Регистрация    Войти
Авторизация

ИШГА СОЛИНМАГАН ИМКОНИЯТЛАР

Категория: Иқтисодиёт

Экспорт давлат тараққиёти ва аҳоли турмуш даражасини белгиловчи асосий омиллардан биридир. Шу маънода, мамлакатимиз раҳбарияти томонидан жаҳон бозорида ўз ўрнини топа оладиган рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва халқаро иқтисодий ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда. Чунончи, экспортчи корхоналарга солиқ ва бошқа тўловлар ҳамда чет элдан замонавий технологиялар, эҳтиёт қисмлар келтириш борасида имтиёзлар яратилаяпти. Зарурий коммуникация ва инфратузилмаларга эга эркин иқтисодий зоналар юзага келтирилиб, инвестиция муҳити қулайлаштирилаётир. Бу эса мамлакатимиз экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Мавзуни Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигининг вилоятимиздаги вакили Умид Нишонов билан суҳбатимиз давом эттиради.

Вилоятимизнинг экспорт имкониятлари кенгаймоқда, деб айта оламизми?

— 2016 йилда вилоятимиздаги 36 та корхона экспорт фаолияти билан шуғулланган. Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Литва давлатларига 38 миллион АҚШ доллари қийматидаги маҳсулот сотилган. Жорий йилнинг ўтган даврида қарийб 5 миллион АҚШ долларига 9 миллион 278 минг тоннадан ошиқ маҳсулот экспорт қилинди. Чунончи, 23 та саноат корхонаси томонидан гилам, тайёр трикотаж маҳсулотлари, калава ип, электротехника буюмлари, пахта момиғи, олтингугурт ҳамда оҳак ва шиша момиғи каби қурилиш маҳсулотлари хорижга чиқарилмоқда. Соҳада "Roison home white goods”, "Diamond karpet”, "Forish texstil groop”, "Ekoсlimat” каби йирик саноат қувватлари етакчилик қилаётир. Худди шундай 25 та қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан жами 70 минг тонна олма, узум, нок, беҳи, шафтоли, пиёз, карам, булғор қалампири, сабзи, помидор, қовун, ошқовоқ, мош, ловия, нўхат, ковул, музлатилган балиқ каби маҳсулотларни экспорт қилиш чоралари кўрилаяпти. Айтганча, бу йил экспортчи корхоналар сафига яна 18 та саноат қуввати қўшилди. 2017 йилда экспорт кўрсаткичини 63 миллион АҚШ долларига етказишни режалаштирганмиз. Мавжуд имкониятлар ҳамда қилинаётган саъй-ҳаракатлар соҳада сезиларли ўсишдан дарак беради.

 

— Ташқи савдо алоқаларини кучайтириш борасида қандай ишлар амалга оширилаяпти?

— 2017 йилда вилоятнинг экспорт географияси Ҳиндистон, Франция, Жанубий Корея каби давлатлар ҳисобига кенгайди. Шу ўринда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хорижга сотиш имкониятлари ортаётганлигини таъкидлаш жоиз. Бу йўналишдаги тадбирларда "Агроэкспорт” ташқи савдо компаниясининг вилоят вакиллиги фаол иштирок этаяпти. Жумладан, хориждан ҳамкорлар топиш, шартномалар тузиш, маркетинг ва консалтинг хизмати кўрсатиш борасида деҳқонларнинг яқин кўмакчисига айланган. Вилоятнинг Россия, Қозоғистон ва Қирғизистонда 13 та савдо уйи бўлиб, уларда ҳудудда ишлаб чиқарилган ва етиштирилган барча турдаги маҳсулотлар савдоси ташкил этилаётир. Жорий йил сўнггигача бир қатор давлатларда яна 5 та савдо уйини очиш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари тадбиркорларимизнинг маҳаллий ва халқаро савдо кўргазмаларида иштирок этишини таъминлаяпмиз. Мазкур тадбир халқаро келишувлар ҳамда шартномалар тузилиши учун асос бўлади.

— Ушбу жабҳада яна қандай ўзгаришлар амалга оширилмоқда, эътибор кучайтирилиши лозим бўлган бошқа йўналишлар ҳам борми?

— Шу йилнинг тўртинчи чорагида Ғаллаорол туманидаги Қўйтош конидан вольфрам олишга, вилоят марказида эса электр жиҳозлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган саноат қувватлари ишга туширилади. Ушбу корхоналарда тайёрланган маҳсулотларни экспортга йўналтириш кўзда тутилаяпти. Зомин, Бахмал, Фориш ва Ғаллаорол туманларидаги сўлим гўшалар, Айдар-Арнасой-Тузкон кўллар тизими, ҳудуддаги қадимий зиёратгоҳ ва қадамжолар хорижлик меҳмонларни янада кўпроқ жалб этиш — экотуризмни ривожлантириш имконини беради. Соҳа кучли реклама ва хизмат кўрсатиш сифатини оширишни тақозо этмоқда. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчи, сараловчи ва қадоқловчи корхоналарни ишга тушириш ҳамда ип калавадан кийим-кечак тайёрлаш билан боғлиқ ўнлаб йирик лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш яқин йиллар режасидан ўрин олган. Булар ҳаммаси экспортдан олинадиган фойда салмоғини оширишга хизмат қилади.

Алижон АБДУСАТТОРОВ суҳбатлашди.

скачать dle 10.6фильмы бесплатно
Уважаемый посетитель, Вы зашли на сайт как незарегистрированный пользователь. Мы рекомендуем Вам зарегистрироваться либо зайти на сайт под своим именем.