Регистрация Войти
Вход на сайт
Качественные бесплатные шаблоны dle скачать с сайта
Реклама
» » ИҚТИСОДИЙ ИХТИСОСЛАШУВ: ЯНГИОБОД

ИҚТИСОДИЙ ИХТИСОСЛАШУВ: ЯНГИОБОД

18-06-2020, 14:37
Автор: User
Просмотров: 69
Комментариев: 0
Версия для печати

   

   МЕВА-САБЗАВОТЛАР ФАҚАТ ЭКСПОРТГА

   Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 майдаги "Республика ҳудудларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштиришбўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори ижросини таъминлаш юзасидан ҳудудда босқичма-босқич, режа асосида белгиланган вазифалар амалга оширилмоқда. Бунда тумандаги мавжуд ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, аҳолини мева-сабзавот маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда ҳудуд учун мос қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш, самарасиз боғлар ўрнида экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиришни давр тақозо этмоқда.

   2020-2022 йилларда туман бўйича 10195 гектар ер майдони, шундан, 2709 гектар узумзор, 2089 гектар боғ, 100 гектар иссиқхона, 1225 гектар сабзавот, 4072 гектари озуқа экинлари экиш учун ихтисослаштирилади. Бунинг баробарида "Хўжамушкентсой", "Баландчақирсой", "Сармич саховати", "Қўшқанд булоғи" сув истеъмолчилари уюшмасида боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчилик, иссиқхона ва озуқа экинлари етиштириш учун ер ажратилади. "Бир маҳалла — бир маҳсулот" тамойили асосида ишсиз ёшларни янги иш ўрни билан таъминлаш мақсадида Сармич, Баландчақир, Янгиобод, Совот, Шодлик, Хўжамушкентда 455 гектар гилосзор, "Дўстлик", "Ҳавотоғ" қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида 210 гектар узумзор ташкил этилади.

   Фаолиятини бошлаган "Пасткичақир сарчашмаси", "Муллажонов Ўткиржон", "Пучуғой ниҳоли", "Ибрат барака иқболи", "Янгиобод агрокапитал" ишлаб чиқариш кооперативлари ташаббуси билан 665 нафар ёшларга бир гектардан ер майдони ажратилиб, янги иш ўринлари яратилади.

   2020-2022 йилларда туманда янги боғ ва токзорлар, иссиқхоналар ташкил этиш учун республика бюджети ва хорижий инвесторларнинг маблағлари ҳисобидан 454 миллиард 543 миллион сўм йўналтирилади. Туманда қишлоқ хўжалиги экинларини ихтисослаштириш ҳисобига 4200 та янги иш ўрни яратилади. Яқин уч йилда ҳудудда 39930 тонна сабзавот, 67725 тонна узум, 23977 тонна мева етиштирилиб, олинадиган ялпи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тўғридан-тўғри экспортга йўналтирилади. Шунингдек, чорва моллари учун 84750 тонна қўшимча озуқа базаси жамғарилади.

   

   АГРО ВА ЭКОТУРИЗМ ДАРОМАД ЙЎЛАГИ

   Туманда 2020-2021 йилларда саноат, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги йўналишларида қиймати бир миллиард 287 миллион сўмдан ортиқ истиқболли лойиҳалар амалга оширилади. "ЯнгиободБахт агро" (ғаллачилик), "Yangiobod Grape Garden" (узумчилик), "Fu Lai Ge" хўжалик илмий технологик кластери (Хитой), "GER-MAN COLLECT" МЧЖ (паррандачилик), "YANGIOBOD ECO VEGETABLS" МЧЖ қўшма корхонаси (Афғонистон), "Янгиобод ECO туризм маркази" ташкил этилиши натижасида ҳудуднинг агро ва экотуризм йўналишидаги жозибадорлигини янада ошириш имконияти туғилади.

    — Географик жойлашувига кўра, табиати, иқлими, сархил мевалари билан ҳар қандай сайёҳни мафтун эта оладиган гўшалар ҳудудимизда бисёр, — дейди инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича туман ҳокимининг ўринбосари Сарвар Пўлатов. — Бу борада ташаббус-кор тадбиркорларнинг лойиҳаларини қўллаб-қувватлаймиз ҳамда туманимизнинг туризм йўналишидаги имконияти, салоҳияти борасидаги таклифларни ўрганиб чиқаяпмиз.

