Регистрация Войти
Вход на сайт
Качественные бесплатные шаблоны dle скачать с сайта
Реклама
» » УНУТИЛГАН АКАДЕМИК

УНУТИЛГАН АКАДЕМИК

28-12-2020, 14:34
Автор: User
Просмотров: 62
Комментариев: 0
Версия для печати


Тақдир нима ўзи? Ёки у инсон пешанасига Яратган томонидан ёзибқўйилган битикми? Одамизот пайдо бўлибдики, шуҳақда ўйлайди. Аждодларимиз азбаройи қизиқишлари туфайли тақдирларини олдиндан аниқлаш мақсадида юлдузлари-у, само буржларига назар ташлашга одатланишди. Шу тариқа астрология фани, мунажжимлар, фолчилар, сеҳргарлар пайдо бўлди. Лекин шу кунгача ҳали ҳеч ким инсон ҳаёти қандай кечишини аниқайтиб беролмаган.

Ўктам Орипов ҳаёти, унинг тиббиёт оламида қолдирган беқиёс меросини ўрганиб бошлаганимдан буён шундай ўйлар тинчлик бермай қўйди.Нега унга дунё машҳурлиги насиб этди-ю, ўз юртида қадр топмади? Яхшиси, мен Ўктам Орипов ҳаётиҳақида ўз билганларимни сизларга сўзлаб бера қолай, унинг тақдирини ким белгилаб бергани ҳақида ўзингиз хулоса қилинг.

Ўктам Орипов 1927 йилнинг қиш чилласида Жиззахдаги «Тошкентлик» маҳалласида туғилди. Отаси Орифжон Олимжоновўқимишли инсон бўлиб, республика раҳбарларидан бири бўлган Йўлдош Охунбобоев билан яхши танишлиги бор эди. Шунинг учун у давлат ишларида фаол иштирок этарди. Қама-қама, от-от авжига чиққан 30-йиллар тўфонидан Орифжон Олимжонов ҳам «бенасиб»қолмади. 1931 йилда «Халқ душмани» сифатида қўлга олиниб, 1937 йилда отувга ҳукм қилинди. Унинг қандай айб қилгани-ю, гуноҳи нима эканлигини ҳеч ким, ҳатто оиласидагилар ҳам билмасди. Аслида эса энг катта айби унинг ўқимишли, ориф инсонлигида эди. Ўша пайтларда ўқимишли одамларни кўролмаган хоҳлаган одам чақув ёзса, тақдири маълум бўлиб қоларди. НКВД зиндонларида айбини бўйнига қўя оладиган абжир кимсалар бисёр эди.

Отанинг қамалгани, отилгани етмагандай халқ душманининг оиласи сифатида бева қолган Қимматой аяни уч нафар фарзанди билан Хоразм даштларига сургун қилишади. Бу ҳам бутун бир оилани йўққилишга қаратилган чақув натижаси эди. Бу чақувларни ким ёзаётганини Қимматой ая яхши биларди. Лекин фарзандларини асраш учун дардини, нафратини ичига ютарди. Юрагини эзаётган ўйларини катта ўғли Ўктамжонгагина айтарди.

Балки, иблис ҳақиқатан ҳам бордир?! Орифжон ота ва Қимматой аяларнинг фарзандлари улғайибкелажакда элнинг суюкли инсонларига айланишини билгани учун ҳам иблис бу оила бошига мисли кўрилмаган азобларни солгандир. Ахир, бундай ёмонликлар одам боласининг қўлидан келмаслиги керак-ку! Одам ҳар қанча қўнгли қора бўлмасин юрагида гўдакларга бўлган меҳрдан зарра қолиши керак-ку!

Дашт азобларини кўрган, даладан гиёҳ, кечалари мошоқ териб болалари жонини асраб қолган Қимматой ая қўлига рухсатнома тегиши билан киндик қони тўкилган Жиззахга қайтиб келади.

