Голландиядаги деярли ҳар бир хонадонда ўша асрлардан қолган ёдгорликлар сақланади. Бу хоҳ соат бўлсин, стол ёки стул бўлсин, ё картина бўлсин, қилич бўлсин, худди ўша давр яна қайтиб келгандай тасаввур қиламиз. Бу қадимий анжомларга хонадон улуғлигини сақлаб турувчи тумордай қаралади. Энг эски, қадимий ресторанлар – энг қиммат ресторанлар ҳисобланади. Қайсики оиланинг шажараси қанчалик узоққа борса, шунча буюк сулола саналади. Амстердам, ботқоқлик устидаги шаҳар. Агар минглаб километрга чўзилган тўғонлар бўлмаса, бу шаҳар океан тубига ғарқ бўлар эди. Лекин, уларга Ватан, юрт мавзусида гапириб кўрсангиз, дунёда тенги йўқ ўлка деб таърифлайдилар. Биз, балки ҳар куни деразамиз тагида денгиз тўлқинлари, ёввойи шиддат билан қутуриб – ҳайқириб турмагани учун Ватанимиз улуғлигини англамаётгандирмиз. Биздаги боқимандалик туйғуси қачон йўқолади?

   Истамбул телевидениясида бир танишим ишлайди. У ўз миллатини жуда севади. 40 дан ортиқ туркий тилда тўхтамай қўшиқ айта олади. Дунёда неча туркий тил бўлса, деярли ҳаммасининг лаҳжасида маромига келтириб гапира олади. Шунингдек, ўзбек тилида ҳам. Биз у билан узоқ гаплашиб қолдик, сўнг уйига таклиф қилди. У ўттиз йилки, ижарада турар экан. Долларга чаққанда 350 доллар ойлик оларкан ва шунинг 150 долларини ижарага тўлар экан.

Истамбулда бутун – бутун квартиралар бойларнинг шахсий мулки бўлиб, одамларнинг кўпчилиги ижара уйда яшар экан.

   Мана шу танишим ҳам бирор марта ўз Ватанидан, ўз яшаш тарзидан нолигани йўқ. Аксинча, унда Ватан туйғуси, миллат туйғуси шу қадар кучлики, қон – қонига сингиб кетган ва деярли ҳамма гапида Туркиянинг дунё миқёсидаги обрўси-ю, миллатнинг улуғлиги ҳақида гапиради. Агар бу танишим, уч қаватли иморатда яшаб, минг долларлик чарм палъто кийганида, унинг гапларига таажжубланмаган бўлардим.

    Шунингдек, агар мени касалхонага кўришга келган танишим ҳам, юртимиздаги иқтисодий ислоҳотлардан мамнун бўлиб гапирганда таажжубланмасдим. Лекин, нега у нолийди? Ўзимиздан эмас, ўзгалардан талаб қилишга ўрганиб қолганимиз учунми? Меҳнатни миннат билан қилганимиз учунми? Дунёдаги ҳар бир инсон учун меҳнат қилиш оддий бурч эканлигини англамаганимиз учунми? Яхши яшаяпман дея иддао қилишдан олдин, замон талабларига ўзимни қай даражада тайёрладим дея, ўйлаб кўрдимми?

    Бугунги кунда меҳнат ҳақидаги тушунчамизни ҳам ўзгартириш вақти келди. Биз энди биров учун эмас, ўзимиз учун ишлаётганимизни билишимиз керак. Ва меҳнат қилиш ҳар бир инсоннинг инсоний бурчи, вазифаси эканлигини унутмаслигимиз лозим.

   Агар Ер шарига юқоридан қарасангиз, Ўзбекистон ундаги бир гавҳардир. Албатта, у бир кунмас бир кун дунёнинг энг гўзал ва энг тараққий этган давлатларидан бирига айланади. Биз ўша кунларда юртдошларимиз олдида юзимиз ёруғ бўлиши учун, бугун бу Ватаннинг корига ярашимиз керак. Бугун ҳамнафас, елкадош бўлишимиз керак. Олаётган ҳар бир нафасимиз, шу Ватан, шу миллат, шу юрт учун бўлиши лозим.

    Бир одам, эрталаб уйидан чиқса, дарвоза тагида биров турганмиш. – Кимсиз – деса, - мен омадман, бу хонадонда узоқ вақт бўлдим. Бугун хонадонингизда ҳамма нарса етарли, бойсиз, фарзандларингиз соғ – саломат, бахтли – саодатлисиз. Энди, мен кетсам, – дебди ҳалиги одам.

    Уй эгаси қани маслаҳатлашиб кўрайлик-чи, деб ичкарига кириб кетибди. Хонадон аъзолари билан гаплашиб кўрса, улар: - Майли омад кетса кетсин-у, лекин аҳиллигимизни, бирлигимизни ташлаб кетсин, – дея шарт қўйишибди. Уй эгаси қўйилган шартни омадга айтганида, омад: - Эй, аҳиллик, бирлик бор жойдан қаерга ҳам кетардим -дея, яна шу файзли хонадонда қолган экан.

   Бугун Ўзбекистон , мана шундай аҳил ва ҳамжиҳат оила бўлиши керак. Аҳиллик бор, тинчлик – осойишталик бор ерда омад ҳам бўлади. 

   Баъзида, қўшни Республика одамлари эркинроқ яшаётгани, эркинроқ сўзлаётгани ҳақида гапиришади. Бу – фарзандларига қаттиққўллик билан илму – одоб бераётган оила бошлиғига, фарзандларини ўз ҳолига қаровсиз ташлаб, нима номаъқулчилик қилса индамайдиган оила бошлиғининг таъна-ю маломатини эслатади. Президентимиз бугун қаттиққўллик билан тартиб – интизом ўрнатган экан, бу оиладан, албатта, илмли, маърифатли, одобли ва эртага бутун инсониятга хизмат қиладиган фарзандлар чиқиши учундир.

Мана, дўстим шифохонада, мана шуларни хаёл қилиб ётибман.

Кеча мени кўришга 11 ёшли ўғлим келди. Аҳволимни кўриб, кўнглимни кўтармоқчи бўлди:

    - Дада, сиз оиламизни қип – қизил Сирдарё чўлларидан Тошкентга олиб келдингиз. Мен энди оиламизни Америкага, Голливудга олиб кетаман, дейди.

Негадир, кўзимга ёш келди. Мен 11 ёшимда тортган азоб – уқубатларим, етимликда кўрган қаро кунларимни эслаб, томоғим ғиппа бўғилди.

    Йўқ ўғлим, биз Голливудни шу ерда – Ўзбекистонда яратамиз, - дедим. Худо ҳаммамизнинг омадимизни берсин. Тинчлик бўлиб турса, ҳали кўп ёруғ кунларнинг гувоҳи бўламиз, - дедим.

    Ўзбекистон келажаги буюк давлатдир! Уни ўзинг асра, Парвардигор!

Шу билан хатимни тугатар эканман, кўришгунча, омон бўл дея, сенга энг яхши тилакларимни билдириб қоламан.



Муҳаммад ИСМОИЛ,

Ҳалима Худойбердиева номидаги Ижод мактаби директори.
скачать dle 12.0
Рейтинг статьи:
  
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.