DataLife Engine > Жамият > НАЙДА КЎНГИЛ НАВОСИ

НАЙДА КЎНГИЛ НАВОСИ


29-07-2017, 09:54. Разместил: Admin

Яқинда пойтахтимизда санъатга ихтисослашган ўрта махсус таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида ўтказилган ёш ижодкорлар республика танловида ҳамшаҳримиз, Ўзбекистон давлат консер-ваторияси қошидаги иқтидорли болалар академик лицейининг халқ чолғулари бўлими ўқувчиси Давронбек ҚАҲРАМОНОВ ғолибликни қўлга киритди. У Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлигининг 1-даражали дипломи ва Ўзбекистон давлат консерваториясида давлат гранти асосида таълим олиш имтиёзига ҳам эга бўлди.

1999 йил 20 августда Жиззах шаҳрида туғилган Давронбек Қаҳрамонов (суратда) болали-гиданоқ мусиқа шайдоси эди. У ўз имкониятларидан унумли фойдаланган ҳолда мақсад са-ри дадил одимлаётган ёшлардан.

— Ҳаммамиз биринчи таълимни алла оҳангларидан оламиз, — дейди Давронбек. — Шу боис санъатга меҳр халқимизнинг қонию жонига сингиб кетган. Бошда хонандаликка қизиққан-ман. Жиззах шаҳридаги 6- умумтаълим мактабида ўқиган кезларимда онам Гулнора Бектўраева билан 1-сон болалар мусиқа ва санъат мактабининг эстрада хонандалиги тўгарагига аъзо бўлиш учун бордик. Бизни турли тўгараклар фаолияти билан таништиришди. Бу жараёнда ўқитувчи Руслан Тошбоев найда навонинг ўзгача сеҳри борлигини таъкидлаб, бу созда куй ижро этди. Най ноласини эшитган онимда менда шу дамгача бошимдан кечирмаган янги туйғулар уйғонгандек бўлди .

2010 йилда қаҳрамонимиз Руслан Тошбоев устозлигида най чалиш сирларини қунт билан ўргана бошлади. У 13 ба-ҳорни қаршилаган бўлишига қарамай, шунчаки ҳавас эмас, аниқ мақсадга эга шахсдек, ўз устида ишлар, ижро қоидаларини бехато бажаришга уринарди.

— Давронбекнинг биринчи ижроси "Баҳор вальси" бўлган, — дейди тўгарак раҳбари Руслан Тошбоев. — Ижродаги камчиликларини болаларча беғуборлиги безаб турарди. "Даврон бу ижрога ҳали жуда ёшлик қилади" деган фикрлар ҳам билдирилди. Аммо шогирдимнинг иқтидоридан хотиржам эдим. У ишончимни оқлади.

Орадан кўп ўтмай масъулият ҳиссини ўстириш, катта ижод ҳавосидан нафас олиши учун Ўзбекистон давлат консерваториясига олиб бордим. Бу даргоҳда тонгдан шомгача турли ижодий суҳбатлар иштирокчиси бўлдик. Энди кетишимиз керак бўлган вақтда Давронбек шундай деди: — "Устоз, яна бир соат юрайлик". Унинг бундай чанқоқлиги мени беҳад қувон-тирди ва тезда ўз самарасини кўрсатди.

2014 йилда Давронбекнинг Муҳиддин Қориёқубов номли республика ёш созандалар кўрик-танловидаги иштироки барча турда юқори баҳоланди. Ўшанда у Маданият вазирлигининг 1-даражали дипломи ҳамда Ўзбекистон давлат консерваторияси қошидаги иқтидорли болалар академик лицейида таълим олиш имтиёзини қўлга киритди. Ҳозирда Давронбек халқ чолғулари бўлимининг 2-босқич ўқувчиси.

— Давроннинг ҳулқи, одоби, сўзлашиш маданияти, санъатга бўлган ҳурматидан тартиб-интизомли оила фарзанди эканлиги яққол сезилиб туради, — дейди мазкур таълим даргоҳи ўқитувчиси Ботир Досимбетов. — Унинг бирор ҳаракатидаги камчиликни айтсангиз, дарҳол тўғрилайди ва бошқа такрорламасликка ҳаракат қилади. Ўқувчимнинг халқаро саҳналарда ҳам муваффақият қозонишига ишонаман.

— Менга билдирилган юксак ишонч ижодимга янги илҳомлар бағишламоқда, — дейди Д.Қаҳрамонов. — Устозларим каби элга хизмат қилишим, қолаверса, халқаро саҳналарда ўзбек фарзанди сифатида юртимиз миллий чолғулари билан барчани лол қолдириш, энг нафис оҳангларнинг яратилишига ҳисса қўшиш — олий мақсадимдир.

 

Гулчеҳра ХИДИРОВА.

скачать dle 10.6фильмы бесплатно
Вернуться назад