У ҳаёт кечириш ҳар қанча оғир бўлишига қарамай фарзандларини ўқитишга бел боғлайди. Сургунда пайтида мактабга боролмаганқизи Хайри ва ўғлиЎктамни мактабга юборади, улар битта синфда ўқишади.

Ўша даврда мактаб директори бўлган Шароф Рашидов ўқишга иштиёқи баланд ёшларни Самарқандга бориб олий ўқув юртларида ўқишни тавсия қиларди. Буҳақда ҳатто боласини ўқитишга қурби етмайдиган йўқсил оилаларга бориб, ота-оналар билан суҳбатлашар, алал оқибат уларнинг кўпчилигини кўндирарди.

- Сендан яхши математик чиқади, мактабни тугаллаб, албатта ўқишга бор,-деб маслаҳат берарди устоз Ўктамга.

Хайри билан Ўктам мактабни тугаллаган 1943 йилда Шароф Рашидов Самарқандда газета бош муҳаррири бўлиб ишларди. Опа-ука дам олиш кунини ҳисобга олмай Самарқандга йўл олишган экан. Шу куниолий ўқув юртларида ҳужжат қабул қилинмаётгани сабабли сўраб-суриштириб, Шароф Рашидовнинг уйини топиб боришди. У бир киши билан суҳбатлашиб ўтирган экан,шогирдларини очиқ чеҳра билан кутиб олди.

- Хўш, қайси олий ўқув юртига ҳужжат топширмоқчисизлар? –сўраб қолди у.

-Мен шифокор бўлишни орзу қиламан,- жавоб берди Хайри.

-Жуда яхши, «Бемор тузаламан деса, табибнинг ўзи келармиш» деган гап бежиз айтилмаган, шекилли,-деб кулди меҳмонга. -Қани домла, шогирдларимни бир синовдан ўтказинг-чи…

Меҳмон Самарқанд тиббиёт институтининг директори Ҳаким Зоҳид экан. У ёшларнинг ҳужжатлари билан танишиб, суҳбатлашгач:

-Ҳужжатларни эртагаёқ институтга топширишларинг мумкин, бизга сиз каби билимга чанқоқ ёшлар керак,-деди.

-Лекин Ўктамжон математик бўлмоқчи эди, бу ёғи қандай бўлади…-деди Шароф РашидовЎктамжонга савол назари билан қарар экан.

-Ёшлар ниҳол каби парваришга муҳтож бўлишади. Қай томонга буриб, парваришласанг, ўша томонга қараб ўсади. Шогирдида ўз фанига нисбатан меҳр-муҳаббат уйғотиш устознинг биринчи галдаги вазифасидир. Шундагина шогирддан етук ва фозил одам етишиб чиқади,-деди домла. Шундай билимли, ўқишга бўлган чанқоқлик кўзларида акс этиб турган ёш йигитчани бошқа олий ўқув юртига осонликча қўйиб юборишни Ҳаким Зоҳид ҳам хоҳламасди, шекилли.

Ўктам Ориповнинг ҳаётини, инчинун тақдирининг бошқа томонга ўзгариб кетишида шу оддий тасоддифий учрашувнинг ҳам ўрни беқиёс бўлди. Шундай қилиб, Ўктам ҳам опаси билан ҳужжатларини тиббиёт институтига топширади.

Талабалик йилларини олтин даврга менгзашади. Балки, айнан талабалик йилларида олтинга баробар билим ганжига эга бўлиш имкони яратилганлиги учун ҳам шундай ўхшатиш бордир. Ўктамжон математикага ҳар қанча қизиқмасин тиббиёт институтида устозлари шифокорлик касбига унинг меҳрини уйғота олишди. У берилиб ўқиди, ўтилган ҳар бир дарсни тинглаб, жисму жонига сингдирар эди. Шунинг учун олий ўқув юртини имтиёзли диплом билан тугаллаганда институтда қолиб илм билан шуғулланмоқчи эканлигини айтади. Хайри опаси эса Жиззахга қайтиб келади.