    ҲАР БИР ОИЛА ЭЪТИБОРДА

    Пандемия шароитида ишлаш имкони чекланиб, даромади камайган, эҳтиёжманд оилалар сонининг ўсиши табиий ҳол. Сектор раҳбарлари томонидан хонадонлар уйма-уй юриб ўрганилганда, 408 та кам таъминланган оиланинг 770 нафар меҳнатга лаёқатли ишсиз аҳоли рўйхати шакллантирилди. Туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими қошида ташкил этилган ҳомийлик маблағларини мувофиқлаштириш маркази томонидан карантин даврида мурожаат қилган 226 нафар фуқарога бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Оғир ижтимоий муҳофазага муҳтож 115 оила ва унда яшовчи 489 нафар фуқаро озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий воситалар билан таъминланди. Ҳар бир эҳтиёжманд фуқарога 180000 сўмлик истеъмол меъёрлари белгиланиб, май ойи учун уларнинг банкда очилган пластик карталарига 85,3 миллион сўмлик маблағ ўтказилди.

   "Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракати доирасида аҳолига 95 миллион сўмлик ҳомийлик ёрдами кўрсатилди. Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш мақсадида 649 нафар ишсиз фуқаро қурилиш, саноат, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги тармоқларига ҳамда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилди. 408 та хонадонда ихчам иссиқхоналар ташкил этиш, қуёнчилик, паррандачилик, куркачилик йўналишларига жалб қилиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш чоралари кўрилаётир. 31 та оилада истиқомат қилувчи аҳолининг тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини инобатга олган ҳолдауларга 565 миллион сўмлик кредит маблағлари олиш учун банкка ҳужжатлар тақдим этилди. Бандликка кўмаклашиш маркази давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан 133 нафар фуқарога енгил конструкцияли иссиқхона ташкил этиш, уруғ, кўчат, суғориш воситаларинихарид қилиш учун 127 миллион сўм субсидия ажратилди.

   Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги "Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига кўра, тумандаги оғир турмуш шароитида яшаётган аёллардан 12 нафарининг бандлиги таъминланди.

   ШАХСИЙ ТОМОРҚАДОИМО ИШОНЧЛИ

    "Баландчақир" маҳалла фуқаролар йиғинининг Нурафшон кўчасидаги 12-уйда 81 ёшни қаршилаган Даврон бобо Норматов ҳамда Муяссар она Қосимова (75 ёш) умргузаронлик қилади. Олти қиз, бир ўғилни уйли-жойли қилиб, бугун 24 невара, 17 эвара қуршовида бахтли ҳаёт кечираётган бу оилага кўпчилик ҳавас қилади. Даврон бобо йигирма йил туман тез ёрдам бўлимида ҳайдовчилик, турмуш ўртоғи Муяссар опа эса туман туғруқхонасида 35 йил доялик қилди.

   — 17 сотих томорқам бор, — дейди Даврон бобо. — 6 сотихи картошка, 2 сотихи иссиқхона, 1 сотихида саримсоқ пиёз, 84 туп ток, 50 туп мевали дарахт, бу ерда қулупнай, лавлаги, сабзи, кўкатлар экилган, — деб пайкалмапайкал томорқаси томон етаклайди хонадон соҳиби.

   — Карантин даврида зерикишга вақт йўқ, болам, — дея суҳбатга қўшилади Муяссар она. — Бир жойда ўтиролмаймиз. Суягимиз меҳнатда қотган. Томорқа овунчоғимиз. Кундалик эҳтиёж учун ўз боғингдан етилиб турган неъмат қанчалик азиз ва ширин бўлишлигини меҳнат қилган кишигина ҳис қилади.

    Ёлғиз ўғил Дилшоджон тумандаги 1-мактаб директори. Турмуш ўртоғи Шаҳнозахон уй бекаси. Нурбек ва Асила томорқа ишларида бобо-бувисига ёрдамчи. Норматовлар нафақат рўзғори, ортиқча қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан маҳалла дўкони, бозорни ҳам таъминлашаяпти. Оиланинг ўртача йиллик даромади 15-20 миллион сўмни ташкил қилади.

    — Жуда сахий оила, хонадонга кирган киши қуруқ қўл билан чиқмайди, — дейди хотин-қизлар билан ишлаш бўйича маҳалла фуқаролар йиғинининг ўринбосари Зулфия Абдураимова. — Маҳалламизда 3388 нафар аҳоли истиқомат қилади. 574 та хонадоннинг 12 таси кам таъминланган оила бўлиб, Норматовларга ўхшаган тадбиркорлар томонидан эҳтиёжмандларга озиқ-овқат маҳсулотлари, ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилади.

