Регистрация Войти
Вход на сайт
Качественные бесплатные шаблоны dle скачать с сайта
Реклама
» » Донга тўлди хирмонимиз, ғайратингга балли, ғаллакор!

Донга тўлди хирмонимиз, ғайратингга балли, ғаллакор!

26-06-2019, 09:24
Автор: User
Просмотров: 34
Комментариев: 0
Версия для печати

Ғаллакорларимизнинг заҳматли ва фидокорона меҳнатлари эвазига далаларимизда мўл ҳосил етиштирилди. Юртимизнинг фаровонлиги, тўкин-сочинлиги, элимизнинг ризқ-рўзи бўлган ғалламизни қисқа муддатларда йиғиб-териб олиш учун йил давомида пухта тараддуд кўриб келинди.

"Жиззахагросервис МТП" масъулияти чекланган жамияти ўрим-йиғимда қатнашадиган комбайнларнинг икки сменада тўхтовсиз ишлаши ва эҳтиёт қисмлар захирасига алоҳида эътибор қаратмоқда. Мавсум давомида техникаларнинг ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, ҳосилни талон-тарож қилиш ва нобуд бўлишига йўл қўймаслик юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилди. Шу мақсадда вилоят ҳокимининг 2019 йил 18 майдаги фармойишига асосан вилоят қишлоқ хўжалиги, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар бошқармалари, дон маҳсулотлари корхоналари, "Жиззахагросервис МТП" масъулияти чекланган жамияти ва туман ҳокимлари зиммасига аниқ вазифалар юклатилди.

Ғалла ўримини туну кун ташкил этиш, техникалардан самарали фойдаланиш, ёнилғи-мойлаш материаллари ва керакли эҳтиёт қисмларни ўрим майдонига бевосита етказиш, илғор хўжалик раҳбарлари, отряд бошлиқлари, фермерлар, комбайн ва юк ташувчи автотранспорт ҳайдовчиларини рағбатлантириш чоралари кўрилмоқда.

Бугун мамлакатимизнинг иқтисодий қудрати ва экспорт салоҳиятини янада ошириш, қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожини янги босқичга кўтариш учун тармоққа инновацион технологиялар, кластер тизими кенг жорий этилаяпти. Муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуси билан декабрь ойида қишлоқ хўжалиги ходимлари кунининг байрам қилиниши, "Қишлоқ хўжалиги ходими", "Илғор фермер", "Намунали томорқачи" каби кўкрак нишонларининг таъсис этилиши юртимиз фермерларини қўллаб-қувватлашга қаратилган эътибор ва ғамхўрликнинг яққол намунасидир.

      Вилоятимизда 4624 та фермер хўжаликлари фаолият юритмоқда. 2019-2020 йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида вилоятимизда қиймати 7 триллион 62 миллиард 873 миллион сўмлик 196 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Шундан 678 миллион 730 минг АҚШ долларихориж инвестицияси ҳиссасига тўғри келади. Лойиҳага кўра 8417 та янги иш ўрни ташкил этилиши кўзда тутилган.

Ғалла ўрим-йиғимини уюшқоқлик билан ўтказиш юзасидан белгиланган тадбирларга асосан мавсум илғорларини рағбатлантириш мақсадида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган енгил автомобиллар ва Жиззах шаҳридаги кўп қаватли уйлардан янги хонадонларнинг калитлари топширилмоқда.

Вилоят "Ғалла—2019" штаби бош мутахассиси Ҳалил Эгамовдан олинган маълумотларга кўра, Янгиобод тумани ғаллакорлари 7000 гектар лалми майдондан 2100 тонна дон сотиб, шартномавий режани ошириб бажаришди.

Пахтакор туманидаги "Туркистон", Ҳ.Абдужабборов номли, "Бўстон", Зафаробод туманидаги Ҳожа Аҳмад номли, Дўстлик туманидаги "Оқ олтин", "Халқобод", "Навбаҳор", Мирзачўл туманидаги Абай номли, Зомин туманидаги "Гулистон", "Ўзбекистон", "Ширин", Эргаш Холматов номли, Зарбдор туманидаги "Наврўз", "Нурафшон", Арнасой туманидаги "Бухоро", "Янги Бўстон", "Ҳамдўстлик", Шароф Рашидов туманидаги Ўсар Ҳотамов номли фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмаси ғаллакорлари вилоятда пешқадамлар сафида шартномавий режани уддаладилар.

Пахтакор тумани ғалла ўрим-йиғимида энг яхши натижани қайд этмоқда. 12636 гектар ғалла майдонларидагимўл ҳосил кўзни қувонтиради. 38430 тонналик хирмон бунёд этиш йўлида меҳнат қилаётган ғаллакорлар томонидан туман дон қабул қилиш шохобчасига кунига 2200 тоннадан ортиқ ҳосил топширилмоқда. Ҳозирча 7000 гектар майдондаги дон ўриб-янчиб олинди. 200 га яқин юк ташувчи транспорт воситалари донни хирмонга пешма-пеш етказиб турибди.