Жиззахликларнинг бугунги кун авлоди ҳам Хайри Ориповани ажойиб инсон, фидойи шифокор сифатида яхши билишади. У кўп йилларўз касбини шарафлаб, минглаб ҳамшаҳарлари дардига дармон бўлди. Унинг фидокорона меҳнатлари муносиб тақдирланди. «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган шифокор» фахрий унвони, орден ва медаллар билан мукофотланди.

Ўктам Орипов эса институтнинг жарроҳлик кафедрасида фаолият кўрсатиш баробарида оператив жарроҳлик ва топографик анатомия кафедрасида ассистент вазифасида ишлай бошлади. Орадан беш йил ўтар-ўтмас, яъни 1953 йилда «Ҳомиладорларда, чақолоқларда ва катталарда тос сон бўғимининг топографик анатомиясига доир» деган мавзуда номзодлик диссертациясини ёқлайди. 1963 йилда эсаЎктам Орипов «Комбинацияланган радиацон шикастланишда ампутацион чўлтоқнинг шаклланиши ҳамда марказий ва периферик асаб тизимида рўй берадиган ўзгаришлар» мавзусида илмий ишини ёқлагач, тиббиёт фанлари доктори илмий даражасига, кейинроқ профессор унвонларига лойиқ топилди.

У Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаётган 1965 йилда Қорақалпоғистонда вабо эпидемияси авж олади. У касаллик тўлиқ жиловланиб, тугатилганга қадар туну-кун меҳнат қилиб, офатга қарши кураш штабини ташкил этади, унинг изланишлари, саъй-ҳаракати самараси ўлароқ касалликнинг тарқалиб кетишининг олди олинади.

1966 йилдаги Тошкент зилзиласи натижасида беш минг ўринли тиббиёт муассасалари вайронага айланган, шаҳарда тиббий хизматга бўлган эҳтиёж ошиб кетганди. Унинг ташкилотчилиги натижасида бир йил давомида бу йўқотишлар ўрни тўлдирилади.

- Ўктам Орипович маҳоратли шифокор бўлиш билан бирга омилкор ташкилотчи раҳбар ҳам эди,-дейди тиббиёт фанлари доктори, профессор Ҳотам Нишонов. –Устоз ўз даврида мамлакатимизда тиббиёт соҳасини ривожлантириш учун зарурлигини давлат раҳбарларига исботлаб, эл орасида «Янги ТошМИ» номи билан машҳур бўлиб кетган тиббиёт мажмуаси қурилишини бошлаган эди. Ушбу мажмуа базасида ўнлаб лабораториялар, хизмат кўрсатиш шахобчалари, коммуникация тармоқлари қуриб битказилди. Шунинг учун шифокорлар ўзаро сўзлашганда уни ҳазил аралаш «Хизмат кўрсатган қурувчи» дейишарди. Бу гапнинг пайдо бўлишига етарли асос бор эди. Чунки, Ўктам Орипович бу мажмуанинг бошидан охиригача қурилишини кўнгилдагидай бажарилишини назорат қилиб турди.

Ўктам Орипов жамиятдаги ўнини яхши билар, масъулиятини чуқур ҳис этар ва улар асосида ўз вазифаларини белгилаб оларди. Эсимда, 1979 йилда бир ўртоғимнинг синглиси ҳужжатларини Тошкент тиббиёт институтига топширди. Эртага имтиҳон деган кун ўртоғимнинг синглисида кўричак хуруж қилиб қолди. Шифокорлар дарҳол операция қилиш лозимлигини айтишди. Мен тун ярим бўлса ҳам ўртоғим ёнида далда бериб турдим. Операция муваффақиятли ўтди. Лекин абитуриент қиз хурсанд бўлиш ўрнига нуқул кўз ёш тўкарди. Акаси билан мен унга тасалли берсак:

- Ўқишим энди нима бўлади, эртага имтиҳонга боролмайманми?! –деб йиғлашга тушди.

