DataLife Engine > Иқтисодиёт > АДЕМ ТЕРЗИ: Ўзбекистонда ҳам текстиль ривожланишига шубҳам йўқ

АДЕМ ТЕРЗИ: Ўзбекистонда ҳам текстиль ривожланишига шубҳам йўқ


18-06-2020, 14:46. Разместил: User

Бугунги кунда юртимизда ўта харидоргир бўлган "турецский" уй-рўзғор, текстиль маҳсулотларнинг ҳаммаси ҳам Туркиянинг ўзида ишлаб чиқарилмайди. Уларнинг маълум қисми, йилига 10 минг тонна маҳсулот ўзимизда — "Arnasoy Gold Tex" қўшма корхонасида тайёрланади.


МЧЖ шаклидаги корхона 2017 йилда ташкил топган бўлиб, "Zarin home collection" бренди асосида маҳсулот ишлаб чиқаради. Бу ерда момиқ ва уй-рўзғор текстиль маҳсулотлари тайёрланади. Ҳозирга қадар 600 та иш ўрни яратилган бўлиб, 2022 йилга қадар уларнинг сони 1200 тага етказилади.

Корхонада ишлаб чиқариш жараёни тикиш ва аксессуарларни тўқишдан иборат. Хом ашё ҳисобланган мато Туркиядан импорт қилинади. Бу ерда момиқ сочиқлар, халат ва болалар кийими, парда, кўрпа-тўшак, уй-рўзғор текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 10 минг тонна тайёр маҳсулот бўлиб, 2019 йилда жами 250 миллиард сўмлик маҳсулот буюртмачиларга етказиб берилган. Дарвоқе, арнасойлик ёшлар меҳнати билан қадоқланган маҳсулотлар тўлиғича Россия Федерациясига экспорт қилинади. Ички бозорни таъминлаш учун эса пойтахтимизда фаолият кўрсатаётган "Zarin home collection" номли тармоқ магазинлари ташкил этилган.

Биз корхона бош ижрочи директори Адем Терзи билан мулоқотда бўлдик:

—Нима учун айнан Арнасой ту-манига инвестиция қиритдингиз?

—Албатта, Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари ҳам менинг таклифимга талабгор эдилар. Аммо Арнасой тумани чекка ва ишлаб чиқариш ривожланмагани учун шу ҳудудни енгил саноат марказига айлантиришга қарор қилдим. Минглаб ёшлар ишли бўлсин, Туркиянинг харидоргир моллари бу ерда арзон нархда ишлаб чиқарилсин, деган ниятим амалга ошди.

—Хом ашёни импорт қилишдан кўра шу ерда ишлаб чиқариш арзон эмасми?

—Йилига 5000 тонна текстиль матоси ва аксессуар тўқиш учун калаваип келтирилади. Иш ўринларини 1200 тага етказиш деганда шуни тушуниш керакки, пахтачилик кластерини тузиб, ипкалавадан тортиб, мато тўқишгача шу ернинг ўзида бажарилади. Албатта, ҳозиргача бажарилган ишларнинг бари босқичма-босқич амалга ошаяпти. Кластер тузиш ҳам келгусидаги режа-ларимиздан бири.

—Қисқа муддатга мўлжалланган режаларингиз.

—Йил охирига қадар корхона ҳудудида ишчиларнинг фарзандлари учун мактабгача таълим муассасаси очмоқчимиз. Шароитлар Туркия мактабгача таълим стандартлари асосида бўлади. Шунда ходимлар болаларидан кўнгли хотиржам бўлиб ишлайдилар. Иш ўринлари ҳам кўпаяди.

—Айтингчи, юртингизда текстиль саноати нима учун бу қадар ривожланган?

—Дарҳақиқат, дунёдаги 1000 дан ошиқ текстиль брендларининг бариси бизнинг мамлакатимиз томонидан ўзлаштирилган. "Versace", "Roberto Coval`oni" каби брендларнинг 70-80 фоизи Туркияда ишлаб чиқарилади. Бунинг сабаби шуки, текстилга ишлаб чиқариш эмас,санъат даражасида қараш шаклланган. Коллеж ўқувчилари текстиль корхоналарида стажировка ўтайди. Бу соҳага 30 ёшдан кейин киришнинг фойдаси йўқ. Аммо 14 ёшида кириб, қизиққан бола олий таълимда ҳам енгил саноат соҳасини танлаб, келажагини шу соҳада кўради. Бу юртимизда жуда оммалашган одат. Худди Ўзбекистонда кўпчилик қизлар ҳамширалик касбини танлагани каби. Корхонамиздаги қизларнинг 70 фоизи тиббиёт коллежини тамомлаган. Ўйлайманки, Ўзбекистонда ҳам енгил саноатга қизиқиш шу тарзда ошиб боради.

—Туркияда пахта етиштирила-дими?

—90-йилларнинг бошигача етиштирилар эди. Аммо бу ўзини кўп ҳам оқламаган. Собиқ иттифоқ тарқалгач, Туркия кўп миқдордаги пахтани собиқ иттифоқ давлатлари, Ҳиндистон ва Покистондан импорт қила бошлади. Пахтани етиштиришдан кўра, уни қайта ишлаб сотиш афзаллиги ҳисоб-китоб қилинди. Пахтанинг ўрнига помидор, бодринг, егулик экинлари экилди. Ҳисоб-китоб қилиб кўрайлик. 2 долларга 1 кг. пахта толаси харид қилинади. 1 кг. толадан 1 кг. мато (полотно) олинади. Бундан 5 дона тайёр маҳсулот тайёрланади. Бир дона маҳсулот 15 доллардан сотилади. Экспортчи давлат 100 млн. долларга пахта толаси экспорт қилса, 500 млн. долларга тайёр кийим-кечакни импорт қилади. Буни капитализм дейдилар. Бу тизимни яхши билиш керак. Ўйлаб кўринг, Туркия дунёда текстиль бўйича биринчи ўринда туради, аммо ўзининг бир грамм пахтаси йўқ. Агар пахта экспорти тўхтаса, текстиль саноатимиз ҳам тўхтаб қолади.

Пахта етиштириш жуда машаққатли ва серхаражат юмуш. Шу сабабли мен келгуси фаолиятимда албатта, текстиль кластерини ташкил этишга қарор қилдим.

—"Zarin home collection" бренд сифатида ўрнини топа оладими?

—Қатор Европа ва Россия шаҳарларида бизнинг тармоқ дўконларимиз ишлаб турибди. Ўйлайманки, Арнасойда босилган илк қадамларимиз ўзини оқлаб, кейинги босқичлар ҳам муваффақиятли амалга ошади.

Муқаддас НОРБЕКОВА суҳбатлашди.

скачать dle 12.0
Вернуться назад