     Далаларда ғалла ўрим суръати кун сайин ошиб бораётир. Вилоят ҳокимлигитомонидан энг яхши натижани кўрсатган фермер хўжаликлари раҳбарлари, комбайн операторлари, ғалла ташувчи ҳайдовчиларни моддий рағбатлантириш анъана тусини олган. Бултур пахтакорлик 62 нафар илғор ғаллакор турли русумдаги енгил автомобилларнинг соҳиби бўлишган эди. Бу йил ҳам ғалла топшириш шартномавий режасини ортиғи билан бажарган бир гуруҳ фермерларга имтиёзли шартларда мукофот тариқасида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган автомобилларни навбатсиз олиш имконияти яратилди. Пахтакор дон қабул қилиш шохобчасида бўлиб ўтган тадбирда вилоят ҳокими Эргаш Салиев юртимизда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар, давлатимиз раҳбарининг фермерларга кўрсатаётган ғамхўрлиги ва уларга яратилаётган имкониятлар ҳақида гапирди. Шартнома режасиниортиғи билан бажарган фермерларни табриклаб, уларга "TRACKER", "GENTRA" автомобилларининг калитини топширди.

—Шартномадаги 184 ўрнига 109 тоннаортиқча дон топширдим, — дейди Акмал Икромов номли фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмасидаги "Якка булоқ пахтаси" фермер хўжалигининг раҳбари Ислом Якубов. — Бултур "COBALT", бу йил эса "TRACKER" автомобили билан тақдирландим. Пахтачиликда ҳам астойдил меҳнат қилиб, зиммамдаги мажбуриятни бажаришга ҳаракат қиламан.

Тадбирда "Уфқ даласи" фермер хўжалиги раҳбари Қурбонбой Асқаровга "TRACKER", Равшан Бобоев, Собир Қўшбоқов, Ботир Қодиров, Дилдора Ражабова, Илҳом Юсуповларга "GENTRA" автомобилларининг калитлари ҳам тантанали топширилди.

— Ўтган йили "CAPTIVA", бу сафар туман фермерлари орасида биринчи бўлиб "GENTRA" автомашинасига эга бўлдим, —дейди "Рават" фермер хўжалигининг раҳбари Дадажон Худойбердиев. — Меҳнатининг роҳатини кўриш барчага насиб этсин.

Зафаробод, Мирзачўл, Зарбдор, Дўстлик ва Зомин туманларининг илғор фермерларига ҳам ана шундай имтиёзли мукофотлар топширилди.

Жорий йилги ғалла ўрими мавсумида энг кўп ғалла топширган отряд раҳбарлари, энг кўп ғалла майдонини ўрган комбайн операторлари, энг кўп ғалла ташиган ҳайдовчилар, энг юқори фоиз билан контрактация шартномасини бажарган фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмалари раҳбарлари музлаткич, телевизор, микротўлқинли печ билан мукофотланмоқдалар. Айни пайтга келиб 352 нафар хўжалик ва отряд раҳбарларига телевизор, қўл телефони, дазмол каби турли маиший техника жамламалари совға қилинди.

Бу йилги мавсумнинг асосий жиҳатларидан бири, Вазирлар Маҳкамасининг бошоқли дон етиштиришни янада рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорига кўра, гектаридан ҳосилдорликни 41 центнердан 50 центнергача етказган фермерларга ҳар бир тонна дон учун устамаси билан 1320 сўмдан, 51-60 центнерига 1440 сўмдан, 61 центнердан юқорисига эса 1500 сўмдан ҳақ тўланаяпти.

Фермер меҳнатига яраша даромад олмоқда. Жамиятимиз фаровонлиги, дастурхонимиз тўкинлиги йўлида меҳнатидан бахт топаётган фермерларимиз бой бўлса, давлатимиз ҳам бой бўлади. Бу каби эзгу ишлар замирида қишлоқ мулкдорининг она заминга, меҳнатга муносабати ўзгаргани, деҳқончилик маданияти юксалаётгани намоён бўлаётир.

Зоир ЭРГАШЕВ.

(«Жиззах ҳақиқати»)

Лазиз МАМАТҚУЛОВ

олган суратлар.

Суратда: Шароф Рашидов тумани «Учтепа» фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмасидаги «Ботир-Қилич» фермер хўжалиги раиси (ўнгда) Қилич Туронов ҳамда комбайн оператори Тўрабек Ҳожаматов ҳосил чўғидан мамнун.

Суратда: «Якка булоқ пахтаси» фермер хўжалигининг раҳбари Ислом Якубовга Пахтакор тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Шерзод Шодмонов автомобиль калитини топширмоқда.


скачать dle 12.0
Рейтинг статьи:
  
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.