- Эртага институтга бориб, гаплашамиз, вазиятни тушунтирамиз. Имтиҳонни бир кун кечикиб топширсанг ҳам бўлади,- дедим уни тинчлантириш учун.

Бу гапни айтишга айтдиму, лекин ўзим талаба бўлсам, биров мени тинглармикин, деган ўй туни билан тинчлик бермади. Эрталаб ўртоғим билан ТошМИга бордик, бир амаллаб қабул комиссиясига кирдик. У ерда одам гавжум, ҳамма ўз ташвиши, ўз дарди билан оввора. Комиссия котибига учрашиб, аҳволни тушунтирдим. У менга тикилиб турардию, хаёли бошқа ёқда эди.

-Имтиҳонга келмаган бўлса, кейинги йилда келади,- деди у ниҳоят ва биздан қутилганига шукур қилиб, одам «қайнаб» турган тўдага ўзини урди.

Биз кўксимизни тобора сиқаётган умидсизлик билан айвонга чиқдик.Ўртоғим жаҳл билан қўлини мушт қилиб деворга урди. Унинг оғзидан «Бу дунёда адолат деган нарсанинг ўзи йўқ!» деган сўзлар отилиб чиқди. Уни тинчлантириш учун қўлимни елкасига қўйиб, тасалли сўзларини айтишга чоғланганимда ортимиздан кимдир:

-Имтиҳонга яхши тайёрланмаган бўлсангиз, адолатнинг нима айби бор?- деди.

Ортга ўгирилиб, кўзига каттакон кўзойнак таққан, жуда бежирим кийинган, ҳатто оқара бошлаган сочлари ҳам салобатига ярашиб турган келбатли кишига кўзимиз тушди. Унинг боқишлари одамда ишонч уйғотар, «Хўш гапир, сени ҳеч ким тингламаган бўлса, мана мен эшитишга тайёрман» дегандай боқиб турарди.

Мен бўлган воқеаларни сўзлаб бердим ва охирида қўшиб қўйдим:

-У ниҳоятда иқтидорли қиз, агар имкон берилса, албатта ўқишга киради.

Бояги киши ўйланиб қолди. Кейин ёнидан салом бериб ўтаётган аёлни тўхтатиб, комиссия масъул котибини чақириб беришни сўради.

Комиссия хонасидан боягина биз суҳбатлашган домла чиқиб, ёнимизда турган одамнинг олдига деярли югуриб келиб салом берди.

- Бу йигитчаларнинг муаммосини эшитдингизми? –деб сўради бизнинг «танишимиз» котибдан.

- Ҳа, домла! Лекин абитуриент бугунги имтиҳонга келолмаган…

-Эшитмадингизми, у операция бўлиб қолганлиги учун келолмаган. Одамлар мурожаатини яхшилаб ўрганиб чиқиш керак, гоҳида адолат учун белгиланган тартибларни четлаб ўтишга ҳам тўғри келади. Қизимизни жуда иқтидорли дейишаяпти, келинг унга яна бир имконият бериб кўрайлик.

-Хўп, домла!

- Синглингизни эртага олиб келоласизми?- деди бояги одам бизга қараб.

- Олиб келамиз!- бизнинг қувончимиз чексиз эди.

-Агар у имтиҳон ўтадиган юқори қаватдаги хонага чиқолмаса, домлалар пастга тушиб, қабул комиссияси хонасида имтиҳон олсин…

У сўнгги кўрсатмаларни бериб ташқарига чиқиб кетди. Комиссия котиби чўнтагидан дастрўмолчасини олиб, пешанасида пайдо бўлган терларни артди.

- У киши ким?- сўрадим котибдан.

У менга худи осмондан тушган жонзотга қарагандай тикилди.

- Ахир у институт ректори-ку! Танимасмидинг?

- Ўктам Орипов деганлари шу киши эканда,- деди бирорта гапга қўшилмай четда турган ўртоғим.

Ўшанда академик Ўктам Орипов билан кўришиш менга насиб этганди.

