Регистрация    Войти
Авторизация

БЕТАКРОР ИЖОД СОҲИБИ

Категория: Жамият

Алишер Навоий ўз даврининг улуғ мутафаккири, давлат арбоби ва маданият ҳомийси бўлиб, биз — авлодларга жуда бой маънавий хазина қолдирди. Унинг денгиздай кенг ва теран ижоди барча замонларда ҳам инсонларни ўзига мафтун этиб келган. Навоий ижодининг энг муҳим томонларидан бири унинг адабий-танқидий қарашларидир.

 

Навоий ижодида илгари сурилган муҳим йўналишлардан бири поэтик маҳорат масаласидир. Уларни илмий жиҳатдан ўрганиш ўзбек адабиёти тараққиётида муҳим аҳамиятга эга. Чунки орадан беш асрдан кўп вақт ўтган бўлишига қарамай, Навоийнинг адабий маҳорат ҳақидаги фикрлари билан адабиётшуносларимизнинг бу ҳақдаги қарашлари ўртасида жуда катта яқинлик кўринади.

Навоийнинг поэтик маҳорат ҳақидаги қарашларини ўрганар эканмиз, унинг "Мажолисун-нафоис" тазкираси алоҳида қийматга эга эканлигини айтиб ўтмоқчимиз.Чунки Навоий бу тазкирада тўрт юз элликдан ортиқ шоир ва қаламкашларнинг ҳаёти ва ижодига тўхталади, улар мисолида бадиий маҳоратнинг хилма-хил томонларини ёритади.

Навоийнинг поэтик маҳорат ҳақидаги қарашлари умумий, мавҳум фикрлардан иборат эмас, балки реаллиги билан ўз қимматини сақлаб келмоқда. Унинг фикрича, кимки сўз санъатини яхши эгаллаган, улуғ ва аниқ ғоялар билан қуролланган бўлса, ўша одамгина бадиий ижод соҳасида ғалабага эришади, маъно машъаллари унга ўз нурларини сочади, ўзига керакли сўзларни, зарур фикрларни осонлик билан топа олади.

Навоийнинг таъкидлашича, поэтик маҳорат аввало меҳнат қилишдан иборат. Улуғ алломалар учун ижод ҳаёт масаласи бўлиб, улар бунга борлиғини бағишлашган, сўнгги нафасларигача унинг шавқ-завқи билан яшаганлар.

Навоийнинг улуғ замондошларидан бири Абдураҳмон Жомий эди. Бу икки шоир доим бир-бирига мададкор бўлган.

Буюк мутафаккир Навоий Жомийнинг камолот эгаси эканлиги хусусида сўз юритар экан, унинг барча билимларни пухта эгаллаганини назарда тутади. Навоий ҳам ўз даврида замондошларини фалсафа, тарих, мусиқа, астро-номия, рассомчиликни ўрганишга чақирар, уларнинг турмуш ва ҳаётни тўғри тушунишларига ёрдам берар эди. Навоийнинг ўз замондошлари ҳақидаги фикрлари тасодифий эмас, балки адабий-танқидий меросида алоҳида ўрин эгаллаган.

Поэтик ижоднинг улуғ заҳматкаши Навоий ижодий меҳнатни реал тушунар эди. Унинг фикрича, ижодий иш илгари яратилган меросни синчиклаб ўқиш, яхши ўзлаштириш, машқ қилиш, ёзиш, янгилик қидиришдан иборат. Шу билан бирга шоир яхши асар яратиш учун юксак маънавий қиёфага эга, меҳнатсевар ва камтарин бўлиши керак, деб ҳисоблайди.

 

Элмурод НАСРУЛЛАЕВ,

ЖДПИ катта ўқитувчиси.

скачать dle 10.6фильмы бесплатно
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.