ЯНГИОБОДЛИК ЁШ ТАДБИРКОР![]() Бўладиган бола бошидан Янгиобод туманининг “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Юксалиш” қишлоғилик Сарвар Назарқуловга нисбатан шу иборани келтириш ўринли. Ёш қаҳрамонимиз тадбиркорлик билан шуғулланиб, паррандачиликни йўлга қўйди. Сарвар қишлоқдаги 2-сонли мактабда таҳсил олиб, сўнгра Янгиер шаҳридаги академик лицейида ўқишни давом эттирди. Билим даргоҳини муваффақиятли тугаллаб, яна қишлоғига қайтди. Кунлардан бир куни Сарвар уйдагиларга тадбиркорлик билан шуғулланишини айтиб қолди. Уни акаси Элдор қўллаб-қувватлаб, паррандачиликни йўлга қўйишни маслаҳат берди. Бу таклиф Сарварга маъқул тушди. Дадаси ҳам маблағдан ёрдам қилишини яшириб ўтирмади. Хуллас, “Кенгашли тўй тарқамас” деганларидек, уйдагиларнинг розилигини олган Сарвар енг шимариб ишга киришди. Даставвал Тошкентдан 200 бош гўшт йўналишидаги жўжа келтириб, парваришга киришди. Бир товуққа ҳам дон, ҳам сув деганларидек, етарли миқдорда парранда озуқаси, дори-дармон келтирди. 3 ойда жўжалар гўштга тайёрланиб, аҳолига сотилди. Қисқаси, жўжа парваришидан анчагина даромад кўрилди. Шу-шу Сарвар бу хайрли ишнинг бошини тутди. Парранда боқишнинг паст-баландини мустақил ўрганди. Секин-аста жўжалар бош сонини кўпайтириш йўлларини излади. Эндиликда ёш таддбиркор 2000 бошдан зиёд жўжани боқиб, парвариш қилаяпти. Тошкент, Самарыанд ва Сирдарё вилоятларидаги паррандачиликка ихтисослашган корхоналар билан алоқаларни йўлга қўйгани ишнинг олдинга силжишига туртки бўлди. —Парранда боқиш жуда ҳам масъулиятли иш экан,—дейди Сарвар.— Айниқса, ёш жўжаларни парвариш қилиш кўп меҳнат талаб қиларкан. Улар касалликка ҳам тез чалинаркан. Шунинг учун аввало озуқа, ем, дори-дармон ҳамда витаминларнинг заҳирасини яратамиз. Мутахассислар маслаҳатига қулоқ тутамиз. Эндиликда ўзимда ҳам етарли тажриба тўпланди. Ниятим — халқимиз дастурхонига парҳез гўшти етказиб бериб, эл маъмурчилигини тўкин қилиш. Шу мақсадда тадбиркорликни янаям ривожлантирмоқчимиз... Мамлакатимизда паррандачиликни ривожлантиришга катта эътибор берилаяпти. Бундан руҳланган Сарвар Назарқулов “Қишлоққурилиш банк”нинг Янгиобод филиалидан 50 миллион сўм имтиёзли кредит олишга эришди. Бунда банк ходими Сардор Тангирқулов ҳам катта амалий ёрдам берди. Сарварнинг ниятлари кўп. Ёш тадбиркорнинг хайрли ишларига омад тилаймиз. Абдушукур ЛАПАСОВ. Суратда: Сарвар дадаси Аъзамқул ака билан паррандаларни кўздан кечирмоқда. Б.ҚУДРАТОВ олган сурат. Рейтинг статьи:
|
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.