DataLife Engine > Иқтисодиёт > УСТИ ЯЛТИРОҚ, ИЧИ ҚАЛТИРОҚ

УСТИ ЯЛТИРОҚ, ИЧИ ҚАЛТИРОҚ


22-02-2021, 14:36. Разместил: User

   Амир Темур маҳалласи аҳли Жиззах шаҳридаги энг боҳаво бўлган Туркистон ва Нурота тоғ тизмалари туташган қир ёнбошида жойлашган. Маҳалла эрта баҳордан яшилликка бурканади. Негаки ҳар бир хонадон эгаси ўз томорқасида мўъжазгина боғ барпо этган. Шунинг учун маҳалла аҳли ҳам баҳордан то қиш тушгунга қадар шу боғларда меҳнат қилади. Чорва моллари бор одамлар сигир ва қўйларини қирларга ҳайдашади. Маҳаллада камдан кам одам харид учун бозорга боради. Чунки, озиқ-овқат маҳсулотларини ўзлари етиштиришга ўрганиб қолишган.

   — Маҳалламиздаги 24-умумтаълим мактаби ва давлатга қарашли 41-МТТ бор, — дейди маҳалла раисининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Зулайҳо Мамаюсупова.

   Самарқанд ва Жиззах шаҳарларини боғлаб турган йўл ёқасидаги мактабнинг атрофи тозаланиб, бино деворлари оқланган. Хуллас, бу ерда ўз мактабини севувчи, ардоқловчи жамоа борлиги сезилиб турибди.

Маҳалла раисининг ўринбосаридан МТТ қаерда жойлашганини сўрадик. Зулайҳо Мамаюсупова нимадандир истиҳола қилгандай ўйланиб қолди. Кейин ноилож бизни маҳалланинг ички кўчаларидан бирига бошлади.

Аслида боғча ҳам катта йўлга яқин жойда экан. Бу ерда ҳам бино оқланган, ҳовлисидаги кўргазмали қуролларга қараганда туппа-тузук муассасага ўхшайди. Аммо... негадир дарвозаси қулфлаб қўйилган экан.

   — Ҳозир боғчамиз ишламаяпти...

   — Бу бинода болаларни қабул қилиб бўлмайди, — дея гап бошлади ёнимизга келиб ўзини халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгашининг депутати Болибек Сатторов деб таништирган киши. — Деворлари зўрға ушлаб турибди, кутилмаганда қулаб тушиши мумкин.

   МТТ биноси 1947 йилда ҳашар йўли билан лой ва гуваладан қурилган экан. Ўша даврларда бу бинодан мактаб сифатида кўп йиллар фойдаланилган. Мактаб учун пишиқ ғиштдан алоҳида бино қурилгач, пахса деворли бино боғчага берилган экан.

   Бинонинг кичик макетини яратиб, хоҳлаган музейга қўйса бўлади. Бу ҳам етмагандай 2009 йилда ёнғин чиқиб, бино анча зарар кўрган экан.

   — Ўшанда капитал таъмирланган эканда? — деган савол билан Болибек акага юзландик.

   — Қаёқда дейсиз, бир "ақлли" одам келиб бинонинг зарар кўрган қисмларига пластик материал ёпиштиришни буюрди. Таъмирга пул йўқ эмиш.

   Ниҳоят қоровул келиб дарвозани очди. Ичкарига кириб ҳайратга тушдик, чунки, автоҳалокатга учраган кишини касалхонада дока билан қандай ўраб-чирмаб ташлашса, бино ҳам шундай пластик материал билан ўраб ташланган эди. Шифтга ёпиштирилган пластикнинг анча жойи шишиб турибди.

   — Шифтнинг бу жойлари девордан ажраб кетган ёғочлар тушиб кетгандан кейин шундай бўлиб қолди, — изоҳ берди депутат ака.

   Ё, алҳазар шу бинода маҳалла аҳлининг 150 нафар фарзанди кунларни ўтказган-ми?! Ўтган даврлар мобайнида қанча-қанча раҳбарлар келиб кетди. Наҳотки, болалар тақдирига шунча бефарқ одамлар шаҳар халқига "йўлбошловчи"лик қилган? Ҳа, давлатимиз раҳбарининг куйиб-ёнгани бежиз эмас!

МТТ мудираси Маҳбуба Норматова билан телефон орқали боғланиб, суҳбатлашдик.

   — Мен бино қурилишини йил режасига киритиш учун бўлимга келган эдим. Ҳужжатларини тўплаб, суратлар билан тақдим этдим. Тарбияланувчиларни маҳалладаги шароити талабга жавоб берадиган хонадонларга бўлиб чиқдик, таълим-тарбия дастурида узилишларга йўл қўйиб бўлмайди-ку ахир, — деди у.

   — Мен депутат сифатида бир неча марта сайловчиларим талаби билан боғча масаласида шаҳар ҳокимига депутатлик сўрови билан чиққанман. Бироқ бирорта сўровимга жавоб олмадим, — дейди Болибек Сатторов.

Ҳа, депутатнинг сўрови изсиз йўқолган экан, оддий халқнинг мурожаати нима бўлаяпти, у ёғини Худо билади.

   Президентимиз мамлакатимиздаги барча болаларнинг замонавий МТТларда бошланғич таълим-тарбия олишлари учун давлат бюджетидан миллиардлаб маблағлар ажратмоқда. Давлат шерикчилиги асосида МТТ бинолари қурилиши учун тадбиркорларга камфоизлик кредитлар берилмоқда. Амир Темур маҳалласида мактабгача ёшдаги болаларни МТТларга қамраб олиш масаласи у ёқда турсин, давлат МТТнинг янги биноси қурилиши ҳал бўлмай турибди.

   Ишқилиб бу усти ялтироқ, ичи қалтироқ бино ағдарилиб тушмасдан боғча мудираси-ю депутат Болибек аканинг югуриб-елишларидан натижа чиқсинда!

Асад МУСТАФОЕВ.

скачать dle 12.0
Вернуться назад