Регистрация    Войти
Авторизация

ТАШАББУС СИЗДАН, ИМКОНИЯТЛАР БИЗДАН

Категория: Жамият

Вилоят ҳокими Улуғбек Узаков зоминлик ёшлар билан учрашув аввалида йиғилганлар эътиборини Ўзбекистон Республикасининг "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуни ҳамда шу йўналишда қабул қилинган Давлат дастурлари, мамлакатимизда ёшларнинг интилиш ва қизиқишларини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган кенг кўламли тадбирларга қаратди. Тадбир иштирокчиларига яқинда бўлиб ўтган "Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойи тафсилотлари ва унда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар олдига қўйган долзарб вазифалари, қимматли таклифлари ва кўрсатмалари ҳақида батафсил гапириб берди.

—Айни пайтда Зомин туманида истиқомат қилаётган 165 минг нафар аҳолининг 104 минг нафардан ортиқроғи ёшлардир,—деди вилоят ҳокими. —Мана шу кўрсаткичнинг ўзиёқ ёшлар муаммоларини ўрганиш ва уларни ҳал этиш бўйича чин дилдан, самимий суҳбат қуришимиз нақадар зарур эканлигини кўрсатади. Бугунги учрашувимиздан кўзланган асосий мақсад сизларнинг ўй-фикрларингиз, келгуси режаларингиз, фаолиятингиз давомида юзага келаётган муаммолар ечими бўйича фикрлашиб, шу асосда ёшлар сиёсати бўйича олиб борилаётган ишларимизни танқидий баҳолаш. Аниқ бир тизим ва истиқболли режаларни белгилаб олишдан иборат.

Ўтган йиллар давомида ёшлар томонидан амалга оширилган ишларни холисона таҳлил этадиган бўлсак, вилоятимизда, жумладан Зоминда ҳам "Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан кўплаб ташаббуслар амалга оширилди. Бундан кўз юмиб бўлмайди, албатта. Аммо, ҳозирги глобал тараққиёт жараёнида жамиятнинг ривожланиш тенденцияларига салбий таъсир кўрсатадиган турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик иллатларини келтириб чиқараётган бош омил – ёшларнинг нималар билан бандлиги, бўш вақтини нималарга сарф этаётгани билан қизиқмаётганлигимиздир. Бу жиҳат айниқса, уюшмаган ёшлар ўртасида ўзини яққол намоён этмоқда.

Қурултойда Президентимиз бежизга уюшмаган ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратмади. Уюшмаган ёшлар деганимиз – бу, очиғини айтишимиз керак, бевосита "Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати сафига жалб этилмаган, яъни, бирор жойда ўқимайдиган, ишламайдиган, ишласа ҳам жамоатчилик ёки маҳалла эътиборидан четда қолиб келаётган ёшлардир.

Масалан, Зомин туманида 14 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар сони 56609 нафар бўлиб, мана шу ёшдаги "Камолот” аъзолари эса унинг ярмини, яъни, бу кўрсаткич – 19649 нафардан сал зиёдроғини ташкил этмоқда. Яна бир муаммо борки, катталар ёшлар муаммоларига, уларнинг қизиқишларига ўта юзаки ёндашиб келаётир. 2016 йилда туманда ишсиз ёшлар сони 1589 нафарни ташкил этди. Иш сўраб мурожаат қилган 639 нафар ёшлар ишга жойлаштирилди. Табиий савол туғилади: қолган 950 нафар ёшлар нима иш билан машғул бўлди? Ана шу саволга астойдил жавоб қидирсак, бу каби салбий ҳолатлар бизни мазкур фаолиятимизда кескин ўзгаришлар қилишга ундайди.

