Регистрация    Войти
Авторизация

МОШ ТОШ БОСАДИ

Категория: Жамият

Халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш, дастурхонимиз тўкинлигини таъминлашда ердан оқилона фойдаланиш муҳим омиллардан саналади. Буни қалбдан ҳис этган тажрибали деҳқонлар шу кунларда ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин экиб, ундан юқори ҳосил олиш ниятида қизғин ишга киришдилар.

Зафаробод туманидаги Охунбобоев номли сув истеъмолчилари уюшмасининг раиси Ҳамробой Исматов бу борада айни кунларда олиб борилаётган ишлар тўғрисида гапириб берди:

—Уюшмамизда ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинларни жойлаштириш, экиш ва уларни агротехника қоидалари, кўп йиллик тажрибаларга суянган ҳолда парваришлаб, юқори ҳосил етиштиришнинг аниқ режалари ишлаб чиқилган. Шунга кўра, ҳудудимиз бўйича 600 гектардан зиёд майдонга иккинчи экинлар, яъни мош, кунгабоқар, картошка, тарвуз, карам экилди. Ҳақиқий деҳқон бир қарич ерни ҳам бўш қолдирмай, ундан мумкин қадар мўл ҳосил олишга, тупроқ таркибини бойитишга ҳаракат қилади. Биз туман мутахассислари билан бамаслаҳат иш тутиб, ердан иккинчи ҳосил олиш режасини ҳар бир даланинг тупроқ шароити, одамларнинг қайси экинни ўстиришга қизиқишлари ва бозор талабларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиққанмиз.

Ер билан тиллашадиган илғор фермерларимиз унинг қадрига етиб, баракали ҳосил етиштиришга ҳаракат қилишаяпти. Бунинг учун эса ўзларига яратилаётган ҳар қандай имкониятлардан, самарали фойдаланишмоқда. Анорбой Ҳасанов бошлиқ "Ёруғлик” фермер хўжалиги деҳқонлари ҳар йили ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин экиб, юқори ҳосил олишмоқда. Бунда фарзандларига доимо маслаҳатгўй бўлиб келаётган тажрибали деҳқон Тоштемир аканинг алоҳида хизмати бор. Зафар Исматов "Исмат бобо” фермер хўжалигига бошчилик қилади. Аҳил жамоа ҳар йили карам, қизилча, мош каби экинлардан юқори ҳосил олишда катта тажриба тўплаганлар. Азиз Арчабоев раҳбарлик қилаётган "Ғалаба” фермер хўжалиги аъзолари бу йил 17 гектар мош экиб, айни дамда парваришлашга алоҳида эътибор қаратишаяпти. Хуллас, уюшмамиз деҳқонлари кечки экин ҳисобига хўжаликларининг даромадларини янада мустаҳкамлашга ҳаракат қилишмоқда.

Бу йил такрорий экин сифатида асосий майдонларга мошни экишимиздан мақсад, у кам меҳнат ва харажат талаб қилади. Такрорий экинлар ерлар шудгорланганидан кейин экилгани боис, уларга бегона ўтлар унча хавф солмайди. Бу давр ёз фаслининг ўртасига тўғри келгани учун табиатан ўсимликларнинг қисқа муддатда униб чиқиши, тез ва яхши ривожланиши, ҳосил тўплаши учун қулай вақт ҳисобланади. Экинлар қуёш нурига яхши тўйинади, берилган минерал ва маҳаллий ўғитларни тўлиқ ўзлаштиради. Жорий йилда мошдан баракали ҳосил етиштиришни мўлжаллаб турибмиз. Деҳқонларимиз мошдан даромадларининг ҳам тош босишига ишонишади. Шу боис, ҳар бир кунни ғанимат билиб, меҳнат қилишаяпти. Айтмоқчи, такрорий экин экиб, маҳсулот етиштираётган деҳқонларнинг бирортаси ҳам ҳосил тайёр бўлгач, харидор кутмайди, бозорга қатнаб, вақтини бекор ўтказмайди. Уларнинг барчаси билан тумандаги агрофирмалар аллақачон аниқ ҳисоб-китоблар асосида шартнома имзолашган.

Уюшмамизда такрорий экинлар экилиб, парвариш қизғин олиб борилмоқда. Бу тонна-тонналаб мош, сабзавот ва полиз маҳсулотлари демакдир.

 

Абдушукур ЛАПАСОВ.

скачать dle 10.6фильмы бесплатно
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.