DataLife Engine > Иқтисодиёт > КУЗДА УЮЛАДИГАН ХИРМОН

КУЗДА УЮЛАДИГАН ХИРМОН


6-02-2018, 15:34. Разместил: Admin

Дўстлик туманидаги Мамажон Дадажонов номли ҳудудий фермерлар уюшмасида кузги-қишки дала ишлари қизғин давом этмоқда. Ўтган 2017 йилда хўжалик фермерлари ҳудуд бўйича белгиланган шартномавий режани уддалай олмадилар. Бунинг ўзига хос сабаблари бор, албатта. Аччиқ ҳақиқатдан тўғри хулоса чиқарган деҳқонлар айни шу кунларда амалга оширилиши лозим бўлган дала юмушларини юқори агротехника талаблари даражасида ўтказишга интилаяптилар. Мақсад—кузда уюладиган катта хирмонга мустаҳкам пойдевор яратиш.

—Кўп йиллик тажрибалар маълумки, ҳосил салмоғи куз-қиш ойларида амалга оширилган ишларга боғлиқ,—дейди "Фахриддин-Руслан” фермер хўжалиги раҳбари Бахтиёр Кулиев.—Бободеҳқоннинг "Ер ҳайдасанг куз ҳайда, куз ҳайдамасанг юз ҳайда” деган ибратли нақлининг мағзини чақадиган бўлсак, унинг замирида қанчалар маъно мужассам эканлигини пайқаш қийин эмас. Ҳақиқатдан ҳам ер оби-тобида ҳайдалса, нафақат тупроқ унумдорлиги ошади, балки замин турли хил зараркунандалардан ҳам тозаланади. Ерга ҳайдовдан олдин минерал ва маҳаллий ўғитлар сочилса, тупроқнинг донадорлиги янада яхшиланади. Бу уруғнинг бақувват, баравж ривожланишини таъминлайди.

Ҳудудий фермерлар уюшмаси деҳқонлари ўтган йили йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш орқали кузги-қишки юмушларни ҳар жиҳатдан юқори сифатда ўтказишнинг аниқ тадбирларини белгилаб олганлар. Ҳозир сифатли шудгорланган майдонларда пол олиниб, шўр ювиш, яхоб бериш тадбирлари уюшқоқлик билан олиб борилаётир. Бу ишга жалб этилган 200 нафардан ортиқ ишчиларнинг унумли меҳнат қилишлари учун барча шароитлар яратиб берилган. Ажратилган сувдан унумли фойдаланилаяпти. Кунига 130-150 гектар майдонга яхоб суви берилаяпти.

Хўжалигимизни секин-аста кўп тармоқлиликка айлантириш тараддудидамиз, - дейди фермер Бахтиёр Кулиев. Ўтган йили 30 бош йирик шохли қорамол сотиб олдик. Айни пайтда улардан маҳсулот олишга киришганмиз. Ҳозирча ҳудуддаги болалар боғчасини сут билан таъминлаяпмиз. Келажакда сутни қайта ишлаш технологияси олиш ва маҳсулот турини кўпайтириш чораларини кўраяпмиз.

Уюшмага қарашли марказий ремонт устахонасидамиз. Бу ерда ҳам ишлар жойида 55 та чопиқ тракторлари сифатли таъмирланган. Уларга чигит экиш сеялкалари тақиб қўйилган. Экиш-тикишда ишлатиладиган бошқа турдаги техника воситалари, механизмлар ҳам мавсумга шай қилинган.

—Мавжуд машина ва механизмларни марказлашган ҳолда мавсумга ҳозирлаяпмиз,—дейди механитзатор Даврон Маллаев.—Эҳтиёт қисмлар, мойлаш ва бўёқлаш ашёлари етарли. Созловчи ва слесарлар учун иссиқ овқат, дам олиш шароитлари яратилган. Бу иш унумини ошираяпти. Эндиликда культиваторлар созловига киришганмиз. Уни ҳам қисқа муддатда якунлаймиз.

Устахонадан чиқиб дала айландик. "Шоҳруҳ-Фурқат” фермер хўжалиги даласидамиз. Яхоб суви қўйилган далалар денгиздек мавжланиб турибди.

—Ўтган йилни муваффақиятли якунладик,—дейди фермер хўжалиги раҳбари Ғанишер Унгалов. —37 гектар еримиз бор. Ярмига ғалла, ярмига чигит эккан эдик. Илғорлар тажрибасини ўз ишимизда қўллаганлигимиз боис ғаллазорларнинг ҳар гектаридан 55 пахта майдонининг ҳар гектаридан 35 центнердан хирмон кўтардик. Ерлар бироз шўрланган. Унумдорлиги паст. Шунга қарамасдан жамоамиз билан чинакамига меҳнат қилдик. Меҳнатимизга яраша 30 миллион сўмдан зиёдроқ соф даромадга эга бўлдик.

Фермер хўжалигида 6 нафар ишчи меҳнат қилади. Илҳом Тангиров, Достон Тайманов, Фарҳод Унгалов сингари ишчилар қишин-ёзин далада. Ўтган йил якунларига кўра ҳар бир ишчига меҳнатига қараб мукофот тариқасида 3 тоннагача ғалла берилди. Қилаётган меҳнатлари қадрланаётган ишчилар куч-ғайратларини аямасдан қиш кунларида ҳам далада жавлон ураяпти.

—Куз-қиш мавсумининг қурғоқчил ўтаётганлиги сув танқислигидан далолат,—дейди Ғанишер Унгалов. —Бу айниқса "Сўнгги қулоқ” ҳисобланмиш бизнинг уюшма ҳудудида яққол сезилиши турган гап. Шунинг учун бор имкониятларни ишга солиб, шўр ювиб, яхоб суви беришга жиддий эътибор қаратаяпмиз. Ҳозирдан ерда етарли миқдорда нам тўпланмаса, ғўза парвариши давомида қийналиб қолишимиз бор ҳақиқат.

Шўри ювилган, яхоб сувига қондирилган майдонларда ҳосилдорлик гектарига 5-6 центнергача ошиши аниқланган. Чўл ҳудудларида куз-қиш ойларида сизот сувлари ер остига чуқурроқ чўкиб, тупроқ таркибидаги туз юқорига кўтарилади. Ана шундай шароитда шўр ювиш, яхоб бериш, нам суви оқизиш тупроқнинг мелиоратив ҳолатини яхшилайди. Бу агротехник тадбир ерлар унумдорлигини ошишига, вегетация даврида ўсимликлар ривожини тезлаштиришга хизмат қилади.

 

Бекпўлат ТОҒАЕВ.

Суратда: "Қўнғирот-1” фермер хўжалиги иш юритувчиси Ўктам Собиров

ва сувчи Жамшид Элмуродовлар иш устида.

Муаллиф олган сурат.

скачать dle 10.6фильмы бесплатно
Вернуться назад