Ҳа айтганча, ўша абитуриент қиз ўқишга кирди. Институтни имтиёзли тугаллади, ҳозир шаҳримиздаги клиникаларнинг бирида меҳнат қилмоқда. Гоҳида учрашиб қолсак, ажойиб қалб эгаси, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашга доим тайёр бўлган устозини эҳтиром билан ёдга олади.

Жаҳонда илк бор буйрак кўчириб ўтказиш амалга оширилганда, Ўктам Орипов қалбида бир орзу уйғонади. У Ўзбекистонда ҳам шундай мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказиш учун шароитларни барпо этишни кўнглига тугиб қўйган эди. 1965 йилга келиб профессор Б.Петровский собиқ иттифоқда биринчи бўлиб буйрак кўчириб ўтказиш бўйича операциясини амалга оширади. Бу доим изланишда бўлган олим учун ўзига хос туртки бўлди. Ў. Орипов бундай жарроҳлик амалиётлари учун мустаҳкам тиббий база, аввало, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган лаборатория, операция хонаси, операциядан кейин бемор ҳолатини мунтазам кузатиб бориш имконини берувчи интенцив палата зарурлигини яхши биларди. У узоқ тайёрланди. Инсон ҳаёти масаласи ҳал бўлар экан таваккалчиликка йўл қўйиб бўлмас эди. Ниҳоят 1972 йилнинг 14 сентябрида Ўктам Орипов томонидан сурункали буйрак етишмовчилиги билан оғриган беморга буйрак кўчириб ўтказиш операцияси амалга оширилади. Осиё ҳудудида бу трансплантология соҳасидаги илк жарроҳлик амалиёти эди. Шундан кейин деярли 300 дан ошиқ операциялар муваффақиятли ўтказилади. Бу ўзбек шифокорларининг улкан ютуғи эди.Ҳолбуки, бугун кўпчилик буйрагини хорижга бориб операция қилдириб келаяпти.

Ўктам Орипов Ўзбекистонда кўп учрайдиган хасталикларни даволашда янги усул ва жаҳон янгиликларидан фойдаланишга катта эътибор қаратарди. Хусусан ошқозон ўн икки бармоқ ичак ярасини, қандли диабет хасталигини даволашда ҳам бевосита ўзи кўплаб янгиликларга асос солади. Бу ўринда айнан Ўзбекистон табиий шароитида мавжуд бўлган ресурслардан фойдаланишга ҳаракат қиларди. Масалан, қандли диабет хасталигини даволашда қоракўл қўзичоқларнинг ошқозон ости безидан олинган лангерганс ҳужайралари ёрдамида даволаш клиник амалиётда муваффақиятли қўлланилади.

У изланишларини давом эттирар экан, хорижий ҳамкасблари амалиётини ҳам назардан четда қолдирмайди. Шу мақсада кўплаб чет элларга борганини таъкидлаш муҳим. У борган давлатлар ҳақида маълумот тўплаш жараёнида Жанубий Америка ва Австралиядан бошқа дунёнинг ҳамма мамлакатларига борганини ва тиббиёт янгиликларини ўрганганини аниқлашга муваффақ бўлиб, ҳайратга тушдим. У хорижга борар экан, ўзбек шифокорлари эришаётган ютуқлар билан ҳам ўртоқлашар эди. Тиббиёт тараққиёти бир мамлакат ёки давлатга тегишли эмас, ҳар қандай янгилик инсоният умрини узайтириш, саломатлигини сақлашга хизмат қилиши кераклигини у яхши биларди. Бу Ўктам Ориповнинг жаҳон миқёсидаги аллома сифатида дунёга танитди.

У бағри кенг инсон эди. Ёнига дардига даво истаб келган ҳар қандай одамга аввало шифокор назари билан қарарди. Бир куни у Жиззахга келиб онаси Қимматой ая билан узоқ суҳбатлашди. Отасини, даштдаги сарсон-саргардонликларни эслашди.

- Ая, яқинда отамнинг устидан чақув ёзган одамни оғир аҳволда шифохонага олиб келишди…,-деган Ўктам қандайдир ўйлар билан жим қолди.