   "Янгиобод" шаҳарча фуқаролар йиғинининг Тинчлик кўчасидаги хонадонлардан биридамиз. Ўктамжон Расулбердиев — йигирма тўққиз ёшда. У ўтган йили "Ҳар бир оила — тадбиркор" дастурига мувофиқ "Қишлоққурилишбанк"нинг туман филиалидан 30 миллион сўм кредит олиб, 2,5 сотих иссиқхона ташкил қилди. Замонавий, томчилатиб суғориш усулидаги иссиқхонага 2000 туп "фантина" бодринг навини экди. Ёш тадбиркор томорқасидан олган даромади ҳисобига бу йил қўшимча яна битта 2,5 сотихли иссиқхона қурди.

   — Нима учун ҳар иккала иссиқхонага бодринг экилган?

   — Бодринг 35-40 кунда тез етилади. Ҳосили ҳам мўл, асосийси, бозорбоп маҳсулот, — дейди Ўктам Расулбердиев.

   Хонадонда иссиқхона ташкил этишда раҳматли Мукаррама Раҳмонбердиеванинг фарзандига берган маслаҳати, йўл-йўриғи, кўрсатмаси ёш тадбиркорнинг янада ғайратини оширди. Илк ҳосил чўғидан ўшанда онанинг севинчи ичига сиғмасди.

   Ўктамжон Расулбердиев хонадонидаги саккиз сотихдан иборат эски токзор ўрнида очиқ усулда помидор ва 60 туп экспортбоп олма нави кўчатини экишни режалаштирган.

   КЎНГИЛ СУВИДАН ГИЁҲ УНАДИ

   "Янгиобод-Ховос" масъулияти чекланган жамияти томонидан 300-400 метр баландликдаги адирликда 50 сотихли иссиқхона бунёд этилди. Тадбиркор Шавкат Маъмурбоевнинг саъй-ҳаракати билан саккиз блокдан иборат иссиқхонада помидор, бодринг, булғор қалампири ва лимон кўчатлари парвариш қилинаётир. 30 метр пастдан насос ёрдамида сув чиқарилди. Айни пайтда иссиқхонадаги биринчи ҳосил пишиб етилди. Иш бошқарувчи Давлат Маъмурбоевнинг таъкидлашича, иссиқхонадан 30 тонна помидор, 20 тонна булғор қалампири, 10 тонна бодринг, 5 тонна лимон олиш мўлжалланмоқда. Тадбиркорга Илҳом Тожимуродов, Сардор Низомиддиновлар қанот бўлмоқда. Адирликда жамият аъзолари яна қўшимча 50 сотихдан иборат иссиқхона барпо этишни режалаштиришган. Бу йил тадбиркор Ш.Маъмурбоев 1000 туп калифорния ёнғоғи кўчатлари экди. Ёнғоқ тўғридан-тўғри экспортга йўналтирилади.

   Жамиятга қарашли адирликда бунёд этилган сиғими 150000 дона хом ғишт ишлаб чиқариш қувватигаэга корхонада иш бир меъёрда кетаяпти. Суткасига 30000 дона тайёр маҳсулот пешма-пеш буюртмачларига етказиб берилаётир. Мижозларга қулайлик яратиш мақсадида жамият ғишт корхонасидан иссиқхонагача бўлган бир километрлик йўлга асфальт ётқизиш режа қилинган.

    Фаолият бошлаганига тўрт йил бўлган Дўстбек Абдуҳолиқов тиниб-тинчимаганёш тадбиркорлардан саналади. Мулкдор "Микрокредитбанк"нинг Зомин туман филиалидан 120 миллион сўм кредит олиб, "Зиё нон ва ширинликлари" хусусий корхонасини ташкил қилди. У "China Leans Empeks" фирмасининг нон ва қандолат маҳсулотлари пиширишга мўлжалланган 2 тапечини харид қилди. Кунига 600 дона нон пешма-пеш буюртмачи ташкилотларга, савдо дўконларига етказиб берилаётир.

   — Галдаги режам кирсовун, сода ва қанд ишлаб чиқариш корхонасини ташкил қилмоқчиман, — дейди Дўстбек Абдуҳолиқов.

    Янгиободда оловқалб, тадбирли ёшлар орзуси амалга ошмоқда. Туманда бугуни ва эртаси янада ёруғ ва обод бўлишини таъминлайдиган истиқболли лойиҳалар бўй кўрсатаверсин, деймиз.

Зоир ЭРГАШЕВ.

("Жиззах ҳақиқати")

Лазиз МАМАТҚУЛОВ олган суратлар.

скачать dle 12.0
Рейтинг статьи:
  
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.