Масалан, 2016 йилда 89 нафар зоминлик ёшлар хорижга ишлагани кетган. Уларнинг 9 нафари меҳнат шартномаси билан, қолган 80 нафари эса таниш билишлари орқали норасмий иш билан машғул бўлган. Шу ўринда ҳуқуқбузарлик ёки жиноий ҳатти ҳаракатларнинг бекорчиликдан ёки ноқобил ва нотинч оила муҳитидан келиб чиқиб содир этилишини ҳисобга олсак, биз ҳали бу муаммолар ечими билан умуман шуғулланмаганлигимиз маълум бўлиб қолади.

Бўлиб ўтган учрашувда вилоят ҳокими ёшлар бандлигини таъминлашнинг 3 та йўналиши бўйича иш олиб бориш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади. Дарҳақиқат, Зоминнинг ўзига хос қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш муҳити бор. Бу ерда боғдорчилик, мева-сабзавотчилик ва полизчиликнинг қадимий ноёб услублари ҳамда замонавий методларини бирлаштирган ҳолда ердан самарали фойдаланиш оилалар иқтисодининг яхшиланишига хизмат қилиши турган гап. Шунинг учун "Ёш фермерлар уюшмаси”ни ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлади. Уюшма тадбиркорларга ердан фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш, қайта ишлаш, зарурат туғилганда маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашади.

Маълумотларга қараганда, ривожланган мамлакатларда сервис хизмати кўрсатиш 70 ҳатто 80 фоизгача даромад берар экан. Ана шуни ҳисобга олиб, сервис хизмати кўрсатишни Зоминда ҳам янада кенгайтириш мумкин. Бу соҳани йўлга қўйиш имкониятлари етарли. Бунинг учун имтиёзли банк кредитлари асосида қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган барча мини-технологияларга эга бўлган МЧЖлар ташкил этиш зарур.

Бугун вилоятимиз, қолаверса Зомин тумани ҳудуди катта қурилиш майдонига айланган. Аксарият қурилиш ташкилотлари қўшни вилоятлардан келган фуқаролар меҳнатидан фойдаланаяпти. Ана шуни ҳисобга олиб, доимий иш билан банд бўлмаган ёшларни қисқа ўқув курсларида қайта тайёрлаб, мутахассис кадрлар етиштириш, уларни ҳудудлардаги қурилиш ташкилотлари қошидаги "Қурувчи ёшлар отрядлари”га жалб этиш вақти келди. Ана шундай қилинганда қурувчи кадрлар заҳираси шаклланади. Ишлаб топилган маблағлар вилоятнинг ўзида қолади.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда китобхонлик савиясини ошириш, мутолаа маданиятини юксалтиришга катта аҳамият берилаётир. Лекин, кўпгина ёшлар китобдан узоқлашиб, кўп вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказмоқда. Ана шуни эътиборга олиб, ёшлар ўртасида китобхонлик савиясини ошириш мақсадида ҳар йили "Энг китобхон мактаб”, "Энг китобхон маҳалла”, "Энг китобхон оила” танловларини ўтказиш мақсадга мувофиқ деб топилди.

Учрашувда иштирок этган ёшлардан Фарруҳ Қаршибоев, Дилноза Тошпўлатова, Мадина Тўрабекова, Муҳсина Ғофурова ва бошқалар тижорат банклари томонида имтиёзли кредитлар ажратилишидаги сансалорликлар, ҳокимиятнинг ёш тадбиркорларга ер берилишидаги муаммолар, чорвачилик ҳамда паррандачиликни ривожлантириш истиқболлари ва бошқа бир қанча масалалар юзасидан ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар. Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини бошлашига тўсиқ бўлаётган бир қатор муаммолар шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди. Вилоят ҳокими У.Узаков ана шу масалаларга алоқадор бўлган туман ва вилоят ташкилотлари раҳбарлари зиммасига учрашувда кўтарилган муаммоларни зудлик билан бартараф этиш юзасидан аниқ вазифалар юклади.

Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботир Тўхтамишев, Зомин тумани ҳокими Санақул Умрзоқовлар иштирок этдилар.

Бекпўлат ТОҒАЕВ.

скачать dle 10.6фильмы бесплатно
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.