Ая унинг ажин пайдо бўлган юзига хавотир билан тикилди. Ўғлининг:

- Мен уни операция қилдим… У соғайиб кетди. Ўзини танимаганга олган бўлса ҳам кимлигимни яхши биларди,-деганидан кейин ая енгил нафас олди.

- Майли болам, сенинг касбинг фақат яхшилик билан боғлиқ, яхшиликдан қолма. Қилган гуноҳу-хатоларимизни ҳисоб қилгувчи Аллоҳ бор!

«Ўктам Ориповнинг серқирра фаолияти, метин иродаси, заҳматкашлиги ҳаммани лол қолдирарди, деганди профессор Мамлакат Маҳкамова. У киши етмиш беш ёш билан юзлашган даврида ҳам навқирон жарроҳлар қийналиб уддалайдиган операцияларни қойилмақом даражада амалга оширар эди».

Ўктам Орипов бутун ҳаёти давомида ёш шифокорларга ғамхўрлик қилиш, иқтидорли шогирдларини қўллаб-қувватлашдан чарчамади. Унинг раҳбарлиги беш мингдан ошиқ илмий мақолалар чоп этилди. 25 нафар шогирди докторлик, 80 га яқини номзодлик диссертацияларини муваффақиятли ёқлади. Икки нафар шогирди ЎзФАнинг академигидир. Бевосита ўзи тайёрлаган 450та илмий мақолаЎзбекистон ва хориждаги оммавий ахборот воситаларида чоп этилди, халқаро анжуманларда ўқилди.

Унинг муаллифлигида 18 та рисола, учта ўқув қўлланмаси, 30 дан ошиқ кашфиёт, ихтиро ва янгиликлар, услубий қўлланмалар ҳозир ҳам тиббиёт оламида машҳур.

Унинг тиббиёт соҳасига қўшган ҳиссаси нафақат мамлакатимизда, балки хорижда ҳам қадрланади. У 1974 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг аъзоси, 1978 йилда Будапешт тиббиёт университетининг фахрий доктори бўлди. 1996 йилда эса Нью-Йорк академиясининг ҳақиқий аъзоси, 2001 йилда Россия фанлар академиясининг ҳақиқий академиги этиб сайланади. Жаҳон илм аҳли томонидан ХХ асрнинг 500 буюк олим ва алломалари рўйхати тасдиқланганида, улар сафида Ўктам Ориповнинг борлиги ҳам унинг дунё илмига улкан ҳисса қўшганлигини кўрсатиб турибди. Америка библиография институти Ўктам Ориповни «Ўтаётган минг йиллик алломаси» сифатида тан олиб, олтин медал билан тақдирлаганди.

Албатта, асосий ҳаёти ва изланишлари ўтган иттифоқ даврида кўплаб давлат мукофотларини олишга муваффақ бўлган. Жумладан, 1958 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган шифокор», 1967 йилда эса «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби» фахрий унвонлари билан мукофотланган. 1983 йилда Беруний номидаги Давлат мукофотига сазавор бўлган. Мустақиллик йилларида «Эл-юрт ҳурмати» орденива «Шуҳрат» медали билан тақдирланади.

Тўғри, Ўктам Орипов ҳақидаги кўплаб воқеаларни ёдга олиш, шогирдлари сўзларидан иқтибослар келтириш мумкин. Лекин у аввало шифокор эди, бутун ҳаёти, билими, куч-ғайратини тиббиёт соҳасини ривожлантиришга бағишлади. Унда ўзи яратган янгиликлар, кашфиётлар билан инсоният қалбига қувонч бағишлашдан ўзга мақсад йўқ эди. Зеро, саломатлик бўлмаса, инсон юзидаги табассум йўқолади, оиладан қувонч кетади.

