DataLife Engine > Иқтисодиёт > ТОМОРҚА – ХОНАДОН БАРАКАСИ

ТОМОРҚА – ХОНАДОН БАРАКАСИ


17-01-2022, 09:21. Разместил: User

Мамлакатимизда ички истеъмол бозорини қишлоқ хўжалик, парранда ва гўшт маҳсулотлари билан тўлдириш масаласига доимий эътибор қаратилмоқда. Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида бозорларимизда озиқ – овқат маҳсулотларининг мўл – кўллиги, нарх – навонинг барқарорлиги таъминланаётир.

   Вилоятимиз бозорларидаги бундай барқарорлик ва тўкинликни таъминлашда Шароф Рашидов тумани деҳқон-у тадбиркор-ларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Улар хонадонларидаги томорқала-ридан унумли фойдаланиб, асалари уялари, иссиқхоналар ташкил этишмоқда. Бу юртимизда тўкинлик бўлиши ва халқимиз турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.

   — Шаҳримиз бозорларида қиш мавсумида янги узилган помидор, бодринг ёки кўкатлар-у ситрус меваларнинг бўлишини илгари тасаввур қилиш қийин эди, – дейди «Раваллиқ» маҳалласида яшовчи онахон Қундузой Исматова. – Эндиликда йилнинг тўрт фаслида ҳам бозор расталари озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўла.

   Ҳукуматимиз томонидан мева-сабзавотчилик, асалчилик, қуёнчилик, чорвачилик – бир сўз билан айтганда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг қўллаб қувватланиши натижасида юртимизда боғ ва сабзавот етиштиришга мўлжалланган майдонлар кенгайтирилмоқда. Мева – сабзавотчилик ва узумчилик билан шуғулланувчи деҳқон хўжаликлари, бундан ташқари, ўз томорқаларида ҳам кичик – кичик иссиқхоналар бунёд этишаётган юртдошларимиз сони йилдан йилга ошаётгани қувонарли ҳолат.

   «Раваллиқ» маҳалласида ҳам аҳоли ўз томорқаларидан унумли фойдаланиб келмоқда. Кимлардир дарахт экиб, боғ барпо этган бўлишса, бошқалари ҳар йили уруғ экиб деҳқончилик қилишади. Сўнгги йилларда баъзи хонадонлар ўз томорқаларида иссиқхоналар бунёд этишиб, ситрус мевалар етиштиришмоқда.

   Хонадон эгалари иссиқхонада лимон ва мандариндан ташқари, рўзғорлари учун витаминларга бой кўкатлар етиштирмоқда. Рўзғордан ортган маҳсулотлар бозорга чиқарилмоқда. Экологик тоза, нисбатан арзон бу неъматларга бозорларимизда талаб катта.

   – Иссиқхона машаққатли меҳнат талаб этмайди, – дейди Қундузой Исматова. – Фақат агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириб бориш лозим, холос. Турмуш ўртоғим Мурод Исматов бу борада анча тажриба тўплаган. Ҳозирда иссиқхонанинг асосий ишларини невараларимиз бажаришаяпти. Чорванинг гўнгини суюқ “шарбат” қилиб кўчатнинг тагига солиш ҳосилнинг ортишида катта хизмат қилишини уларга айтишдан чарчамаймиз.

   Мурод Исматов хонадонида ҳар йили 1,5-2 тоннага яқин мехнат лимон етиштириб, оиласига қўшимча даромад келтирмоқда. Олинган фойда эвазига невара ва эвараларининг тўйларини ўтказди.

   Бугун вилоятимизда ана шундай хонадонларнинг ташаббуси билан халқимизнинг турмуш даражасини яхшилаш борасида қилаётган меҳнатлари таҳсинга лойиқ.


Лазиз МАМАТҚУЛОВ

Суратда: Қундузой Исматова томорқасидаги иссиқхонада

етиштирилаётган лимон ҳосилидан мамнун.

Муаллиф олган сурат.
скачать dle 12.0
Вернуться назад