Регистрация Войти
Вход на сайт
Качественные бесплатные шаблоны dle скачать с сайта
Реклама
» » КЎП КВАРТИРАЛИ УЙЛАР ИШИНИ ҚАНДАЙ БОШҚАРИШ МУМКИН?

КЎП КВАРТИРАЛИ УЙЛАР ИШИНИ ҚАНДАЙ БОШҚАРИШ МУМКИН?

29-01-2020, 09:36
Автор: User
Просмотров: 240
Комментариев: 0
Версия для печати

   Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 7 ноябрдаги "Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида"ги Қонуни нормаларини апробация қилиш юзасидан Жиззах шаҳрида ҳуқуқий эксперимент ўтказилмоқда.

   Илгари хабар берганимиздек, ўтган ҳафта Жиззах шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, вилоят ва Жиззах шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ўқув-амалий семинарда ушбу ҳуқуқий экспериментни ташкил этишда амалга ошириладиган ишлар ўрганилди.

   Маълумки, коммунал хизмат ҳар бир инсоннинг ва бутун жамиятнинг ҳаётидаги энг зарур соҳа ҳисобланади. Бироқ ана шу муҳим соҳанинг хизмати бугунги кунда давлатимиз томонидан халқимиз турмуш шароитини яхшилаш учун амалга оширилаётган ислоҳотлар талабига жавоб бермаслиги аниқ. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 7 ноябрдаги "Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида"ги Қонунининг ҳаётга татбиқ этилиши соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф қилишда муҳим аҳамиятга эга.

   Қонунни ҳаётга татбиқ этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент олиб борилаётган Жиззах шаҳрида ҳозиргача фаолият юритаётган 52 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг 21 та йўналиш бўйича фаолиятини хатловдан ўтказиш ишлари тўлиқ якунланди. Хатлов натижаларига кўра, ширкатлар фаолиятида қонун талабларига мос бўлмаган кўплаб ҳолатлар, муаммо, камчилик ва ҳуқуқбузарликлар мавжудлиги аниқланди.

   Ўтказилган ҳуқуқий экспертиза соҳани малакали мутахассислар билан таъминлаш асосий муаммолардан бири бўлиб қолаётганлигини кўрсатди. Жумладан, шаҳардаги мавжуд 52 та ширкатдан 7 тасида раислик ўрни бугунги кунга қадар бўш (вакант) турибди.

   Фаолият юритаётган 45 та ширкатдан 16 тасида ширкат раислари ноқонуний равишда тайинланган. Яъни ушбу ширкат раислари шу уйлар мулкдори ҳисобланмайди. Улар бошқа ҳудудларда ёки якка тартибдаги уйларда яшаётган шахслар бўлиб, фуқаролар йиғини раисининг ноқонуний буйруқлари билан тайинланган.

   Фаолият юритаётган 45 нафар ширкат раисининг атиги 7 нафари олий маълумотли бўлиб, қолган 38 тасида ўрта махсус маълумотли ёки шу соҳани тушунмайдиган шахслар ишлаётир. Ширкат раисларининг 10 нафаригина соҳа бўйича мувофиқлик сертификатига эга. Қолганлари шу кунга қадар ушбу соҳа бўйича ўқитилмаган.

   Ширкат раисларининг 80 фоизи уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш соҳаси бўйича умуман маълумотга эга бўлмаган аёллардан иборат. Натижада ширкатларнинг аксарияти махсус мутахассисликка эга, коммунал соҳани тушунадиган, техник хавфсизлик қоидаларини биладиган ходимларга эга эмас.

   Бошқарувнинг лаёқатсизлиги, ширкат раисларининг билим ва малакаларининг етишмаслиги моддий-техник базанинг ночорлиги ва ажратилган банк кредитларидан самарали фойдаланмасликда яққол кўриниб турибди. Ширкатларнинг 48 таси ҳатто хизмат хоналари билан ҳам таъминланмаган.

   Кўп хонадонли уй-жой фондини бошқариш ва ундан фойдаланиш борасида комплекс ёндашув-нинг йўқлиги аҳолига сифатли ва кафолатли коммунал хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришга тўсқинлик қилиб, уй-жой мулкдорларининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Кўп ҳолларда уй-жой фондини техник эксплуатация қилиш ва унда аҳолининг хавфсиз яшаши бўйича белгиланган талаблар бузилишига йўл қўйилмоқда. Бино ва иншоотларни таъмирлаш-тиклаш ишларини бажаришга оид қоида ва муддатларга риоя этилмаяпти, кўп хонадонли уйларга туташ ҳудудларнинг ҳолати санитария нормалари, қоидалари ва гигиена меъёрларига жавоб бермайди.

   Семинарда Ўзбекистон Республикасининг "Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида"ги Қонуни ижросини таъминлашдан кўзланган мақсад ва вазифалар, уни босқичма-босқич амалга ошириш тизими, ижроси юзасидан Жиззах шаҳрида ўтказилаётган ҳуқуқий экспериментнинг аҳамиятига, галдаги вазифаларга тўхталинди. Қонун нормаларини янада такомиллаштириш ҳамда уни республиканинг бошқа ҳудудларида қўллаш бўйича батафсил маълумот берилди.

   Қонунни амалиётга татбиқ этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент Жиззахда, уни жорий этиш республикамизнинг барча ҳудудларида амалга оширилаётир. Шу жиҳатдан ўтказилган тадбир амалий жиҳатдан жуда фойдали бўлди, дейиш мумкин.

Бекпўлат ТОҒАЕВ.

скачать dle 12.0
Рейтинг статьи:
  
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.