Бироқ, 80-йилларнинг ўрталарида бошланган бошбошдоқлик, мамлакат ҳукумати тепасига чиқиб олган қўғирчоқ раҳбарлар ўзбек халқи бошига яна ғам ва ситамлар солди. Шароф Рашидовдан аламзада бўлган кимсалар унга яқин бўлган ҳар бир одамдан аёвсиз ўч ола бошладилар. Улар қаторида Ўктам Орипов ҳам бор эди. Тўғри, уни қаматолмадилар – у сиёсатчи ёки давлат арбоби эмасди, оддийгина олим, шифокор эди. Аммо эгаллаб турган барча лавозимлардан озод этишди. Ҳатто, одамларни даволаш ҳуқуқидан, операциялар қилиш имкониятидан маҳрум этишди.

Болалигида дуч келган иблисга кексайганида яна бир бор дуч келади. Камситишлар, жамиятдан четлатишлардан Ўктам Орипов бошқаларга ўхшаб кўрпа-ёстиққилиб ётиб олмади, ҳеч кимга зорланмади ҳам. Уйида ўзи яратган янгиликлар, ёзган мақола ва рисолалар, ўқув қўлланмаларини тартибга солди. Кейинги иш тажрибасидан келиб чиқиб муҳим мавзуларни ўз ичига олган иккита асарини ёзиб тугатди.

«Ўктам Ориповнинг 1994 йилда чоп этилган «Умумий хирургия»ўқув қўлланмасиалоҳида эътиборга лойиқ. Унинг кўплаб шогирдлари ҳозирги пайтда мамлакатимиздаги тибббиёт олий ўқув юртларида жарроҳлик кафедраларини бошқармоқда» дея такидлаган эди Ўктам Орипов ҳақида тиббиёт фанлари доктори, профессор С.Н. Наврузов «Путь хирурга» асарида.

У бутун ҳаётини, борлиғини илм-фанга бағишлади. Вазирликда, олий ўқув юртида фаолият кўрсатган даврининг ҳар бир кунини жўшқинлик, изланишга иштиёқ билан ўтказди. Минглаб ёшлар ундан шифокорлик касби сир-асрорларини, касб маҳорати, масъулиятини ўрганди. Бундай бахт ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Эъзозда, эҳтиромда кексалик гаштини суриш палласи келганида юрак хасталигига учради. Ўша 80-йиллардаги тазйиқ, камситишлар ва энг асосийси севган касбидан узоқлаштирилиши қалбини пора-пора қилганди. 2001 йилнинг декабр ойида юрак хуружидан вафот этади.

Ҳар бир даврда ўз халқи ёки инсоният тараққиётига улкан ҳисса қўшувчи алломалар, буюк инсонлар дунёга келар экан. Академик Ўктам Орипов ана шундай ориф, фозил аллома эди. Уни шогирдлари, айниқса, ҳанузгача унинг асарларидан қайта-қайта фойдаланаётган дунё жарроҳлари ёдга олишади. Лекин биз – жиззахликлар-чи? Агар айланиб чиқсангиз на шаҳарда, на Шароф Рашидов туманида унинг номи абадийлаштирилмаган. Ҳолбуки, бошқа давлатларда бундай алломалар номига бағишлаб хиёбонлар, шоҳкўчалар, мавзелар барпо этилади. Афсуски, Жиззахда академик номи қўйилган кўча ҳам йўқ.

Бугунги авлод зиммасига Ватанимизни энг тараққий этган давлатлар қаторига олиб чиқишдек юксак вазифалар қўйилган. Мамлакатимизда буюк ишлар амалга оширилмоқда.Ўша буюк ишларга барчамиз дахлдор эканимизни ҳис этиб фахрланамиз. Йиллар ўтиб авлодлар бугунги кун кишилари қилган ишларни албатта эътироф этишади. Лекин ҳозир биз ўтмишдаги улуғларни эсдан чиқарсак, вақти келиб ўзимиз ҳам унутиламиз, йўқликдан бошқа нарсага эришолмаймиз.

Асад МУСТАФОЕВ.

скачать dle 12.0
Рейтинг статьи:
  
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.